Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 02:33

2006 йил журналистлар учун энг ҳатарли йиллардан бири бўлди


“Чегара билмас муҳбирлар” ташкилоти маълумотига кўра, 2006 йилда дунё бўйлаб 81 нафар журналист ўлдирилган. Бу сўнгги 12 йил ичида энг юқори кўрсаткичдир. “Журналистлар халқаро федерацияси” эса йил давомида 155 журналист ўлдирилганини қайд этди. “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг 2006 йил дунё бўйлаб матбуот эркинлигига оид ҳисоботига кўра, ортда қолган йилда 900 га яқин журналист ўз фаолияти сабабли ҳибсга олинган.

2006 йилда қарийб бир ярим минг журналистга ҳужум қилинди ҳамда 56 нафари гаровга олинди. Бундай вазиятдан ташвиш билдириб, БМТ хавфсизлик кенгаши дунё ҳукуматларидан журналистлар хавфсизлигини таъминлаш талаб этилган резолюцияни бир овоздан қабул қилди.

Ироқда 2003 йилда уруш бошлангандан буён юздан зиёд журналист нобуд бўлди. Ироқ, Фаластин каби дунёнинг энг қайноқ нуқталари журналистлар фаолияти учун энг хатарли ҳудуд бўлиб қолмоқда. Аммо уруш ҳаракатлари бўлаётган давлатларда ҳам тинчлик ҳукм сураётган ўлкаларда ҳам журналистлар кўпинча қасддан нишонга олинади.

“Умуман журнализм учун фожеали бир вазият ҳукм сурмоқда. Оммавий ахборот воситалари кучаймоқда. Аммо афсуски, кучайган сайин журнализм хатарлироқ бўлиб боряпти”, – дейди қароргоҳи Брюсселда жойлашган “Журналистлар халқаро федерацияси”нинг бош котиби Айдан Уайт.

Дунёнинг энг қайноқ нуқталарида бўлаётган жараёнлар табиий-ки, одамларни кўпроқ қизиқтиради. Қизиқиш бор жойда эса, албатта журналисталарни топасиз.

“Аммо уларнинг хавфсизлиги таъминланмаган жойларда ахборотлар холислигига путур етади. Ғазо ёки бошқа хавфли минтақаларда нималар бўлаётганини билиш жуда ҳам муҳим. Аммо журналистлар ҳаётига тахдид ахборотларнинг сифатига ва сер қирралигига салбий таъсир кўрсатади”, – дейди Жан Франсуа Жуллиард.

2006 йилда Филипинда 13 журналист, Мексикода эса 10 журналист ўлдирилди. Россияда уч журналистнинг жумладан президент Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси Анна Политковская ўлдирилгани бу мамлакатда сўз эркинлиги борасида жиддий хавотир уйғотмоқда.

Аммо матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият фақатгина журналистларнинг ўлдирилиши сабабли ёмонлашмайди.

2006 йилда Саудия Арабистони, Беларус, Шимолий Корея ёки Ўзбекистондан журналистлар ўлими ҳақида хабарлар олинмаган бўлса–да, бу давлатлар матбуот эркинлиги борасида энг кўп ҳавотир уйғотаётган давлатлар сифатида эътироф этилмоқда. Жан Франсуа Жуллиарднинг айтишича, бу журналистларга энг кўп таҳдид солиниб қўрқитиладиган давлатлардир.

“Бу ерда қандайдир қўрқув муҳити яратилган. Журналистлар ҳибсга олиниши ёки ўзига ҳужум қилиниши мумкинлигидан қўрқади. Улар ўз ўзларини цензура қилишади. Журналистларни ўлдиришга бормаган бўлса ҳамда уларга таҳдид солиб, уларнинг бир нечтасини қамаш орқали ҳукумат бундай қўрқув муҳитини ярата олди. Ва ахборот устидан тўлиқ назоратни қўлга олди”, – дейди “Чегара билмас мухбирлар ташкилоти вакили.

Дунё бўйлаб журналистларга нисбатан таҳдиднинг ортиб бораётгани эътироф этган БМТ хавфсизлик кенгаши 23 декабр куни журналистларнинг ўлдирилишини қораловчи ҳамда уларнинг хавфсизлигини оширишга қаратилган резолюцияни бир овоздан маълуллади. Бу резолюция ҳукуматлардан уруш шароитида ишлаётган журналистларнинг хавфсизлигини таъминлашни талаб этади.

“Сўз ва матбуот эркинлиги масаласида ўз мажбуриятларини бажармаётган давлатларнинг кўплиги аён. Шунинг учун ҳам бу резолюция муҳимдир. Тарихда илк бор БМТ бош котиби халқаро ҳуқуқ доирасида ўз мажбуриятларини бажармаётган давлатларни БМТ муҳокамасига тақдим этиши мумкин. Мисол учун Ўзбекистон ҳукумати журналистлар ҳуқуқларини таъминлашни бошламаса, бу давлат БМТ да муҳокама этилади. Биз эса, БМТдан чора кўришини талаб этамиз”, – дейди “Журналистлар халқаро федерацияси” нинг Бош котиби Айдан Уайт.
XS
SM
MD
LG