Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:21

“Чегара билмас мухбирлар” Россия ИИВсини тожик журналистини ҳимоялашга чақирди


Таниқли тожик журналисти Додожон Атовуллоев.
Таниқли тожик журналисти Додожон Атовуллоев.

Қувғиндаги таниқли журналист Тожикистон ҳукумати унинг ҳаётига таҳдид солаётгани тўғрисида даво қилмоқда.Тожикистон ҳукумати эса, Додожон Атовуллоев ўзининг навбатдаги масъулиятсиз баёноти билан ўзига аҳамият қаратмоқчилиги тўғрисида билдирди.

Д.Атовуллоев Тожикистон ҳукуматига ўта мухолиф руҳдаги “Чароғи рўз” газетасининг бош муҳарриридир. У қарийб 15 йил муқаддам Тожикистонда диний ва миллий низо уйғотишда айбланганидан сўнг ватанини тарк этишга мажбур бўлган эди.

Бугунги кунда Д.Атовуллоев дўстининг Москва ташқарисидаги дала ҳовлисида яширинаётганини айтмоқда. Унинг сўзларига кўра, уч ҳафта аввал “Чароғи рўз” нашрининг навбатдаги сони чиққанидан сўнг унга ўлдириш билан таҳдид этувчи телефон қўнғироқлари бўла бошлаган.

“Аввалига бақириб, ҳақорат қилишди. Кейин эса агар овозимни ўчирмасам, мени йўқ қилишларини айтишди. Булар ортида Тожикистон ҳукумати турибди. Эси йўқ бу ҳукумат ўз рақибларини бартараф этиш учун кўча усулларидан ҳам фойдаланиши мумкин”, – дейди Д.Атовуллоев.

Журналист Тожикистон ҳукумати “Чароғи рўз” нашрини ёпишни сўраб, Россия ҳукуматига кўп бор мурожаат қилгани, аммо бу ҳаракатлари самара бермагач, уни ўлдириш билан таҳдид қилиш йўлига ўтганини таъкидлади.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти ҳам Д.Атовуллоевнинг хавфсизлигидан хавотир билдирмоқда. Ташкилот вакили Анабелла Арки ҳозир Москвада яшаётган журналистнинг ҳаётига жиддий хавф бор, деб ҳисоблайди.

“Биз Д.Атовуллоевнинг хавфсизлиги борасида жуда хавотирдамиз. У танқидий мақолалари сабабли аввал ҳам Тожикистон ҳукумати томонидан таъқиб этилган ва ватанини ташлаб чиқишга мажбур бўлганди. У бугун ҳам Тожикистонда таниқли. Биз унга нисбатан таҳдидларни жуда жиддий қабул қиламиз”, - деди А.Арки.

Тожикистон ҳукумати эса “Чароғи рўз” муҳаррирининг иддаолари мутлақо асоссиз эканини айтяпти.

“Ўз обрўсини орттириш бу одамнинг табиатида бор. Мен буни унинг талабалик йилларидан бери биламан. Унинг бугунги иддаолари ҳеч қандай асосга эга эмас. Бу унинг обрў орттиришга қаратилган навбатдаги уринишидир”, – деди Тожикистон президенти ижроия аппарати ахборот-таҳлил бўлими раҳбари Жумахон Набатов.

Д.Атовуллоевни яқиндан билганлар ҳам унинг ўта зиддиятли ва мунозарали шахс эканини айтади.


“Президентнинг ўзи газетамизни бошдан-оёқ ўқиб чиқишини биламан. Қолаверса, бу газетани бутун президент аппарати, парламент аъзолари ўқийди. Газета Тожикистондаги барча сиёсатчилар ва сиёсий партияларни танқид этади”, - дейди Д.Атовуллоев ўз газетаси ҳақида.

Аммо “Чароғи рўз” газетасининг бундай услуби Тожикистондаги жорий вазиятни яхшилашга хизмат қилмаслигини таъкидлайди тожикистонлик таҳлилчи Рашид Ғаниев.

“Фуқаролик уруши даҳшатларини бошдан кечиргандан кейин журналистлар танқидий масалаларни ўзгача услубда ёритади. “Чароғи рўз” эса ҳануз ўтмишдаги Тожикистоннинг бир бўлагига ўхшайди”, – дейди у.

“Чароғи рўз” газетаси йилига атиги бир неча марта нашр этилади. Бироқ Тожикистон ва унинг ташқарисида ҳар гал шов-шувларга сабаб бўлади. Д.Атовуллоев ўзининг кескинлиги ва муросасизлиги билан эркин фикрни билдириш ҳуқуқи учун курашаётганини айтиб келади.

“Менимча, ҳар қандай давлатнинг тозаланишига ва фаровонлигига ҳақиқатни айтиш орқали эришилади. Бу аччиқ бўлса ҳам ҳақиқат. Таъқибу таҳдидлар, қамоқ ёки қувғинда ҳаёт кечириш бунинг нархидир”, – дейди Д.Атовуллоев.
XS
SM
MD
LG