Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:16

ШҲТ террорчиларга қарши курашда барча воситалардан фойдаланилади


“Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳудуди экстремистлар учун яшириниш имконини бермайдиган… ерга айланди. Бу ерда террорчилик ташкилотларига қарши барча воситалар ишга солиняпти”.

ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси раҳбари Вячеслав Қосимов ИТАР-ТАСС ахборот агентлигига берган интервьюсида шундай баёнот берди.

Унинг маълум қилишича, 2005 йилда ШҲТ давлатлари ҳудудида 263 террорчилик ҳужумининг олди олинган ва экстремистларнинг жами 15 раҳбари зарарсизлантирилган.

В.Қосимов ШҲТга аъзо давлатларда экстремизмни қашшоқлик, ғоявий вакуум ёки ҳукумат қатағонлари келтириб чиқараётгани борасидаги даъволар нотўғри эканини таъкидлади.

“Ушбу жаҳаннам конвейерини ҳеч қандай муроса қилмасдан, фақат куч билан бостириш мумкин”, - дейди у.


В.Қосимов ШҲТнинг террорчиликка қарши қатъий кураши Ғарб томонидан доимо ҳам қўллаб-қувватланмаслигидан афсус билдирди.

У Андижондаги қонли воқеаларни тилга оларкан: “Биз реал чораларга ўтганимизда ҳаддан зиёд куч ишлатилгани ҳақида жар солишади. Аниқ нарсалар юзасидан халқаро комиссия терговини талаб қилишади”, - дейди.

Минтақавий аксилтеррор тузилма ШҲТнинг бир қаноти бўлиб, 2002 йилда ташкил этилган ва унинг қароргоҳи Тошкентда жойлашган.

Кузатувчилар фикрича, ШҲТ ва унинг аксилтеррор тузилмаси амалий фаолият кўрсатганича йўқ. Аммо ташкилотнинг террорчиликка қарши кураш хусусидаги баёнотлари етакчи инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан хавотир билан қабул қилинмоқда.

14 июнь куни “Ҳьюман райтс уотч” ШҲТга аъзо давлатларни тинч норозиликларни террорчиликка қарши курашиш ниқоби остида бостирмасликка чақирди.

“ШҲТга аъзо давлатлар сиёсий қатағонларни терроризмга қарши кураш ниқоби остида яшираётгани борасида етарлича далилларимиз бор”, - дейди ташкилот вакиласи Алисон Гилл.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Светлана Ортиқова эса бу каби даъволарни рад этар экан, “Бош прокуратура террорчиликка қарши кураш чоғида бегуноҳ фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаётгани”ни қўшимча қилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон қамоқхоналарида ноқонуний диний-сиёсий фаолиятда айбланиб қамалган минглаб маҳбус мавжудлиги маълум.

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботларига кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарида 6 минг атрофида виждон тутқини бор. Маҳаллий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Ўзбекистон қамоқхоналарида 20 минггача мусулмон диндор маҳбус борлигини айтиб келади.

МАТ раҳбари Вячеслав Қосимов ўз интервьюсида Ғарб давлатларини ўзбекистонлик диндорларга сиёсий бошпана беришда ҳам айблаган.

Айни пайтда Ғарбда сиёсий қочқин сифатида эътироф этилган ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон Назаров ШҲТ давлатларида террорчиликка қарши кураш собиқ Совет Иттифоқидан сарқит ўлароқ қолган усуллар асосида олиб борилаётганини айтади.

“Улар ўзларининг башарасини кўрсатяпти. Улар ўзларининг синдирувчи, қийноққа солувчи ва ўлдирувчи орган эканини оғзи билан тасдиқламоқда”, - дейди О.Назаров.

Москвалик хавфсизлик масалалари бўйича мутахассис Павел Фельгенгауэр бугунги кунда ШҲТ ҳудудига террорчилик жиддий хавф солмайди, деб ҳисоблайди. Аммо, унинг таъкидлашича, айнан Марказий Осиёдаги авторитар тузумлар сиёсати экстремизмнинг пайдо бўлишига хизмат қилмоқда.


“Коррупция оммавий тус олган, одамлар абгор ҳаёт тарзини кечирмоқда. Исломчи гуруҳлар учун бу жуда қулай шарт-шароитдир. Бу борада ерни қатрон этиш сиёсати ёрдам бермайди, биринчи галда, одамларнинг турмушини яхшилаш керак”, - дейди П. Фельгенгауэр.


Жорж С. Маршал марказининг терроризм ва хавфсизлик тадқиқотлари дастурлари директори Ник Плат фикрича, глобал аксилтеррор коалиция таркибига кирган ШҲТ давлатлари террорчиликка қарши кураш масаласида АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатлари билан турлича қарашга эга.

“ШҲТ таркибидаги айрим давлатлар террорчиликка қарши курашдек аниқ бир вазифага сиёсий тус беришга интилади. Мисол учун Ўзбекистонда террорчиликка қарши курашдан сиёсий рақибларини бостириш мақсадида фойдаланилади. Ўзбекистон қўшни Тожикистон ҳукуматига қарши бўлган террорчиларни қўллаб-қувватлаши ҳам маълум”, - деди Ник Плат.

Унинг сўзларига кўра, дунёда террорчиликка қарши кураш борасида ягона тамойил ишлаб чиқилиши лозим. Асосий урғу эса террорчилик ғоясини барбод этишга қаратилиши керак.

“Фикримизча, демократия, инсон ҳуқуқлари ва қонун устиворлигини ҳимоя қилиш террорчикка қарши курашнинг энг яхши усулдир”, - дейди Н.Плат.
XS
SM
MD
LG