Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:21

Воронежда устига 13- қаватнинг девори қулаган икки ўзбек муҳожири ҳалок бўлди


13- қаватдан ўпирилган девор ерда ишлаётган ўзбек ишчилари устига тушган.
13- қаватдан ўпирилган девор ерда ишлаётган ўзбек ишчилари устига тушган.

Воронеждаги қурилишда ишлаган икки ўзбекистонлик ҳалок бўлди. Уларнинг ўлими юзасидан текширув маҳаллий прокуратура ва Тергов қўмитаси назоратига олинди.

Жасадлар Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Тошкентга юборилади.

Россиянинг Воронеж шаҳридаги қурилишлардан бирида 19 ноябрь куни Ўзбекистоннинг икки фуқароси ҳалок бўлгани юзасидан Россия Тергов қўмитасининг Воронеж вилояти бўйича бўлими томонидан Жиноят кодексининг 109-моддаси 3-қисми (Эҳтиётсизлик туфайли ўлимга олиб келиш) бўйича жиноят иши қўзғатилди ва тергов олиб борилмоқда.

Озодликнинг терговчилардан олган маълумотига кўра, эрталаб соат 11 ларда Воронеж шаҳрининг Шишков кўчасида қурилаётган объектнинг 13 қаватидан силикат ғиштдан қурилган девор ўпирилиб, пастда ишлаётган икки ўзбекистонлик устига тушган.

- Олинган жароҳатлар туфайли жабрланувчилар ҳодиса жойида жон берган. Тергов қўмитаси ходимлари ҳодиса жойини кўздан кечириб, суд экспертизаси тайинлади, гувоҳлардан кўрсатма олди, зарурий ҳужжатларни мусодара қилди. Терговчилар мазкур жиноятга олиб келган ҳатти-ҳаракатлар сабабларини ўрганмоқда, деди Воронеж шаҳри Марказий тумани бўйича тергов бўлими бошлиғи Валерий Смольянинов.

Ҳодиса жойида тергов ишлари олиб борилмоқда (Воронеж вилояти Тергов Қўмитаси фотоси)
Ҳодиса жойида тергов ишлари олиб борилмоқда (Воронеж вилояти Тергов Қўмитаси фотоси)

Шунингдек, тергов ишлари бориши Воронеж шаҳрининг Марказий тумани прокурори шахсий назоратида экани айтилди.

Ҳозирда “Партнёр” МЧЖ қураётган бу объектда ишлар вақтинчалик тўхтатилди ва текширув давом этмоқда.

Прокуратура олиб борилаётган ишлар қурилиш тартиблари ва қоидаларига қанчалик мослигини, объектдаги шароитларни текширувдан ўтказаётгани маълум.

Ўзбекистоннинг Россиядаги Элчихонаси Консуллик бўлими 19 ноябрь куни Воронеж шаҳрида қурилаётган объектда ҳалок бўлган 26 ва 29 ёшдаги Ўзбекистон гражданлари М. Р. ва С. К. эканини тасдиқлади.

"Элчихона Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхонаси билан биргаликда ҳамюртлар жасадларини ватанга жўнатиш учун консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалаларни ҳал этишда ёрдам бермоқда", дейилади хабарда.

XS
SM
MD
LG