Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:26

Мустақил журналистларга қарши иғволар


Яна бир журналист ўзига нисбатан Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан турли иғволар уюштирилаётганини даъво қилмоқда. У Марказий Осиёда таниқли Интернет-журналист Алишер Таксановдир.

4 апрель куни “ЦентрАзия” сайтида А.Таксанов номидан “Адолат посбонлари ёки Ўзбекистондан чиқиш визасини олиш учун тўланадиган нафақа” сарлавҳали мақола чоп этилди.

Мазкур мақолада Ички ишлар вазирлиги мулозимларидан бири 100-150 доллар пора эвазига мамлакатдан чиқиш визасини тўғрилаб бериши айтилади.

Сал вақт ўтгандан кейин А.Таксановнинг ўзи бундай мақола ёзганини инкор қилди ва уни фитна ўлароқ баҳолади.

“Мен фактларим бўлмаган нарса ҳақида ҳеч қачон ёзмайман. Табийки, бу мақоладан кейин прокуратура мени туҳмат ва ҳақорат қилиш банди билан айблаши мумкин. Афтидан, менга нисбатан жиноят иши қўзғатиб, овозимни ўчиришмоқчи”, - деди А.Таксанов.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти Ўзбекистондаги хорижий ва мустақил журналистларга қарши иғволар кўпайиши эҳтимолларидан огоҳлантирмоқда. Ташкилот вакиласи Анабелла Арки айни пайтда мустақил, айниқса, хорижий журналистлар ҳукуматнинг нишонига айланганини таъкидлади.


“Шубҳасиз, ҳукумат ахборотни кўпроқ назорат этишни ва мустақил журналистларга кўпроқ босим ўтказишни истайди. Айни пайтда журналистларга нисбатан фитналарнинг кўпайиш эҳтимоли жуда кучли экани аниқ. Бугунги кунда Ўзбекистонда ишлаётган журналистлар террорчиликда ҳам айбланишлари мумкин”, - деди А.Арки.

Журналист Алишер Таксанов сўнгги кунларда ўзини иғво қурбонига айланганини билдирган иккинчи журналистдир. Бир муддат аввал “Немис тўлқини” радиоси мухбири Наталья Бушуева Ўзбекистон махсус хизматлари унинг исмини қоралаш амалиётини олиб бораётганини айтган эди.

Жинсий хизмат кўрсатиш таклиф этилган ҳамда Н.Бушуеванинг исми ва телефон рақами битилган эълонлар Тошкент шаҳри кўчалари ва Интернет саҳифаларда пайдо бўлиши Натальяни хавотирга солди.

“Хориж ОАВ журналистларининг аккредитациясиз ишлаши тақиқлангани сўнгги ойда юз берган даҳшатли воқеадир. Бу ҳам етмагандек, улар бундай журналистларни энди халқ кўз ўнгида ёмонотлиқ қилишмоқчи. Уларни фоҳишалик қиладиган, Ўзбекистон халқининг ҳақиқий орзу-умидларини ҳимоя қилмайдиган журналистлар сифатида кўрсатишмоқчи”, - деди Н.Бушуева.

А.Таксановнинг фикрича, айни пайтда Ўзбекистондаги мустақил журналистларга қарши ҳаракатлар мамлакатдаги президент сайловидан анча аввал танқидларни камайтиришга қаратилган кампаниядир.
XS
SM
MD
LG