Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 04:29

Р.Баучер: “Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида ҳануз ҳамкорлик имкониятлари мавжуд”


АҚШ давлат котиби ўринбосари Ричард Баучер “Интерфакс” ахборот агентлигига берган интервьюсида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида ҳамкорликни тиклаш имкониятлари ҳануз мавжудлигини таъкидлади.

Жорий йилнинг август ойида Тошкентда президент Ислом Каримов билан учрашган Р.Баучер давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончни қайта тиклаш зарурати ҳақида гапирганди. Унинг Тошкентга сафаридан сўнг муносабатларда ўзгариш содир бўлмади.

Тошкентдаги учрашувда Р.Баучер Ўзбекистонга янгича муносабатларни таклиф қилган эди.

“Биз бу ерга ўйин қилиш учун келганимиз йўқ. Бу ерда бошқа кучлар билан рақобат қилишга ҳаракат қилаётганимиз ҳам йўқ. Ўзбекистон Россия Хитой, Европа давлатлари билан алоқаларни давом эттиради, деб ўйлаймиз. Аммо биз Ўзбекистонга бу борада бошқа имкониятларни топишга ёрдам бера олишимиз мумкин. Давлат ташқи сиёсатда қанчалик кўп имкониятга эга бўлса, шунчалик кўп мустақилликка ҳам эга бўлади”, - деган эди Вашингтон расмийси.

Энди эса “Интерфакс”га берган интервьюсида Р.Баучер Ўзбекистонда бирор ишни ҳар этиш жуда мушкуллигини тан олди.

“Улар компаниялар ва ишлаб турган ташкилотларни ёпади. Давлатларимиз ўртасидаги алоқаларни ҳақиқий ҳамкорлик даражасига олиб чиқиш доимо жуда оғир бўлиб келган”, - деди у.

Р.Баучернинг айтишича, АҚШ томони Ўзбекистон билан ҳақиқий маънодаги ҳамкорликни ўрнатиш йўлида ҳаракат қилишда давом этади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг ўз исмини ошкор этмаган мулозими АҚШнинг бундай баёнотлари самимийлигига шубҳа билдиради.

“АҚШ Ўзбекистонга Андижон воқеалари ва мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари масаласида босим ўтказиш мумкин, деган қарашдан чекиниши лозим. Ҳозирча эса бундай бўлгани йўқ”, - дейди у.

Сиёсий таҳлилчи Шарофиддин Тўлаганов Ўзбекистон АҚШ билан муносабатларни яхшилашни хоҳлашини айтади. Бунинг далили сифатида у “Халқ сўзи” газетасида Ўзбекистон ва АҚШ муносабатларига бағишлаб ёзилган мақолани келтиради. Қолаверса, Ўзбекистон АҚШ билан имзолаган стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни бекор қилишгача бормади.

Президент И.Каримов Р.Баучерни Тошкентда қабул қилар экан, унга қарата: “Узоқ танаффусдан сўнг қилган ташрифингиз муносабатларимизни ривожлантиришга имкон беради”, - деганди.

Аммо президентнинг бундай гаплари Ўзбекистонда АҚШ ташкилотларини ёпиш бўйича давом этаётган кенг кўламли кампания манзарасида айтилди.

“АҚШнинг Ўзбекистондаги таъсирини барча усуллар билан йўққа чиқариш ҳаракатлари давом этаётган бир вақтда Ўзбекистонда Вашингтон билан алоқаларини тиклаш кайфиятида бўлганлар ҳам талайгина бўлиши мумкин”, - дейди АҚШдаги Жон Хопкинс университетининг Марказий Осиё тадқиқотлари бўйича раҳбари Сванте Корнел. “Тошкентда кўпчилик Россияга мамлакатнинг ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатида асосий ўрин берилаётганидан танқидий қарашга эга бўлиб боряпти. Ахир Каримовнинг асосий мақсади Ўзбекистоннинг мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратилган эди-ку. Ўтган бир йил давомида Каримовнинг бу тамойилдан чекингани кузатилди. Ишонаманки, Ўзбекистон расмийларининг кўпчилиги Россиянинг мақсадлари Ўзбекистон мустақиллигига таҳдид солаётганидан хавотирда”.

Ўзбекистон билан алоқаларни тиклашга тайёр турган АҚШ билан мулоқотни бошлаш Тошкент расмийлари наздида бундан-да қўрқинчли кўринади. Шунинг учун АҚШ ҳукумати Ўзбекистон билан алоқаларини тиклаш учун унга нисбатан сиёсатини жиддий ўзгартириши ва инсон ҳуқуқлари, демократия масалаларида ён босиши керак бўлади.

С.Корнелнинг фикрича, Ўзбекистонга нисбатан бундай ён босиш сиёсатини АҚШ Конгресси ва Сенати қўллаб-қувватлаши жуда мушкул.

“Аммо қандай шартлар асосида бўлса ҳам АҚШнинг Ўзбекистонга қайтиши мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилай олади”, – дейди у.
XS
SM
MD
LG