Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 02:34

Германия МОда Европанинг нуфузини оширмоқчи


2007 йилдан бошлаб Европа Иттифоқига раислик ваколатларини қабул қилиб олувчи Германия Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни ўзининг устивор йўналиши сифатида белгилаб олди.

19 декабрь куни Брюсселда нутқ сўзлаган Германия ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер Германия ЕИга раислиги давомида тузилманинг МОга нисбатан янги стратегиясини ишлаб чиқишини эълон қилди. Унинг айтишича, Германия ЕИнинг раиси сифатида Россия ҳамда Болқон давлатлари билан ҳам янгича ҳамкорлик ришталарини ўрнатиш ниятида. Албатта, ЕИ ўз ташқи сиёсатида Яқин Шарқ ва Туркияга ҳам эътиборини сусайтирмайди.


ЕИга аъзо 27 давлатнинг ташқи сиёсатидаги устивор йўналишлардан бири сифатида МО давлатларини танлаган Германия бунинг учун жиддий сабабларни келтириши керак эди.


Франк-Вальтер Штайнмайер расмий Берлин Марказий Осиё давлатлари бўйича кенг қамровли стратегияни ишлаб чиқиб, бу минтақада ЕИ нуфузини кўтариш ниятида эканини баён қилди.

“Бу минтақа Россия ва Хитой билан бевосита қўшни бўлишига қарамай, унинг мана шу икки қудратли давлатнинг монополиясига айланиб қолишини истамаймиз. У ерда Европа ўз назарини Марказий Осиёга қаратишига умид қилаётган кўплаб одамлар бор”, – деди Штайнмайер.


МО давлатлари Европа учун нима сабабдан стратегик аҳамият касб этиши борасида Штанмайер уч сабаб келтирди.

Биринчидан, МО давлатлари таранг ёки беқарор вазият ҳукм сураётган Афғонистон, Покистон ҳамда Эронга чегарадош. Иккинчидан, Европа бу минтақада исломий ақидапарастларга қарши курашиш лозимлигини эътироф этади. Ва ниҳоят, Европа, айниқса, нефть-газ захираларига бой минтақа билан яхши муносабат ўрнатишдан манфаатдор.

Аммо Германия ташқи ишлар вазири эҳтимол Туркманистон ва Ўзбекистонга ишора қилибдир, Марказий Осиёнинг айрим давлатлари қонун устиворлиги ва демократия йўлига тушиши лозимлигини тан олди.

Бироқ, унинг айтишича, бугунги кунда МОнинг барча давлатлари билан муносабатни яхшилаш учун етарлича замин яратилган.

Германия ташқи алоқалар кенгаши таҳлилчиси Франк Умбаҳ сўзларига кўра, ҳозир асосан Россиядан газ олувчи Европа давлатлари бу борадаги имкониятларини кенгайтириш ниятида.

“Менимча, бу борада муайян натижаларга эришиш мумкин. Яқинда ЕИ ва Қозоғистон ўртасида имзоланган шартномалар бунинг яққол далилидир. Тўғри, Ўзбекистон билан тил топишиш бир қадар мураккаброқ. Лекин Андижон воқеаси мулоқотлардаги асосий тўсиқ бўлгани учун бу борада ҳам Штайнмайер муроса қилиш учун йўл очди”, – дейди Ф.Умбаҳ.

ЕИ билан муроса қилиш Ўзбекистон ҳукуматига Андижон воқеалари борасидаги танқидларни бироз камайтиришга имкон яратади.

“Аммо халқаро майдонда яккаланиб қолган Ўзбекистон ҳукумати учун бу ягона рағбатлантирувчи омил эмас, - дейди сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев. - Ўзбекистон ҳукумати тан олмаса ҳам мамлакатга келадиган сармоялар камайиб кетди. Бу Ўзбекистоннинг иқтисодиётига қаттиқ зарба берди. Россия билан ҳам муайян таранглик бор. Шунинг учун радикал ташқи сиёсат олиб бораётган ҳукумат ўз сиёсатини маълум даражада юмшатишга ҳаракат қиляпти”.

8 ноябрь куни Брюсселда ЕИ расмийлари билан учрашган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Ўзбекистон тузилма давлатлари билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор экани билдирди. Шу билан бирга, у ЕИни мамлакат ички ишларига аралашмасликка чақирди.


Бироқ Андижон воқеалари ёки мамлакатда инсон ҳуқуқларининг қўпол тарзда поймол этилишини Ўзбекистоннинг ички иши сифатида қолдириш халқаро дипломатия меёрларига зид.

Шунга қарамай, ЕИ расмийларининг ишонишича, Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари масаласига бепарво Россия билангина алоқа қилмайди.

“Бу Ўзбекистон ҳукуматининг узоқ муддатли стратегик манфаатларига тўғри келмайди”, – дейди Франк Умбаҳ.
XS
SM
MD
LG