Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:23

Ўзбекистонга кимдир думини кўтарса...


Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти бош котиби Николай Бордюжа Ўзбекистон ташкилотнинг Марказий Осиёдаги кўп сонли қўшинини тузишда ёрдам беришга розилик билдирганини маълум қилди.

Ўтган ҳафтада Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо давлатлар раҳбарларининг Сочида бўлиб ўтган учрашувида Ўзбекистон КХШТга қайта аъзо бўлган эди.

“Менимча бу Ўзбекистон ҳаётидаги муҳим воқеа. Фикримизча, КХШТ бугунги кун учун жуда долзарб тузилма”, - деганди президент Ислом Каримов ўшанда.

КХШТнинг тўлақонли аъзоси бўлиши учун Ўзбекистон 2007 йилнинг охирига қадар ташкилотнинг етмишдан ортиқ ҳужжатига қўшилиши керак.

1998 йилда И.Каримов Россиядан аразлаб, КХШТга иштирокини тўхтатганидан буён ташкилотга аъзо давлатлар Ўзбекистонсиз кўплаб ҳужжатлар қабул қилган. Энди эса, айрим кузатувчилар фикрича, Ўзбекистоннинг мазкур ҳужжатларга кўр-кўрона қўшилишдан бошқа иложи йўқ.

КХШТга аъзолигини қайта тиклаган Ўзбекистоннинг илк қадами тузилманинг 1500 аскардан иборат тезкор кучлари учун ўз ҳарбийларини ажратишга розилик бериши бўлди.

2001 йилда тузилган мазкур қуролли гуруҳ таркибига Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон ҳарбийлари киради.

“Ўзбекистон ҳарбийлари ушбу гуруҳга қачон қўшилиши ҳозирча аниқ эмас”, - деди КХШТ матбуот котиби Виталий Стругавец.

Айни пайтда КХШТ доирасида тинчликпарвар кучларнинг тузилиши ҳам режалаштирилмоқда. Ташкилот бош котиби Николай Бордюжа бу кучларнинг собиқ шўро давлатлари, шу жумладан, Грузия ҳудудида тинчликпарварлик миссияларини амалга ошириши мумкинлигига ишора қилди.

Россиянинг КХШТ ниқоби остида яна Грузияга қайтишга уринаётгани НАТОда бир қадар босиқлик билан қабул қилинмоқда. НАТО бош котибининг Марказий Осиё ва Кавказ минтақасидаги махсус вакили Роберт Симмонс бу борада: “Россия қўшинларини Грузиядан олиб чиққунга қадар анча ҳаракат қилдик. Энди эса бу қўшинларнинг бошқа ниқоб остида киритилиши бизнинг манфаатимизга зид. Бу Грузия раҳбариятига боғлиқ масала экан, Грузия томонининг бунга рози бўлишига шубҳа қиламан”, – деди.

Россияда КХШТ НАТОнинг бутун собиқ шўро минтақасидаги таъсирини йўққа чиқариш, қолаверса, уни минтақадан сиқиб чиқариш мақсадида кучайтирилаётгани ҳақида гапирилади. НАТО эса расман КХШТни ўз рақобатчиси сифатида кўрмайди.

КХШТнинг икки аъзоси – Беларус ва айниқса, сўнгги вақтларда Ўзбекистон НАТОни “бизнинг ишимизга аралашмасин”, дея қаттиқ танқид остига олиб келади. Аммо НАТО Ўзбекистон билан алоқаларни қайта тиклашдан умидини узгани йўқ.

Р.Симмонс президент Ислом Каримовнинг НАТОни танқид қилаётгани ўтган йили НАТОнинг расмий Тошкентни Андижондаги қонли воқеалар сабабли қоралаб чиқишига жавоб эканини эътироф этди.


“НАТО билан жуда фаол ҳамкорлик қилаётган Қозоғистон айни бир пайтда КХШТнинг аъзоси ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан биз маълум муддатдан сўнг Ўзбекистон билан муносабатларимизни яхшилашга умид қиламиз”, – деди Р.Симмонс.

Бугунги кунда КХШТга аъзо давлатлар ҳамон НАТО билан ҳамкорлик дастурларидан чиқиб кетмасликни афзал кўрмоқда. Бундай ҳамкорлик улар учун россияпараст ҳарбий блок доирасида мувозанатни сақлаб туришда қўл келяпти. Аммо Ғарб давлатлари ва НАТО билан алоқаларини тобора кескинлаштириб бораётган Ўзбекистон бундай мувозанатни йўқотаётгани аниқ.

Шу билан бирга, Ислом Каримовнинг сиёсати Ўзбекистоннинг КХШТ доирасида тўлиқ ҳамкорлик қилишига ҳам ишончсизлик уйғотяпти.

Москвадаги ташқи ва мудофаа сиёсати кенгаши аъзоси Фёдор Лукянов Ислом Каримов КХШТдан ўз қуролли кучларини замонавийлаштириш мақсадида фойдаланиб, кейин ташкилотни яна тарк этишини айтиб келади.

Тузилмада эса бундай фикрлар ҳозирча бир қадар ғазаб билан кутиб олиняпти.

“Ўзбекистонга раҳбарлик қилаётган жаноб Каримов Ўзбекистоннинг КХШТга аъзо бўлиш қарори қатъий эканини айтмоқда. Агар жаноб Лукянов Каримовдан кўра кўпроқ билса, мен унинг учун хурсандман”, - деди бундай фикрга жавобан КХШТ матбуот котиби Виталий Стругавец.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти аъзо давлатларни турли таҳдидлардан ҳимоя қилади. Афтидан, ҳатто уларнинг раҳбарларини турли танқидий муносабатлардан ҳам...
XS
SM
MD
LG