Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:28

Андижон - фожеами ёки террорчилик амалиёти?


Россия Федерация кенгаши раиси Сергей Миронов Ўзбекистонга икки кунлик расмий сафарини якунлар экан, Андижон фожеасини “узоқ мақсадларни кўзловчи террорчилик ҳаракати”, деб атади.

Унинг сўзларига кўра, Андижон воқеаларининг ташкилотчилари “нафақат Марказий Осиё, балки Россияга ҳам зарба беришни мақсад қилиб қўйган”. Шу боис, Ўзбекистон ҳукуматининг кескин чоралари “ушбу террорчилик амалиётини тўхтатишнинг ягона йўли эди”.

Йил бошида президент Владимир Путин ҳам шунга ўхшаш баёнот билан чиққанди.

“Ўзбекистонда, хусусан, ушбу шаҳардаги (Андижондаги) вазиятни ёқиб юборганлар кимлигини, қаердан эканини яхши биламиз. Бизга Марказий Осиёда иккинчи Афғонистон керак эмас”, - деганди В.Путин.

С.Мироновнинг Андижондаги хатти-ҳаракатлари учун Ўзбекистон ҳукуматини қўллаб-қувватлаши нақадар самимий?

С.Мироновнинг матбуот котиби Владимир Ерёменко ўз раҳбарининг самимийлигига шубҳа қилмаслигини билдирди.

“Жаноб Миронов вазиятни таҳлил қилиб, Андижондаги воқеаларни аксилтеррорчилик амалиёти, деб айтди. У президент Каримов билан учрашди ва ўзининг бу хулосаси қанчалик тўғри эканига яна бир бор гувоҳ бўлди”, - деди В.Ерёменко.


Афтидан, С.Мироновнинг баёноти ҳам расмий Тошкент ҳам Москванинг муштарак қарашлари ифодасидир.


Анджондаги қонли воқеалар, айрим кузатувчилар фикрича, Москва учун Ўзбекистон дарвозаларини очиб берди. Бошқа томондан ушбу стратегик жиҳатдан аҳамиятли минтақадаги АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатларининг иштирокини кескин камайтирди.

Москвалик журналист Санобар Шерматова Россияга бундай имкониятни очиб берган Андижон воқеалари Россия учун “совғадек туюлиши мумкин”лигини яширмади.

“Россия парламенти мулозимлари Ўзбекистонда мутлақо бўлмаган. Уларга йўл ёпиқ эди. Ёдимда, бир неча йил аввал Россия парламентининг МДҲ бўйича қўмитаси қандай қилиб Ўзбекистонга бориш ҳақида бош қотириб ўтирарди. Бу эса икки давлат бир-биридан қанчалик узоқда бўлганини кўрсатарди”, - деди С.Шерматова.


Ўтган йил ноябрда Россия билан Ўзбекистон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланди. Бир неча ой аввал Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо бўлди. Айрим сиёсатчиларнинг таъкидлашича, Москва ва Тошкентда ўзаро муносабатларни ривожлантириш минтақани демократик инқилоблардан асраб қолишнинг ягона йўли сифатида қаралади.

Сўнгги 5 ой давомида Ўзбекистонга Россия Федерациясидан 14 расмий делегация келди. Андижон воқеалари борасида Ўзбекистон ҳукуматини қўллаб-қувватлаш Россия расмийларининг Ўзбекистон ҳукуматига “саломи” сифатида янграйди.

Атиги 4 йил аввал америкалик мартабали давлат арбобларининг Ўзбекистонга чексиз ташрифлари ҳам АҚШ ҳаво базасини жойлаштиришга рухсат берган президент Ислом Каримовга миннатдорлик изҳор этишдан бошланар эди.
XS
SM
MD
LG