Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:24

Ислом Каримовнинг Жанубий Кореяга сафаридан мақсад нима?


28-30 март кунлари Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Жанубий Кореяга сафар қилади. Сеулдаги музокаралар марказида иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масаласи бўлиши айтилмоқда.

Жанубий Корея президенти матбуот котиби сўзларига кўра, Корея айни пайтда Ўзбекистоннинг табиий захираларини ўзлаштириш бўйича қўшма корхоналар ташкил этишга қизиқиш билдирмоқда.

Айрим таҳлилчилар И.Каримовнинг бу сафари мазкур давлатлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларда пасайиш кузатилаётган вақтга тўғри келганини айтяпти.

Телесериаллар ва ўзаро ҳамкорлик

Жанубий Корея телесериаллари Ўзбекистон телевидениесида қайта-қайта намойиш этилади. Ўзбекистонликларнинг аксари Кореядаги ҳаёт борасида қандайдир тассавурга эга.

Ўзбекистонда корейслар билан ҳамкорликда ташкил этилган қўшма корхоналарнинг асосий ишчи кучи маҳаллий аҳоли ҳисобланади. Баъзилар Кореянинг ўзига ҳам бориб ишласа, баъзилар у ердан турли маҳсулотлар олиб келиб, Ўзбекистон бозорларида сотади. Ҳамкорликда Ўзбекистонда автомобиль саноатига асос солган, замонавий тўқимачилик корхоналари барпо этган Жанубий Корея ушбу мамлакат иқтисодиётига энг кўп сармоя ётқизган давлатлардан бири ҳисобланади. Жанубий Корея статистик хизмати маълумотларига кўра, Кореянинг Ўзбекистонга киритган жами сармояси ҳажми 1 миллиард АҚШ долларидан ошган.

Ўзаро алоқалардаги муаммолар

Ўзбекистонлик собиқ дипломат ва иқтисодчи Алишер Таксановнинг фикрича, икки давлат алоқаларида муаммолар ҳам мавжуд.

“Жанубий Корея Ўзбекистоннинг эски айбларини эсламаслигига умид қилиб, Сеулга ҳукуматнинг бошқа аъзолари эмас, шахсан президент Каримов боряпти. Бугун И.Каримовнинг борадиган жойлари ҳам кўп эмас. Аммо бу ташрифдан кўп нарса кутмаслик керак”, - дейди А.Таксанов.

А.Таксанов сўнгги бир неча йил мобайнида Кореянинг йирик бизнесини Ўзбекистонни тарк этишга мажбур қилган маҳаллий ҳукумат сиёсатига ишора қилади.

“Ўзбекистонда қайта ишланган тола экспортининг 30 фоизини берадиган “Кобул текстайлс” компанияси инқироз ёқасига олиб келиниб, компанияни қарзга ботирган Ўзбекистон Миллий банки уни суд орқали ўзлаштирди. Компания бош директори Дон Канг корхона улардан тортиб олинганидан шикоят қилиб, Жанубий Корея ҳукуматига ариза йўллаганди. Айни пайтда бундай ҳодисаларни эшитган кореялик сармоядорларнинг Ўзбекистонга келиши қийин”, - деди А.Таксанов.

Компания раҳбари Дон Кангнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукумати солиқ, сармояларга оид тартиб ва қонунларни тез-тез ўзгартириб туради. Ҳукумат сиёсати нақадар ишончли экани ҳам катта муаммодир. Ўзбекистонга ҳеч ким сармоя киртишни истамайди.

“Кўпчилик бу ерда компанияларини йўқотди. Бизнинг ширкатимиз ҳам олиб қўйилди. Биз бу борада Корея ҳукуматига норозилик билдирдик”, -деди Д.Канг.

Ўзбекистон бозоридан мамлакатдаги энг йирик “ЎзДЭУавто” Жанубий Корея-Ўзбекистон қўшма корхонаси ҳам чиқиб кетди. Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги йирик “Юнител” мобил алоқа компаниясининг барча акциялари Россия ишбилармонларига сотилди.

Кореянинг “ДЭУ груп” корпорацияси мамлакатдаги иштирокини тобора чеклаб бормоқда. Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги деярли барча компанияларига хизмат кўрсатган “ЎзДЭУ” банки ҳам ҳозир кореяликларга тегишли эмас.

Умидлар

“ЎзДЭУ” банки ходимаси Шаҳноза Пирнафасованинг айтишича, айни пайтда Ўзбекистон президентнинг Жанубий Кореяга сафари билан боғлиқ кўплаб умидлар мавжуд.

“Ташқи иқтисодий алоқалар, савдо ва инвестиция ҳамда Молия вазирликлари томонидан президентнинг Кореяга сафари билан боғлиқ жуда катта лойиҳалар берилган. Ўзбекистон ҳукумати Кореяга катта умидлар билан бормоқчи. Бугунги кунда Ўзбекистонда Жанубий Корея компаниялари очиляпти. Лекин кўп иш ўринлари ташкил этадиган компаниялар эмас, фақатгина ўз даромадини ўйлайдиган кичик ширкатлар келяпти, холос”, - деди банк ходимаси.

Осиё Ўзбекистонни қутқарадими?

Ўзбекистон ҳукумати йирик сармояларга ташна бўлган мамлакат иқтисодиётига сармоя жалб қилиш учун Жануби-шарқий Осиё томон юзланмоқда.

Ғарб билан муносабатлар таранг бир вазиятда яқинда Жаҳон банки Ўзбекистондаги дастурларини қисқартиришини эълон қилди. Европа тикланиш ва тараққиёт банки эса худди шу қарорга аллақачон келган эди.

Ушбу йуқотишни тўлдириш учун Россия ҳамда Жануби-шарқий Осиё давлатлари яна Ўзбекистон ҳукуматининг кун тартибига чиқди.
XS
SM
MD
LG