Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:23

Юлдуз Усмонованинг концертлари қолдирилиши аномал иссиқ билан изоҳланди


Юлдуз Усмонованинг мамлакат бўйлаб турнесида унга қизиқчи Обид Асомов ҳамроҳлик қилмоқда. Сурат Усмонованинг Инстаграмидан олинди.
Юлдуз Усмонованинг мамлакат бўйлаб турнесида унга қизиқчи Обид Асомов ҳамроҳлик қилмоқда. Сурат Усмонованинг Инстаграмидан олинди.

Таниқли қўшиқчи Юлдуз Усмонованинг қизиқчи Обид Асомов билан ҳамкорликдаги мамлакат бўйлаб турнеси вақтинча тўхтатилди. Усмонованинг Наманган ва Бекободдаги концертлари ҳам қолдирилди.

Усмонованинг вакилидан олинган маълумотга кўра, сўнгги икки кундаги концертлари давомида бир неча томошабин иссиқдан хушини йўқотиб, касалхонага тушган. Шу боис мутасаддилар концертларни қолдиришга қарор берган.

“Юлдуз Усмонова Наманган халқидан узр сўрасин!”

22 июль куни Наманган шаҳридаги “Навбаҳор” стадионида ўтказилиши режаланган қўшиқчи Юлдуз Усмонованинг концерт дастурига чипта олган томошабинлар шу куни ўйингоҳ олдидан қайтарилди.

Озодликка бир гуруҳ наманганлик номидан йўлланган мактубда ёзилишича, томошага келганларга концерт қолдирилгани айтилган, бироқ сабаби тушунтирилмаган:

“Бир неча ойдан бери Юлдуз Усмонова концертини реклама қилишди. Лекин бугун бўлиб ўтадиган концерт номаълум сабабларга кўра тўхтатилди. Юлдуз Усмонова Наманган халқини алдади, сотилган чипта пуллари мухлисларга қайтарилмаяпти. 40 -45 градус иссиқда келган ёши катта онахонлар, болалар сарсон бўлишди. Юлдуз Усмоновага мурожаатимиз, Наманган халқидан узр сўрасин, чипталар пулини қайтариб берсин ва халқни бошқа алдамасин”, дейилади бир гуруҳ наманганлик номидан 22 июль куни Озодликка келган мактубда.

Озодлик боғланган наманганликларга кўра, ўша куни Усмонованинг концерти қолдирилганидан бехабар қолган чиптали томошабинлар чекка қишлоқлардан келиб, овора бўлиб, қайтиб кетишган.

“Концерт қолдирилгани айтилмаган. ИИБда ишлайдиган танишимнинг айтишича, уларни концерт пайти тартибни сақлаш учун кеча соат 15:00га чақиришган ва боришса, концерт қолдирилганини айтишган. Марказдан олисда жойлашган туманлардан ёши катта онахонлар концертга келишган. Кейин норози бўлиб қайтиб кетишди”, дейди исмини очиқлашни истамаган наманганлик.

“Андижондаги концертда олти киши касалхонага тушди”

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова жорий йил 8 июлидан бошлаб мамлакат бўйлаб концерт турнесини бошлаганди. “Сен ва мен учун” деб номланган концерт дастурида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, қизиқчи Обид Асомов Усмоновага ҳамроҳлик қилмоқда.

Усмонова концертлари ташкилотчиларидан олинган маълумотга кўра, 22 июль куни Наманганда ва 23 июлда Бекободда ўтказилиши режаланган иккита концерт қолдирилган.

Ўзини “Усмонованинг агенти” деб таништирган йигитнинг айтишича, Фарғона ва Андижондаги концертлар пайти томошабинлар орасида иссиқ туфайли ҳушидан кетиб қолганлар кўп бўлгани боис концерт дастурларини ҳозирча тўхтатиб туришга қарор қилинган.

“Ўзи 21 июль куни Андижонда ўтган концертни қолдирмоқчи эдик. Сабаби 20 июль Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” ўйингоҳида ўтган концерт пайти иссиқ сабаб томошабинлар орасида бир неча кишининг соғлиги ёмонлашиб қолди. Андижонда вазият янада ёмонроқ бўлди. Ёши катта томошабинлардан олти киши ҳушидан кетиб қолди. Скорий чақириб, касалхонага олиб кетишди. Концерт соат 8да бошланади. Лекин узоқ қишлоқлардан келадиганлар соат 4дан уйидан чиқаяпти. Иссиқ чидаб бўлмайдиган даражада. Биз ўзимизни эмас, одамларни ўйлаб концертларни қолдирдик”, - деди “Усмонованинг агенти”.

“Ўзбекконцерт” бирлашмаси матбуот хизмати раҳбари Давронбек Шукуров Юлдуз Усмонова концертларининг қолдирилишига аномал иссиқ сабаб бўлганини тасдиқлади.

Юлдуз Усмонованинг Наманган ва Бекободдаги концертлари сентябрь ойига қолдирилган: 2 сентябрда Наманганнинг “Навбаҳор” стадионида, 3 сентябрь куни эса Бекободнинг “Металлург” стадионида ўтиши режаланган.

Концерт ташкилотчиларига кўра, чипта олган томошабинлар хоҳласа чипта пулини қайтариб олиши ёки сентябрь ойидаги концертларга бориши мумкин:

“Чипта пулини қайтармаслик ҳолати бўлмади. Бошида одам тўпланиб қолган пайти, балки пулини ололмасдан қайтиб кетгандир. Лекин ким ҳоҳласа пулини қайтариб олаяпти. Хоҳласа, шу чипта билан сентябрдаги концертга келсин. Ҳеч бирига муаммо йўқ”,- деди концерт ташкилотчиларидан бири.

Унинг айтишича, концерт қолдирилгани ҳақида бир кун аввал Интернет орқали хабар берилган.

Озодлик Юлдуз Усмонованинг расмий сайтидан ва Facebоokдаги саҳифасидан бу ҳақдаги эълонни топа олмади. Фақат концерт бўладиган куни - 22 июль соат 10:27да Юлдуз Усмонованинг Телеграмдаги расмий саҳифасида концерт дастурлари қолдирилгани ҳақида хабар берилган.

Ушбу саҳифанинг 54000лик фолловери бўлиб, уларнинг неча нафари наманганлик томошабин экани бизга номаълум. Қишлоқ жойларида Интернет муаммоси борлиги эса маълум. Ташкилотчилар бу томонларини ўйлаган ёки йўқми - бу савол очиқ қолмоқда.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Юлдуз Усмонова концертлари бошланишидан бир неча кун аввал мамлакатда 19-23 июль кунлари аномал иссиқ бўлиши, ҳаво ҳарорати 45 даражага кўтарилишини эълон қилиб, заруратсиз кўчага чиқмасликдан огоҳлантирган эди.

Нима сабабдан концерт ташкилотчилари ФВВнинг ушбу огоҳлантирувига аввалдан амал қилмагани номаълум. Усмонова концертлари ташкилотчилари бу саволимизни жавобсиз қолдиришди.

XS
SM
MD
LG