Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:37

Тео ван Бовен: “Алматов ишида гувоҳ сифатида қатнашишга рози бўлардим”


2002 йилда Ўзбекистонда бўлиб, у ердаги қийноқлар бўйича вазиятни ўрганган БМТнинг махсус маърузачиси, ҳозир Маастрихт университетида ҳуқуқшуносликдан дарс ўтаётган профессор Тео ван Бовен “Озодлик” мухбирига интервью берди.

Суҳбатдаги асосий мавзуларидан бири Германия федерал прокурорининг Ўзбекистоннинг эндиликда собиқ ички ишлар вазири Зокир Алматовга нисбатан жиноят иши очишни рад қилгани борасида бўлди. Федерал прокурор бу жиноят ишини очмаслик сабаблари сифатида ишнинг истиқболи йўқлиги, унда ҳеч ким кўрсатма бермаслигини айтганди.

Аммо “Ҳьюман райтс уотч” ва бошқа халқаро ташкилотлар З.Алматовнинг жиноятларини тасдиқловчи гувоҳликларни берадиган одамлар Ўзбекистон ташқарисида кўплаб топилишини таъкидлаганди. Тео ван Бовен шундайлардан биридир.

Т.ван Бовен: Аввало, шуни айтишим керакки, билишимча, Германияда даволанган Алматов жаноблари унга нисбатан жиноят иши очиш чақириқларидан олдин Германияни тарк этган. Нима бўлганда ҳам, Германия прокурори Алматовга нисбатан иш очганида гувоҳ сифатида қатнашишга рози бўлардим.

Мухбир: Гувоҳ сифатида нималарни гапириб берган бўлардингиз?

Т.ван Бовен: Саволингизга жавоб беришдан олдин бир гапни айтмоқчиман. Германия умумжаҳон юриспруденцияси, деб номланувчи тизимнинг ашаддий тарафдорларидан бири эди. Халқаро жиноятлар судини жорий этиш музокараларида, хусусан, 1988 йилда Римдаги машҳур анжуман пайтида ҳам Германия делегацияси халқаро жиноят суди халқаро жиноятчилар ишини умумжаҳон юриспруденциясига таяниб кўриши лозимлиги ғоясини илгари сурган энг фаол ва энг прогрессивлардан эди. Бундан ташқари, Германия умумжаҳон юриспруденция тизимини жорий этган мамлакатлардан ҳисобланади. Зокир Алматов масаласида эса Германия федерал прокурори умумжаҳон юриспруденциясига зид равишда қарор қабул қилганидан ҳафсалам жуда пир бўлди. Энди сизнинг саволингизга келсак, мени Зокир Алматов ишига гувоҳ сифатида чақирадиган бўлишса, БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси лавозимида 2002 йилда Ўзбекистонда ўтказган текширувимдаги хулосаларни тақдим этган бўлардим.

Мухбир: Куни-кеча Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги мамлакатга ташрифингиздан кейин ҳозирлаган ҳисоботингиздаги 22 тавсиядан 20 тасини амалга оширгани ва бугун Ўзбекистонда қийноқлар йўқлиги ҳақида баёнот берди. Ўзбекистон қамоқларидаги вазиятни шахсан кўрган киши сифатида бу ҳақда нима дея оласиз?

Т.ван Бовен: Охирги пайтларда Ўзбекистондаги воқеаларни яқиндан кузата олганим йўқ. Ўтган йили Андижондаги хунрезликдан хабарим бор, албатта. Ҳозирги кунгача қийноқлар борасида туб ислоҳотлар амалга оширилдими-йўқми, билмайман. Лекин Ўзбекистонга борганимда қийноқларни қўллаш жамиятда ва давлат сиёсатида чуқур илдиз отганини кўрдим. Албатта, Ўзбекистонда қийноқларга чек қўйилганини билсам, жуда хурсанд бўлардим. Лекин Андижон воқеаларидан кейин ҳукумат репрессив чораларини кучайтирганини инобатга олсак, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган туб ислоҳотлар ҳақиқатан ҳам амалга оширилганига шубҳаларим бор.

Мухбир: Жаноб ван Бовен, Ўзбекистон қамоқхоналарига борганингизда қийноққа солинган маҳбуслар билан гаплашганмисиз?

Т.ван Бовен: Ҳа, гаплашганман. Ҳисоботимга илова қилинган ҳужжатларда қийноққа учраган ўнлаб кишиларнинг ҳикояларини кўришингиз мумкин. Бу ҳужжатларда фақатгина ўз ҳикояларини эълон қилишимизга розилик берган маҳбусларнинг бошдан кечирган қийноқлари берилган. Лекин ҳикояларининг ошкор этилишига розилик бермаган бошқа кўплаб маҳбуслар билан ҳам гаплашганман. Уларнинг ҳаммаси қийноққа солингани ҳақида гапириб берган. Шунинг учун Ўзбекистонда қийноқлар мунтазам тус олган, деган хулоса берган эдим.
XS
SM
MD
LG