Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 04:22

Ўзбекистонда яна беш “акрамий” суд қилинади


Ўзбекистонда Андижондаги ғалаёнларни ташкил этишда айбланиб, Қирғизистондан ўз юртига экстрадиция қилинган 5 фуқаро устидан суд жараёни бошлаши кутиляпти.

“Интерфакс” ахборот агентлигининг Ўзбекистон Бош прокуратурасига таяниб хабар беришича, уларга террорчилик, одам ўлдириш, давлат ҳокимиятни ағдаришга уриниш каби энг оғир жиноятлар қўйиляпти.

Дунё жамоатчилиги бу қочқинларнинг Ўзбекистон хавфсизлик кучларига топширилиши юзасидан хавотир изҳор этиб, улар ўз юртида қийноқлар остида кўрсатма беришга мажбурланиши ва адолатсиз судга тортилиши ҳақида огоҳлантирган эди.

Бироқ Ўзбекистон босими остида Қирғизистон андижонлик қочқинларни расмий Тошкент қўлига топширишга қарор қилди. Уларнинг кейинги тақдири борасида эса шу вақтгача ҳеч нарса маълум эмас.

Андижондаги хунрезликлардан қўшни Қирғизистонга қочиб қутилган юзлаб қочқинлар орасида Ўзбекистон талаби билан Қирғизистонда ҳибсга олиниб, юртига қайтарилганлари талайгина. Уларнинг аниқ сони маълум эмас, аммо ҳозир халқаро жамоатчилик эътибори август ойида Ўзбекистонга топширилган беш қочқин тақдирига қаратилган.

Улардан бири Расулжон Пирматов, прокуратура маълумотлари кўра, акрамийлар диний экстремистик оқимининг фаол аъзоларидан бўлиб, 2005 йил май ойида вилоят ички ишлар бошқармасининг патрул-пост хизматига ҳужум уюштирганлардан биридир. Прокуратура уни Андижондаги қамоқхона маҳбусларини озод этишда ҳамда вилоят ҳокимлиги биносига ҳужум қилишда ҳам айблайди.

Қирғизистондан экстрадиция қилинган бошқа айбланувчиларга ҳам айни айблар қўйилган.

Бобур майдонидаги намойишлар вақтида Жаҳонгир Мақсудов ҳамда Одилжон Раҳимов гаровга олинган Андижон шаҳри прокурори Ғани Абдураҳимовни ўлдиргани айтилади.

Ўзбекистонга топширилганлар орасида, расмийларнинг билдиришича, наркотиклар савдосида айбланиб қамалган, аммо қамоқдан қочиб, намойиш ташкилотчиларига қўшилган ўта хавфли рецедивист Ёқуб Тошбоев ҳам бор.

“БМТ бу шахсларни ҳимояга муҳтож қочқинлар сифатида эътироф этган, - дейди БМТнинг Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги матбуот котиби Астрид ван Гендеренсторд. - Биз уларнинг экстрадиция қилинишига қарши бўлганмиз. Аммо экстрадициядан сўнг Ўзбекистон ҳукуматига мурожат қилиб, уларнинг аҳволидан бохабар бўлмоқчи эдик. Ўзбекистон ҳукумати бизга уларни кўришга ижозат бермади”.

Астрид ван Гендеренсторд хонимнинг айтишича, бу шахслар устидан ёпиқ тарзда олиб борилган тергов жараёнларининг адолатли ўтказилганига фақатгина умид қилиб қолиш мумкин.

Ўзбекистон Бош прокуратураси тергов жараёнлари адвокатлар назорати остида кечганини билдирмоқда. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромов эса уларга тайинланган давлат адвокатлари айблов учун хизмат қилишини таъкидлайди.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти Андижон воқеаларига айбланганлар устидан шу пайтгача бўлган суд жараёнларининг бирортаси адолатли ўтмаганини эътироф этади.

Ташкилотнинг Москвадаги вакиласи Алисон Гилл сўзларига кўра, Қирғизистондан Ўзбекистонга қайтараётган қочқинларга нисбатан адолатсизликлар учун Қирғизистон томони ҳам масъулдир.

“Қирғизистон гумон қилинаётган шахсларни қийноқлар таҳдиди мавжуд давлатларга қайтармаслик мажбуриятини олган. Халқаро қонунчилик доирасидаги ушбу қатъий мажбуриятни бузган Қирғизистон ҳам қочқинлар тақдири учун жавобгардир. Қолаверса, инсон ҳуқуқлари масаласида Ўзбекистонга етарлича босим ўтказмаётган халқаро жамоатчилик ҳам Ўзбекистондаги ноҳақликлар учун масъулдир”, - дейди Э.Гилл хоним.
XS
SM
MD
LG