Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 02:24

“Oxus Gold” “Zeromax” тимсолида ўз қутқарувчисини кўрди


Буюк Британиянинг Ўзбекистонда фаолият юритаётган “Oxus Gold” олтин қазиб олиш компанияси жиддий молиявий муаммоси ечимини 16 фоиз акциясини “Zeromax” компаниясига сотиш орқали ҳал қилиш ниятини билдирди.

“Oxus Gold” акциялари “Zeromax”га 12 миллион 300 минг фунт стерлингга тушди. Аммо “Zeromax” ўз акциялари миқдорини 20 фоизгача чиқариб, вакилларини “Oxus Gold”нинг британияликлардан иборат бошқарув кенгаши таркибига киритиш ниятида.

Таҳлилчилар Швейцарияда рўйхатдан ўтган “Zeromax” Ўзбекистон иқтисодиётининг энг етакчи соҳаларини ўз қўлига олаётганини айтмоқда. Британияликлар эса Ўзбекистондаги бизнесидан айрилиб қолишдан кўра “Zeromax” билан муроса қилишни афзал кўрди.

“Zeromax”нинг ўз исмини айтишни истамаган мулозими сўзларига кўра, энди “Oxus Gold”га ҳар томонлама ёрдам кўрсатилади.

“Аввало, юридик масалаларда ёрдам берамиз ва молиявий кўмак кўрсатамиз”, - деди у.

Тошкентлик иқтисодчи журналист Дмитрий Поваров фикрича, “Oxus Gold” атрофидаги воқеалар Ўзбекистон иқтисодиётининг ўзига хос қонунлари асосида ривожланмоқда.

“Ўзбекистон бозорида турли характердаги сармоядорлар фаолият олиб боради. Кимдир муросага боришни истамаса, бошқаси муроса қилишга тайёр. Ўйлайманки, Ўзбекистондан чиқариб юборилган “Newmont mining” компаниясига ҳам акцияларни бўлишиш таклиф этилган”, - деди Д.Поваров.

Солиққа боғлиқ жанжалдан сўнг бизнеси касод этилган “Newmont mining” компанияси Ўзбекистон ҳукумати билан халқаро арбитражларда судлашишга тайёргарлик кўрмоқда.

224 миллион доллар миқдорда солиқ тўлаши талаб этилаётган “Oxus Gold” эса муаммодан чиқишнинг бошқачароқ усулини танлади.

“Zeromax” компаниясининг катта солиқдан касод бўлиши кўриниб қолган “Oxus Gold” билан шериклик тўғрисида келишувга эришиши Навоий вилояти хўжалик судининг қарорига берилган апелляция натижаси қандай бўлишини белгилаб берадигандек.

Бугунги кунда “Zeromax” Ўзбекистондаги энг даромадли соҳаларда жадал фаолият юргизяпти. Ўзбекистонда газ-нефть қазиб чиқариш, қувур тортиш, қурилиш маҳсулотлари, тўқимачилик саноати “Zeromax” қўлида тўпланмоқда. Энди “Oxus Gold”га шерик бўлган бу компания олтин қазиб чиқаришда ҳам катта режаларга эга.

Бир учи Ўзбекистон ҳукумат доираларига бориб тақаладиган “Zeromax” “Oxus Gold”ни муроса қилишга мажбур этгани ҳам айтилади. Аммо “Zeromax” вакиллари бундай иддаоларни инкор этмоқда.

“Ўзаро шерикчилигимиз бу ишлардан анча аввал режалаштирилган эди”, - дейди “Zeromax” вакили.


“Zeromax” компанияга аввал ўзбекистонлик олигархлар Ғафур Раҳимов ва унинг ҳамкори Мироодил Жалолов асос солгани айтилади. Бугунги кунда “Zeromax” акцияларининг салмоқли қисми президент Ислом Каримовнинг қизи Гулнорага тегишли экани ҳақида маълумотлар бор.

“Биз фақатгина ўзимиз учун пул ишлаётганимиз йуқ. Биз янги иш жойлари ташкил этяпмиз. Мамлакат бюджетига ва ялпи ички маҳсулот ўсишига ҳисса қўшяпмиз. Шунинг учун Ўзбекистон биз билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор. Гулнора Каримованинг эса компанияга ҳеч қандай дахли йўқ”, - дейди “Zeromax” вакили.

Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган оз сонли хорижий сармоядорлар мамлакат иқтисодиётининг ёпиқлиги билан боғлиқ турли муаммоларга дуч келаётган бир вақтда ўзини чет эл инвестори сифатида кўрсатаётган “Zeromax” муваффақиятларининг асл сабаблари сир қолмоқда.
XS
SM
MD
LG