Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:17

Инсоний қиёфанинг йўқолиши ёки бундай қиёфа илгари бор эдими?


Ўзбекистон махсус хизматларининг бир неча йиллик қидирувидан сўнг Қозоғистонда қўлга олинган тошкентлик имом Руҳиддин Фахруддиновнинг 6 ёшли қизчаси Оиша зўрлаш қурбони бўлди.

Ҳижоб ўраган жажжи Оиша акаси билан Интернет кафеда компьютер ўйнагани кирган эди. Ўйинга берилиб кетган акаси синглисини бир йигит олиб чиққанини сезмай қолади.

Бир неча соатдан сўнг уйига олиб келинган Оиша жуда сулайган эди. Онаси унинг оёғидаги қонни кўриб, қизчани дарҳол шифохонага етказди. Бир неча соат давомида кўп қон йўқотган қизчага жарроҳлик амалиёти қилинади.

Маълум бўлишича, воқеа жорий йил 31 март куни Оишанинг отаси таниқли имом Руҳиддин Фахруддиновга нисбатан тергов жараёни давом этган вақтда содир этилди.



2005 йил 24 ноябрда Чимкентда ҳибсга олиниб, Ўзбекистонга топширилган Р.Фахруддиновга Жиноят кодексининг ноқонуний экстремистик ташкилотга раҳбарлик қилиш ҳамда террорчилик амалиётларини уюштириш каби 13 моддаси бўйича айблов эълон қилинган.

Р.Фахруддиновнинг яқинлари унинг қизига нисбатан содир этилган жинканч ҳаракат тергов қилинаётган имомга ҳибсда босим ўтказиш ва унга қўйилаётган айбларни бўйнига олдириш учун қилинганини айтмоқда.


“Қизчамизнинг зўрланиши атайин уюштирилган, деб ўйлайман. Мақсад турмуш ўртоғимга бўйнига олмаган айбларни қўйишдир”, - дейди имомнинг хотини Муҳайё Исмоилова.


Ўзбекистон расмийлари мазкур даъволар юзасидан муносабат билдирганича йўқ.


М.Исмоилованинг айтишича, қизини ваҳшийларча зўрлаган 16 ёшли Ниғматилла Қаландаров милиция ва МХХ ходимлари томонидан тезда топилган ва жиноятни содир этганини тан олган. Айни пайтда Н.Қаландаров суд олдида жавоб бермоқда.

Аммо Муҳайё ушбу жиноятни содир этиш учун Н.Қаландаров турмуш ўртоғи устидан тергов ўтказаётган шахслардан кўрсатма олганини иддао қилмоқда.

“Бола анча хотиржам эди. Қизимни зўрлагандан кейин уни бемалол уйимга олиб келди. Ушбу воқеа ҳақида шов-шув кўтарилгандан кейин ҳам бу бола беркинмаган”, - дейди М.Исмоилова.

Ушбу воқеадан ҳибсхонада хабар топган Р.Фахруддинов хотинига ёзган хатида: “Энди мен ҳақимда ўйламанганлар, Зайнабга (Оишани ота-онаси шундай чақиради) қаранглар”, - деган.


Р.Фахруддинов устидан тергов амалиётлари айни пайтда ниҳоясига етган. Унинг қизи билан содир бўлган воқеадан сўнг Руҳиддин ўзига қўйилган айбларни бўйнига олгани айтилади.

Тошкентлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромовнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда диний-сиёсий айблар билан жиноий жавобгарликка тортилаётганларнинг оилалари ва болаларига нисбатан тазйиқлар ўтказилиши борасида кўплаб маълумотлар мавжуд.

1998 йилдан буён қидирувда бўлган Р.Фахруддинов таниқли имом Обидхон Назаровнинг яқин сафдошларидан бўлиб, Ўзбекистон ҳукумати уларни диний экстремистик оқимларга раҳбарлик қилиш ҳамда террорчилик ҳаракатлари содир этишда айблаб келмоқда.

Ғарб давлатларидан бирида сиёсий бошпана олган Обидхон қори эса Ўзбекистон ҳукумати илгари сураётган мазкур айблар мусулмонларга қарши тўқиб чиқарилган, деб ҳисоблайди.
XS
SM
MD
LG