Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:24

Узун туманидаги сотилган Ўлкашунослик музейи давлатга қайтариладиган бўлди


Узун туманидаги музей биноси
Узун туманидаги музей биноси

Сурхондарë вилоят, Узун туманидаги тадбиркорга сотилган Ўлкашунослик музейини давлатга қайтариш жараëни бошланди. Маданият вазирлиги матбуот хизматининг 27 май куни Озодликка билдиришича, “музей биносининг шубҳали тарзда сотиб юборилиш масаласини Маданият вазирлиги музейлар бошқармаси жиддий ўрганмоқда ва яқин орада музей давлатга қайтарилади”.

Жорий йилнинг 18 май - Музейлар куни меъмор ва қадимшунослардан иборат фаоллар музей биносининг сотиб юборилгани ва ичидаги экспонатларниг изсиз йўқ бўлгани юзасидан ўз хавотирини ижтимоий тармоқ орқали билдирган эди.

Сурхондарë вилоят хокимлиги мулозимлари Ўлкашунослик музейи биносининг шубҳали тарзда сотилгани ва экспонатларнинг изсиз йўқолгани ҳақидаги Озодлик саволига жавоб бера олмади.

26 май куни президент имзолаган «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорда музейлар ахамиятига урғу берилаган.

Ким ошди тарозисидаги музей

Озодликнинг ўрганишича¸ 1970 йилдан бери Ўзбекистон маданият вазирлиги балансида бўлган музей биноси 2015 йилда Узун туман ҳокимлиги балансига ўтказилиб¸ фойдаланилмай ëтган давлат мулки объекти сифатида 2020 йил январь ойида “E-AUKSION” электрон савдо платформаси орқали савдога чиқарилган.

Музей биноси
Музей биноси

Музей биноснинг савдога қўйилгани ҳақидаги эълон:

Музей сотилиш эълони
Музей сотилиш эълони

Эълонда сотувга қўйилган объект¸ музей биноси деб номланган ва 0106090 рақамли лот ўлароқ белгиланган. Эълонда музей биносининг дастлабки нархи 328394696 сўм қилиб белгиланган. Эълонга кўра¸ жорий йилнинг 25 январига қадар 1641973480 сўм закалат пули тўлаган одам аукцион савдосида қатнашиши мумкин. Сурхондарё вилоят ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича мажмуаси ходимининг 27 май куни Озодликка билдиришича, музей жорий йилнинг 27 январида ўтказилган аукционда сотиб юборилган. Озодликда бу олди- сотдига оид ҳужжат бор. Ҳужжатга кўра¸ Е 03 тартиб рақамли аукцион иштирокчиси музей биноси учун 37140677104 сўм таклиф қилиб кимошди савдоси ғолиби бўлган.

Музей биноси сотилгани ҳақида билдирги
Музей биноси сотилгани ҳақида билдирги

Озодлик билан норасмий суҳбатлашган Узун туман хокимлиги мулозими музей биносини сотиб олган Е 03 рақамли иштирокчининг Сурхондарëдаги махаллий МЧЖ вакили эканлиги ва аукцион қоидаларига кўра, исми очиқланмаслигини тушунтирди.

Мулозимнинг яна айтишича¸ тадбиркор музей биносини тўйхона ва ресторан қилиш борасида бизнес режага эга.

Музей талон- торож қилинганми?

Музей ичидаги экспонатлар
Музей ичидаги экспонатлар

Ўзини "Узун туман ҳокими ëрдамчиси Беҳзодман" деб таништирган мулозим музей сотилиши борасидаги саволларга жавоб бера олмаслиги ва музей билан боғлиқ барча ҳужжатларни вилоят хокимлигига жўнатганлигини айтиш билан кифояланди.

Сурхондарë вилоят хокимлиги мулозимлари музей биносининг шуб=али тарзда сотилгани ва мингдан зиëд экспонатнинг изсиз йўқолгани ҳақидаги Озодлик саволига жавоб бера олмади.

Озодлик тасарруфида музейнинг сотилишидан сал олдинги фотолари бор. Фотоларда ўзбекистонлик ва россиялик таниқли рассомлар асарлари¸ Сурхондарë тарихига оид қадимий кўза ва артефактлар кўзга ташланади.

Музейдаги асарлардан бири
Музейдаги асарлардан бири

Сурхондарë вилоят Маданий мерос бошқармаси ходимининг Озодликка айтишича¸ бино сотувга чиқарилган пайтда ичи бўм-бўш бўлган.

Ўзини Беҳзод деб таништирган Узун туман хокими ëрдамчиси Озодлик мухбирининг “Музей ичидаги мингдан зиëд экспонат қаерга йўқолди?” деган саволини ҳам жавобсиз қолдирди.

Музейни давлатга қайтариш учун президентнинг янги қарори асос бўлади

Президент қарори
Президент қарори

Ўзбекистон Маданият вазири маслаҳатчиси¸ вазирлик матбуот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаеванинг 27 май куни Озодликка айтишича “Совет конструктив меъморчилиги ва мозаика санъати намунаси ҳисобланган музей биноснинг уникаллиги ўрганиб чиқилиб¸ давлатга қайтариш имкони музейлар бошқармаси ходимлари тарафидан ўрганилмоқда”.

Мулозимага кўра¸ “Бинони очиқ аукционда сотиб олган тадбиркорнинг қонунуй ҳуқуқлари таъминланиши¸ у тўлаган сумма қайтарилиши кўзда тутилган”.

Маданият вазирлиги мулозими Узун туманидаги музей ва шу қатори фалаж ëтган бошқа ўнлаб музейлар фаолиятини қайта тиклаш жорий йилнинг 26 май куни президент имзолаган «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорда аниқ белгиланган.

“Бу муҳим ва қўлимизни узун қиладиган қарор кеча қабул қилинди. Пандемия бўлишига қарамасдан мамлакат президенти вақт топиб музейга бориб, музейнинг аҳамиятини мухимлигини ўз ўрнаги билан таъкидлаб кўрсатди. Жойлардаги музей қадрини билмай сотиб юборадиган махаллий рахбарларга яхши сигнал бу” деди вазирлик мулозимаси.

1970 йилда Шароф Рашидов Узун туманидагуии музейни очмоқда.
1970 йилда Шароф Рашидов Узун туманидагуии музейни очмоқда.

Шароф Рашидов очган музей

Ўзбекистон бошқарув тизимларида узоқ вақт ишлаган ва ҳозир нафақада бўлган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимининг исмини айтмасдан Озодликка билдиришича¸ музей коллекцияси бой бўлган:

“Коллекцияда Ўзбекистон халқ рассоми Рўзи Чориев асарлари бўлганини биламан. Бундан ташқари Москва¸ Ленинград ва Таллин шаҳарларидаги машҳур рассомлар Ўзбекистон ҳукумати ажратган маблағ ҳисобидан Сурхондарëдан урушга кетган ветеранларнинг портрет галереясини мойбўëқларда матога чизиб беришган. Расм ромлари эса махсус буюртма билан Литванинг Каунас шахридаги бадиий комбинатда тайëрланган эди. Бундан ташқари Сурхондарëнинг “Далварзинтепа ва эски Термиз ҳудудларида ўтказилган археологик қазишмалар чоғида топилган қадимий ашëлар ҳам музейдан ўрин олган эди”

Суҳбатдошга кўра¸ музей совет даври юксак андозаларига кўра¸ республика даражасидаги маданият маскани бўлган:

“Музей СССР музейлар бошқармаси рўйхатига кирган.Бу рўйхатга оддий туман даражасидаги музейлар кирмасди.Музейга ўша давр учун катта бўлган маблағ республика молия вазирлигидан мунтазам ажратиб турилган. Музейга СССР давридаги раҳбарлар¸ социалистик давлатлар делегациялари келиб музей хотира китобида ëзувлар қолдиришган. 1977 йили Уругвай компартияси лидери Арисменди музейга келганига гувоҳман. Бундан ташқари Афғонистон раҳбари Бабрак Кармал ҳам келган эди”.

Берлинни олган Омонов музейи

Озодлик тасарруфида музейнинг 1970 йилнинг май ойида очилиш тантаналари акс этган фотолар бор. Фотоларда Ўзбекистоннининг ўша даврдаги раҳбари Шароф Рашидов лента қирқаëтгани акс этган. Шунингдек, суратларда Узун туманидан урушга кетиб Берлингача борган¸ Берлин шахрининг фахрий ватандоши¸ Социалистик меҳнат қаҳрамони Ўзбекистон КП Марказий Қўмитаси аъзоси Бобомурод Омонов ҳам бор.

Музейга асос солган Омонов Берлинни ишғол қилган
Музейга асос солган Омонов Берлинни ишғол қилган

Озодлик суҳбатлашган собиқ мулозимнинг таъкидича¸ айнан Омонов музейни ташкил қилишни ўз қуролдош дўсти Шароф Рашидовдан илтимос қилган:

“Герой Бобомурод Омонов. Шароф Рашидовнинг қуролдоши бўлган. СССР даги донғи кетган агрокомплекслардан бирининг раиси эди .Айнан шу киши илтимосига кўра, Шароф Рашидов музей учун ноёб махсус проект ишлатиб, унда бой музей ташкил этган эди. Бинонинг ташқи томонида москвалик, грузиялик, душанбелик, болтиқбуйи республикаларидан таклиф қилинган монументалист рассомлар смальта материалидан хақиқий мозаика панноларини ишлаган эди. Шунингдек , музейнинг ичида хам ўша даврнинг энг таниқли рассомлари ишлаган рангтасвир , графика, ҳайкалтарошлик асарлари билан бойитилган эди. Подвал қисмида махсус фонд хоналарида урушдан келган қорахатлар сақланган эди”.

Музейдаги бу асарлар изсиз йўқолган
Музейдаги бу асарлар изсиз йўқолган

Ўзбекистон музейлари тарихидан яхши хабардор санъатшунос Абдумалик Турдиевга кўра¸ Узун туманидаги музей таназзули 1986 йилнинг октябрида бошланган:

“Пахта иши” ва “Қўшиб ëзиш” жиноятларида айбланган Омонов 1986 йил ҳибсга олинган кундан бошлаб музей таназзулга учради. Омонов Термиздаги Пахта завод қаршисидаги шаҳар турмасида сақланган. Сўроқлар пайтида 1987 йили жон берган. Шундан кейин перестройка пайтларида музей анча талон-торож бўлди. Кейинчалик анча йиллар музей ҳаражатлари маҳаллий бюджет бўйнига илиб қўйилган эди".

Ўзбекистонда 135 давлат ва 99 нодавлат музейлари фаолият юритади ва уларда 2 миллиондан ортиқ экспонатлар сақланади.

Музей ва галереялардан қимматбаҳо экспонат ё асарларнинг йўқолиб қолиши бир неча бор қайд этилган.

XS
SM
MD
LG