Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:16

Каримов ҳукумати мажбуриятларни бажаришга қодирми?


Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти давлатлари парламентлараро ассамблеясининг 26 май куни Минскда бўлиб ўтган мажлисида илк бор ташкилотнинг янги аъзоси бўлмиш Ўзбекистон вакиллари иштирок этди.

Россия Давлат думаси раиси Борис Гризлов ҳамжамият таркибининг кенгайиши иқтисодиётнинг самарали ишлашига ёрдам бериши ҳақида айтди.

Аммо сиёсатчилар Ўзбекистон бу тузилма доирасида иқтисодиётни ва интеграцияни кун тартибига қўйганига шубҳа билан қарамоқда.

Ўзбекистон ташкилотнинг барча мажбурий ҳужжатларини қабул қилиши шубҳа остида бўлса, уларни қабул қилиб бажармаслиги ҳақида шубҳалар камроқ.

Гарчанд расмийлар инкор қилса ҳам Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзолиги борасида жиддий хавотирлар бор.

Айрим таҳлилчилар Ўзбекистон ташкилот шартларини, яъни йил охирига қадар 70 шартномани қабул қилишга қодир эмас, деб ҳисоблайди.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Сергей Ежковнинг фикрича, Ўзбекистон бу ташкилотга фақат сиёсий манфаат юзасидан аъзо бўлган.

“Бу давлатни Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан интеграция қизиқтирмайди. Ўзбекистон яқин қўшнилари билан мураккаб муаммоларга эга бўлиб қолаверади. Ислом Каримов бу ташкилот ҳақида гапираётганида Россия билан яқинлашишдан ўзга ҳеч нарсани назарда тутмайди”, - дейди Сергей Ежков.

Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятининг асосий мақсади аъзо давлатлар ўртасида умумий бозорни шакллантиришга кўмак кўрсатишдир.

Ўзбекистон йил охирига қадар ўз қонунчилигини аъзо давлатлар билан эркин савдо ҳудудига мослаштириши, мавжуд виза тартибларини бекор қилиши (Ўзбекистон Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари учун виза тартибини бекор қилмаган), божхона тарифларини мувофиқлаштириши, яна кўплаб иқтисодий ва ижтимоий соҳаларига оид ислоҳотларини амалга ошириши лозим.

Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти матбуот котиби Владимир Никоноровнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукумати ушбу ислоҳотларини амалга ошира олишга тайёрлигини намойиш этди.

“Бугунги кунда Ўзбекистон ўз мажбуриятларини бажармаслиги борасида ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ. Ўзбекистонга январь ойида берилган муддатнинг тугашигача ҳали анча вақт бор. Ўзбекистоннинг ушбу масалага ёндашуви жиддийлигига қараб баҳо берадиган бўлсак, барча шартлар ўз вақтида бажарилиши ҳақида гапиришга асос бор”, - деди В.Никоноров.

Ўзбекистоннинг бу ташкилотга аъзо бўлиши Андижон воқеаларидан сўнг Ғарб давлатлари танқидларидан сиёсий бошпана олиш мақсадида қилинган қадам сифатида баҳоланади.

Ғарбнинг донор давлатлари билан иқтисодий алоқалар кўлами кескин камайгандан сўнг Ўзбекистонда сармоя тақчиллиги вужудга келгани айтилади.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсум Тошбоев Ўзбекистон ушбу муаммони Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти доирасида Россия ва Қозоғистон ҳисобига ҳал этишга интилаётганини таъкидлайди.

“Ташкилот доирасида Евроосиё тараққиёт банки ташкил этилган. Шуниси аёнки, Ўзбекистон сармоя тақчиллиги муаммосини шу банк ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилотлари орқали ҳал этмоқчи”, - дейди Д.Тошбоев.

Сўнгги йилларда Россия ва Қозоғистон ўртасидаги иқтисодий интеграциянинг ривожланишида мазкур ташкилотнинг муҳим рол ўйнагани айтилади. Бироқ Лондондаги иқтисодий тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Ана Уолкер ташкилот Ўзбекистон мисолида бир хил самара бермайди, деган фикрда.

“Авваламбор, бу жуда кучли иқтисодий ташкилот эмас. Бошқа томондан, Қозоғистон ва Россия иқтисодиёти анча очиқ мамлакатлардир. Ўзбекистон сиёсатида эса очиқ иқтисодиёт томон бирор нишона кўринмайди. Шунинг учун ҳам ташкилотга аъзолик Ўзбекистон учун ҳеч қандай самара олиб келмайди”, - дейди А.Уолкер.


Ўзбекистон 2006 йил 25 январда Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига расман аъзо бўлганди.
XS
SM
MD
LG