Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 02:33

Туркманбоши халқини аросатга ташлаб кетди


20 декабрдан 21 декабрга ўтар кечаси маҳаллий вақт билан соат бирдан ўн дақиқа ўтганда Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзов тўсатдан юрак хуружидан вафот этди.

Туркманистон давлат телевидениеси орқали эълон қилинган бу хабар бир зумда бутун дунёга тарқалди.

“Улуғ раҳбаримизни 24 декабрь куни дафн этишга қарор қилинди ва мамлакатда етти кунлик мотам эълон қилинди”, – дея хабар тарқатди Туркманистон давлат телевидениеси.

Туркманистонга деярли чорак аср давомида раҳбарлик қилган, “барча туркманлар отаси”, “Туркманбоши” унвонларига эга С.Ниёзов 66 ёшда эди.

Ғарб дунёсида энг авторитар ҳамда репрессив тузум раҳбари сифатида танилган С.Ниёзов ўзининг ғайриоддий чиқишлари ҳамда ҳаракатлари билан бутун дунёни лол қолдирарди.

Туркманбоши хавфли сиёсий мерос қолдирди. Мамлакатдаги бутун сиёсий тизимни ўзининг шахсига мослаштирган С.Ниёзовнинг ўлими бу мамлакатни яқин келажакда нима кутаётгани борасидаги саволларни очиқ қолдиради.

Унинг ўлимидан сўнг конституция бўйича давлат раҳбари вазифасини бажариши лозим бўлган парламент спикери ҳибсга олинди.

С.Ниёзовнинг ўрнини унинг яқин сафдоши (айрим маълумотларга кўра, беникоҳ туғилган ўғли), бош вазир ўринбосари Қурбонгули Бердимуҳаммедов эгаллагани эълон қилинди. Шунингдек, у Туркманбошини дафн этиш бўйича давлат комиссиясига ҳам раҳбарлик қилади.

Халқаро жамоатчиликдан изоляцияда яшаган Туркманистонда сиёсий жараёнлар қандай йўлдан боришини аниқ башорат қилиш мушкул. Чунки мамлакатдаги сиёсий кучлар ёки алоҳида раҳбарларнинг сиёсий қараши, уларнинг ўзаро муносабатлари борасида аниқ маълумотлар йўқ. Мамлакат ташқарисида қолаётган мухолифатнинг бу борадаги имкониятлари ҳам чекланган.

Туркманбошининг ўлими юзасидан расмий Тошкент ўз таъзиясини билдирди.

“Расмий мотам маросимида давлатимиз вакиллари ҳам сўзсиз иштирок этади. Ўзаро алоқаларга келсак, Туркманистон билан яхши қўшничилик муносабатларига эгамиз”, – деди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг юқори мартабали мулозими.

Аммо яқин ўтмишда расмий Тошкент ва Ашхобод ўртасида жиддий дипломатик зиддиятлар бўлгани маълум.

2002 йилда Туркманбоши мухолифат томонидан ўзига қарши уюштирилган суиқасд уриниши ташкилотчиларига расмий Тошкент кўмак кўрсатганини даъво қилган эди.

Икки йилдан сўнг ўзаро муносабатлардаги таранглик бироз юмшади. 2004 йил ноябрь ойига келиб президентлар Ислом Каримов ва С.Ниёзов Бухорода учрашди ва Туркманбоши икки давлат ўртасида барча мунозарали масалалар ҳал этилганини эълон қилди.

“Ўзбек биродарларимизга, ўзбек опа-сингилларимизга айтмоқчиманки, Туркманистон ҳар доим Ўзбекистоннинг тинч, барча масалаларда ҳамкорлик қилишга тайёр қўшниси бўлиб келган, шундай бўлиб қолади ҳам. Мен ўзбек халқига фаровонлик ва бахт тилайман. Ҳамма билиши лозим, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида бирор бир зиддиятли ва мунозарали масалалар йўқ ва бу жуда муҳим”, – деганди С.Ниёзов.

Президентларнинг Бухородаги учрашувидан сўнг Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги муносабатлар бир маромда давом этиб келмоқда. Аммо Туркманистон раҳбарининг ўлими мазкур муносабатларни қайси томонга ўзгартириши ҳозирча қоронғу қолмоқда. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан Марказий Осиёдаги бошқа бир авторитар ва репрессив тузум сифатида кўрилаётган Ўзбекистон раҳбариятига бундай эврилишлар қандай таъсир этиши ҳам маълум эмас.

“Озодлик”ка яқинда интервью берган таниқли журналист Сергей Ежков: “Худо президент Ниёзовга соғлиқ берсин, Ниёзов бор экан Ўзбекистон унинг манзарасида нисбатан яхшироқ давлат бўлиб кўринаверади”, - деганди.

Аммо Туркманбошининг соғлиғи панд берди. Унинг ўлими эса, сиёсатшунос Шароф Убайдуллаев фикрича, Туркманистон ва минтақада жиддий ўзгаришларга сабаб бўла олмайди.

Туркманистон раҳбарининг ўлими юзасидан муносабат билдирган халқаро жамоатчилик вакиллари бу мамлакатда жиддий сиёсий ўзгаришлар содир бўлишига умид қилаётганини таъкидламоқда.

Европа Иттифоқи ташқи алоқалар коммисарининг матбуот котиби Эмма Удвин: “Туркманистонда давлат раҳбарининг алмашиш жараёни қонун устиворлиги тамойилларига асосан конституцияга мувофиқ ўтказилишига умид қиламиз. Умид қиламизки, мамлакат тепасига янги раҳбар келгандан кейин Туркманистон демократик ривожланиш йўлига қайтади”, – деди.

ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел ҳам шунга умид билдириб, Туркманбошининг ўлими юзасидан дипломатия қоидаларига мувофиқ таъзия билдирилишини маълум қилди. Ҳозирча эса тузилма расмийлари бу давлатга нисбатан кейинги сиёсати борасида аниқ тўхтамга келмаган кўринади.

“Ҳозир ҳокимиятнинг бир қўлдан иккинчи қўлга ўтиш жараёни кечмоқда. Биз бу жараёнларни диққат билан кузатяпмиз”, - деди Пьер Морел.

Таҳлилчилар фикрича, табиий захираларга бой Туркманистонда ҳокимият учун кураш авж олиши мумкин. Минтақа ва минтақадан ташқаридаги қудратли давлатлар Туркманистон раҳбарлигида ўзига мойил шахсни кўришни истайди.

Таҳлилчилар бу борада, айниқса, Россиянинг кенг имкониятларга эга эканини айтмоқда.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров С.Ниёзов ўлимига муносабат билдирар экан: “Биз давлат бошқаруви алмашуви қонунга риоя қилинган ҳолда амалга ошишига умид билдирамиз. Бизнинг ҳамкорлигимиз давом этишига ҳамда янги раҳбарият у ерда яшовчи аҳоли, Туркманистон ҳалқи манфаати учун ҳаракат қилиб, Россия билан ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга ҳамда Марказий Осиё минтақасида барқарорликни сақлашга ҳаракат қилишига умид қилиб қоламиз”, - деди.
XS
SM
MD
LG