Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 04:34

Европа Иттифоқи Ўзбекистонга ҳотамтойлик қиладими?


Европа Иттифоқи Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонга нисбатан жорий этилган санкцияларни қайта кўриб чиқиш давомида ҳатто бу жазо чораларини бекор қилиши ҳам мумкин.

Бу ҳақда 9 октябрь куни ЕИнинг юқори мартабали расмийси Ҳюгес Мингарели маълум қилди.

Ўзбекистон ҳукумати халқаро жамоатчиликнинг Андижондаги қонли воқеалар юзасидан мустақил тергов ўтказиш чақириқларини рад этганидан сўнг 2005 йил ноябрда ЕИ Ўзбекистоннинг 12 расмийсига виза чеклови, мамлакатга қурол-яроғ эмбаргоси жорий этган эди.

Энди эса ушбу чораларни сақлаб қолиш ёки бекор қилиш масаласи келаси ноябрь ойи охирига қадар ҳал этилиши лозим.

Еврокомиссиянинг Шарқий Европа, Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари бўйича директори Ҳ.Мингарели Қозоғистонга сафари чоғида келаси ойда ЕИ ҳамда Ўзбекистон расмийлари ўртасида Брюсселда бўлиб ўтадиган учрашувдан сўнг расмий Брюсселнинг Ўзбекистон борасида қандай тўхтамга келиши ойдинлашишини билдирди.

Ҳозирча эса бу масала очиқ қолмоқда. Еврокомиссиясининг Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари бўйича масъули Томас Филсин Ўзбекистонга қарши санкциялар комиссия томонидан муҳокама этилаётганини айтди.

Ҳ.Мингарели эса “Франс пресс” ахборот агентлиги мухбири билан суҳбатда Ўзбекистонга нисбатан юргизилаётган сиёсатдан ЕИнинг барча давлатлари ҳам қониқаётгани йўқлигини маълум қилди.

“ЕИнинг айрим давлатлари Ўзбекистони изоляция қилиш сиёсати барбод бўлганини таъкидлаб, эндиликда алоқаларни тиклаш лозим, деган фикрда”, - деди Ҳ.Мингарели.


Айни ғояни ЕИ раислигини келаси ойдан бошлаб қабул қилиб олувчи Германия, айниқса, қўллаб-қувватламоқда. Шунинг учун 2007 йил давомида ЕИнинг Ўзбекистон борасидаги сиёсати юмшатилишини ҳам кутиш мумкин.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси, Ислом Каримов ҳукуматининг ашаддий танқидчиси Крейг Мюррей Ўзбекистонга нисбатан жорий этилган санкцияларнинг олиб ташланиши хавфини инкор этмайди.

“Юзага келган вазият мени хавотирга солмоқда. Германия санкцияларнинг олиб ташланиши учун жуда қаттиқ ҳаракат қилмоқда. Буюк Британия ҳукумати ҳам Германиянинг бу таклифига кучли қаршилик билдирмаса керак”, - деди К.Мюррей.

Аммо кузатувчилар жорий этилган санкциялар ҳеч қандай самара бермаганини, Ғарб давлатларидан узилган Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасидаги вазият оғирлашганини таъкидламоқда.

ЕИга киритилиши тақиқланган расмийларнинг аксари шундоқ ҳам лавозимларидан четлатилди. Қолаверса, қурол-яроғ эмбаргосининг салбий таъсири борасида ҳам ҳеч нарса маълум эмас.

“Шундай бўлса ҳам санкцияларни бекор қилиш ЕИ Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари борасида мутлақо қайғурмаслигини кўрсатади. Албатта, бу санкциялар аввалдан кулгули эди. Унда Ислом Каримов ва оила аъзоларига ҳеч қандай чоралар белгиланмади. Энди эса санкцияларни бекор қилиш бундан ҳам кулгули иш бўлади”, - дейди К.Мюррей.

2006 йил август ойи охирида ЕИнинг юқори мартабали дипломати Анти Турунен Ўзбекистон таклифига биноан сирли равишда Тошкентга сафар қилганди. Қайтиб келгач, у Ўзбекистон ҳам ЕИга ён босишга тайёрлигини айтди.

“Улар (Ўзбекистон томони) Андижон воқеаларини мутахассисларимиз билан муайян даражада муҳокама этишга очиқлигини билдирди. Инсон ҳуқуқлари масаласида ҳам ЕИ билан мунтазам равишда мулоқот ўтказиш тарафдорилигини таъкидлади. Бу ижобий ўзгаришларга ишора қилади”, - деганди А.Турунен.

Афтидан, кузатувчилар фикрича, ЕИ Ўзбекистонга нисбатан жорий этилган санкцияларни баттар кучайтириш йўлидан бормайди. Ўзбекистонни бутун минтақа хавфсизлиги нуқтаи назаридан стратегик давлат сифатида кўрадиган ЕИ унинг табиий захираларига ҳам қизиқиш билдириб, алоқаларни тиклашга ҳаракат қилади. Бироқ алоқалар қандай шартлар асосида тикланиши мумкинлиги ҳозирча қоронғу.
XS
SM
MD
LG