Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 04:29

“Ўзига хос, ўзига мос демократия” яна панд берди


Лондондаги нуфузли “The Economist Intelligence unit” тадқиқот марказининг дунёда демократия даражаси бўйича рўйхатида Ўзбекистон энг ёмон давлатлар саккизлигидан ўрин олди.

Бу рўйхатга 167 давлат киритилган бўлиб, Ўзбекистон демократия даражаси энг паст бўлган ўта авторитар мамлакатлар қаторига қўйилган ва бу борада Ливия, Туркманистон, Мьянма, Того, Чад, Марказий Африка Республикаси ва Шимолий Корея билан бир сафда турибди.

2005 йил май ойида Андижондаги намойишнинг қонли бостирилиши ҳамда бу воқеадан сўнг ҳукуматнинг инсон ҳуқуқларини поймол этиши сифатида таърифланган чоралар ортидан Ўзбекистон иқтисодиёт, демократия ҳамда сўз ва эътиқод эркинлигига оид энг нуфузли ҳисоботларда вазияти энг оғир давлатлар рўйхатига киритиладиган бўлди.


“The Economist Intelligence unit” тадқиқот маркази дунё мамлакатларида демократия даражасини белгилашда улардаги сайлов жараёни, аҳоли эркинлиги, ҳукумат тизими, одамларинг сиёсий маданияти каби кўрсаткичларга асосланган.

Рўйхатда барча давлатлар тўла демократик, бир қадар оқсоқ ва аралаш демократиялар ҳамда авторитар давлатларга ажратилди.

Марказий Осиёнинг икки давлати - Ўзбекистон ҳамда Туркманистон энг авторитар давлатлар орасида охирги 8 давлат қаторидан жой олди.


Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррейнинг айтишича, бу Ўзбекистондаги вазиятга берилаётган ҳаққоний баҳодир.

“Америка ҳам илк бор Ўзбекистонни диндорларни таъқиб этувчи давлатлар рўйхатига қўшди. Ўзбекистон абгор давлат сифатида таниляпти. Бу эса ушбу мамлакатга сармояларнинг келишини жиддий камайтиради”, - дейди Крейг Мюррей.

Лонгдондаги тадқиқот маркази фикрича, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистон демократия борасидаги вазиятни бир қадар яхшилай олган.

Турли рўйхатларда Ўзбекистон билан ёнма-ён кўришга одатланилган Тожикистон энди ундан 10 поғона, Қозоғистон эса 40 поғона юқорида. Қирғизистон эса авторитар давлатлар рўйхатидан мутлақо чиқариб ташланди.

Айни пайтда Ўзбекистон авторитарлик бўйича Марказий Осиёда фақат Туркманистон билан рақобатлашмоқда.

“Худо Туркманбошига ва унинг халқига саломатлик берсин. Туркманистон бор экан, Ўзбекистон нисбатан қулайроқ бир вазиятда қолаверади”, – дейди журналист Сергей Ежков.

“The Economist Intelligence unit” Швецияни дунёдаги энг демократик давлат сифатида эътироф этди.

Тадқиқот натижаларига кўра, дунё аҳолисининг ярмидан кўпи у ёки бу кўринишдаги демократик тизимларда яшайди. Аммо тўла демократиядан дунё аҳолисининг атиги 13 фоизи баҳраманд бўлмоқда. Дунё аҳолисининг 40 фоизи, жумладан, ўзбекистонликлар авторитар режимлар ҳукм сураётган ўлкаларда яшаб келмоқда. Демократия мавжуд бўлмаган энг авторитар давлат эса Шимолий Кореядир.
XS
SM
MD
LG