Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:17

“Ўзбекистон келажаги Россия билан бирга”...ми?


8 июль куни Тошкентнинг россияпараст ёшлари Россиянинг “НАШИ” (“Бизникилар”) ёшлар ҳаракати билан ҳамкорликда “НАШИ: Ўзбекистон – Россия” ҳаракатини тузгани маълум қилинди.

Бу ҳаракат “Ўзбекистон келажаги Россия билан биргадир” шиори остида фаолият юргизади.

Россиядаги “НАШИ” ташкилоти ўзининг ҳукуматга ўта мойиллиги ҳамда Америка ғояларига қаршилиги билан ажралиб туради. Россиялик “бизникичилар” расмий Кремл ва шахсан президент Владимир Путин томонидан қўллаб-қувватланади.

“Бизникилар”нинг Тошкентда ҳам пайдо бўлиши эса Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иттифоқчилик алоқаларининг қайта жонланиши билан боғлиқ.

Марказий Осиё давлатлари орасида энг кўп русийзабон аҳоли яшайдиган Ўзбекистонда россияпараст кайфият йиллар давомида сўнмай келгани маълум.

Аммо бундан бир неча қанча аввал бундай мойилликни намоён қилиш, гарчи бундай кайфият рус тилини ўзбек тилидан афзал кўрадиган ҳукумат доираларида мавжуд бўлса ҳам, анча ножўя ҳаракат сифатида баҳоланиши мумкин эди.

Андижон воқеаларидан сўнг президент Ислом Каримовни танқидлардан ҳимоя қилган Россия билан алоқаларни қайта жонлантириш эҳтиёжи туғилди.

2005 йил охирида Ўзбекистон-Россия иттифоқчилик алоқалари тўғрисидаги шартномани имзолаган И.Каримов: “Хонабод аэродромидан чиқиб кетишга мажбур бўлган аламзадалардан ҳимоя топиш учун Ўзбекистон ҳар томонлама ишончли таянч бўлган Россияга суяниши керак”, - деган эди.

Энди Ўзбекистонда Россия билан алоқаларни кўкларга кўтариш баробарида Ғарб давлатларнинг сиёсатини қоралаш одатий тус олгани кузатилади.


Россияпарастлик кайфияти собиқ Совет Иттифоқининг ғамхўрликлари билан танишиб улгурмаган ёшларга ҳам юқтирилаётгандек.


“НАШИ: Ўзбекистон-Россия” ҳаракати раҳбари Руслан Мураковнинг айтишича, жуда қисқа вақт ичида қарийб минг талаба мазкур ташкилот тарафдорига айланган.

“Ўзбекистоннинг келажаги Россия билан биргадир. Хитой, Америка, Европа билан эмас...”, - дейди ҳаракатнинг Тошкентдаги раҳбари.

“Биз Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда етакчи давлат бўлишини хоҳлаймиз. Россия эса “катта оғалик” қилиб, бутун МДҲ ҳудудида лидерлик қилишини қўллаб-қувватлаймиз”, - дея қатъийлик билан таъкидлайди Руслан Мураков.

Афтидан бу ғоя Москвада бундан ҳам кучлироқ. Россиядаги “НАШИ” ҳаракати етакчиларидан бири Сергей Белоконев рус ва ўзбек халқларининг бир халқ (!?) эканини айтади.

“Бизнинг тарихимиз, фожеа ва ғалабаларимиз барчаси муштаракдир. Собиқ шўро халқларини бирлаштирувчи омиллар америкаликларни ўзаро бирлаштирувчи омиллардан кучлироқ”, - дейди С.Белоконев.

Нашичилар собиқ шўро давлатлари ҳар томонлама бирлашиши зарур, деб ҳисоблайди. Уларнинг айтишича, бу Совет Иттифоқининг қайта тикланишини англатмайди.

Аммо ўзбекистонлик ёшлар орасида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги алоқалар борасида шубҳа билдирувчи ёшлар ҳам топилади.

“Россия билан ҳамкорлик қилиш керак. Аммо АҚШ ва Европа давлатларини четда қолдириш тўғри сиёсат эмас. Бошқа томондан, Ўзбекистон нефт-газ ва бошқа соҳаларни Россияга тўлиқ бериб юбориши яхшиликка олиб келмайди”, - дейди тошкентлик Дилшодбек.

Ўзбекистонда Дилшодбек сингари фикрловчи ва ҳатто мамлакатнинг Ғарб давлатлари демократик моделлари асосида ривожланишини истайдиган кўплаб ёшлар бор.

Бироқ, сиёсатшунос Аъзам Турғунов фикрича, бундай ғоялар ҳукумат сиёсатига қарши бўлгани учун дарҳол тўсиққа учрайди.

“НАШИ” деб номланган ушбу ёшлар ҳаракати “бизникилар” деганда кимни назарда тутаётгани қоронғу”, - дейди А.Турғунов.

Ҳозирча фашизм, ирқчилик ва миллатчиликка қарши курашаётганини айтиб келаётган мазкур ташкилот Россияда Кремлнинг, Ўзбекистонда эса Оқсаройнинг кайфиятини акс эттираётгани кузатилмоқда.
XS
SM
MD
LG