Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 04:23

Ўзбекистон ўзини халқаро судлардан ҳимоялаяпти


Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдан сиқиб чиқарилаётган Ғарб сармоядорлари халқаро судларга мурожат қилиши олдини олиш учун тегишли чоралар кўришга киришди.

Ўзбекистон Конституциявий судининг 21 ноябрь куни “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган қарорига кўра, хориж сармоядорлари ўз эътирозлари билан Ўзбекистон томонининг розилигисиз чет элдаги халқаро судларга мурожат қилишга ҳақли эмас.

Бу чора мамлакатдаги фаолиятини тўхтатишга мажбур этилган ва мол- мулки мусодара қилинаётган “Newmont mining” корпорацияси Ўзбекистон ҳукуматини халқаро судга тортишга таҳдид қилгани билан боғлиқлиги айтилмоқда.

Шунингдек, бу чора Ўзбекистон ҳукуматининг хориж сармоядорларининг бу борадаги имкониятларини чеклашга қаратилган уриниши сифатида кўрилмоқда.


Конституциявий суднинг “Сармоя билан боғлиқ тортишувларни ҳал этиш халқаро маркази”га ариза топшириш масаласига боғлиқ бу қарори Ўзбекистон томони 12 йил аввал ратификация қилган Вашингтон конвенциясига асосланади.


Давлатлар ва сармоядорлар ўртасидаги тортишувларни ҳал этиш тартибига оид 1965 йилда қабул қилинган Вашингтон конвенциясига кўра, “Сармоя билан боғлиқ тортишувларни ҳал этиш халқаро маркази” фақатгина икки томоннинг розилиги бўлгандагина суд жараёнини бошлайди.

Табиийки, Ўзбекистон томони мамлакатдаги ҳеч бир хорижий сармоядорга ўз эътирози билан халқаро инстанцияларга мурожаат қилишга ижозат бермайди. Аммо Ўзбекистон ҳукумати хориж сармоядорлари учун халқаро судлар эшикларини бутунлай ёпиб қўя олмайди. Халқаро қонунчилик бундай тортишувларнинг бошқа халқаро арбитраж судларда, масалан, Лондон, Вена ёки Стокгольмда кўрилишига тўсқинлик қилмайди.

Ўзбекистон Конституциавий суди ўз қарори юзасидан қўшимча изоҳ беришни қатъиян рад этмоқда.

“Биз ҳеч қандай изоҳ бермаймиз. Қароримиз қонун доирасида матбуотда эълон қилинди ва кучга кирди. Қарор қатъий, шикоятга ўрин йўқ”, - дейди Конституциявий суд котибияти мудири Матлуба Алиева.

Ўзбекистондаги қарийб 100 миллион доллар миқдордаги сармоясидан айрилиб қолаётган АҚШнинг “Newmont mining” олтин қазиб чиқариш корхонаси ўзаро шартномаларни ҳамда халқаро қонунчиликни бузган Ўзбекистон ҳукуматини Стокгольмдаги халқаро арбитражга топшириш билан таҳдид қилган. Агар “Newmont mining” бу ишга қўл урса, Ўзбекистон ҳукумати билан молиявий тортишув тарихда биринчи бор халқаро судда кўрилади.


Шунга қарамай, Конституциявий суд қарори фақатгина “Newmont mining” корхонасининг халқаро инстанцияларга мурожат қилиш эҳтимоли билан боғлиқ эмас.

Тошкентлик таҳлилчи Дмитрий Поваров фикрича, Ўзбекистон ҳукумати келажакда бошқа сармоядорларнинг ҳам халқаро арбитражларга мурожаат қилиш имкониятларини чекламоқчи.

Хўш, Ўзбекистон ҳукумати хориж сармоядорларининг халқаро судларга мурожат қилишидан нега қўрқади. Зеро, расмий Тошкент уларга нисбатан қонун доирасида чора кўраётганини таъкидлаб келади-ку!?

Эҳтимол халқаро судлар Ўзбекистон фойдасига ҳукм чиқарар, аксинча бўлсачи?

Стокгольм савдо палатасининг арбитраж институти бош директори Ульф Франке бу ҳолда қарор ижроси халқаро тартиблар асосида таъминланишини билдирди.


“Нью-Йорк конвенциясига асосан, қарор ижроси у ёки бу мамлакатнинг хориждаги мулкини мусодара этиш орқали таъминланиши мумкин”, - деди Ульф Франке.
XS
SM
MD
LG