Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 02:33

Ўзбекистон НАТО билан ҳамкорликни қайта тиклайди


НАТОнинг юқори лавозимли вакили Роберт Симмонснинг 13-14 декабрь кунлари Тошкентга қилган сафари чоғида Ўзбекистон ва НАТО ўртасидаги ҳамкорликни қайта тиклаш бўйича келишувга эришилгани маълум бўлди.

Мазкур келишувга кўра, Ўзбекистоннинг НАТОдаги расмий вакили ўрни қайта тикланади, бу вазифани Ўзбекистоннинг Брюсселдаги элчиси Эсон Мустафоев бажаради.

Ўзбекистон ва НАТО ўртасидаги ҳамкорлик 2005 йил 13 май кунги Андижондаги ғалаённинг қонли бостирилиши НАТО томонидан қаттиқ қораланганидан сўнг расмий Тошкент томонидан тўхтатиб қўйилган эди.

НАТО ҳали ҳам Андижон воқеалари борасида халқаро мустақил тергов ўтказиш талабидан воз кечгани йўқ. Шунга қарамай, альянс Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттириш заруратини таъкидлаб келмоқда.

НАТОнинг ноябрь ойида Ригада бўлиб ўтган саммити давомида “Озодлик” мухбири саволига жавоб берар экан, НАТО бош котиби Яап де Ҳооп Схеффер альянс Ўзбекистон билан алоқаларни қайта тиклаш ниятида эканини билдирган эди.

“Ўзбекистоннинг НАТО Евроатлантик ҳамкорлик кенгаши анжуманларида иштирок этмаётганидан афсус билдиришдан ўзга иложим йўқ. Ўзбекистон томони, афсуски, бундай анжуманларда қатнашмаслик сиёсатини давом эттиряпти. Бу борада мен нима ҳам қила оламан!? Менга қолса уларни эртагаёқ кўришни хоҳлардим. Андижон борасида келишмовчиликларимиз бор, албатта. Аммо уларни муҳокама этиш учун Ўзбекистон расмийлари учун ажратилган, аммо ҳозирча бўш қолаëтган ўриндиқлар билан гаплашиш оғир”, – деган эди НАТО бош котиби.


Энди эса расмий Тошкент НАТОнинг ҳамкорликни давом эттириш таклифини қабул қилмоқда. Ўзбекистон ҳукуматининг “Озодлик” билан суҳбатда бўлган юқори мартабали мулозими бу қарор Россиянинг минтақада ортиб бораётган таъсирига мувозанат яратиш мақсадида қабул қилинганини билдирди. Айни пайтда НАТО бош котибининг Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари бўйича махсус вакили Роберт Симмонс Ўзбекистоннинг бундай қадамини олқишлади.

“Биз Андижон воқеалари борасидаги мавқеимиздан воз кечмасдан Ўзбекистон билан нормал муносабат ўрнатиш мақсадини кўзлаган эдик. Ўзбекистоннинг НАТО Евроатлантик ҳамкорлик кенгаши доирасидаги тадбирларида иштирок этишига умид қилган эдик. Улар ҳозирча айнан мана шу каби ҳамкорликка розилик билдирди”, - деди Р.Симмонс.

Унинг “Озодлик”ка айтишича, Тошкент сафари чоғида Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирлари билан учрашган.

“Ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан аввалдан яхши таниш эдик. Мен Ўзбекистон ҳукумати НАТО билан ҳамкорлик доирасидаги айрим фаолиятини қайта тиклашига умид билдирдим. Назаримда иккала томон ҳам ҳамкорлигимизни аввалги даражага кўтариш имконсизлигини таъкидлади. Аммо бир оз бўлса ҳам ҳамкорликни давом эттиришга келиша олдик”, - деди Р.Симмонс.

Унинг фикрича, томонлар нормал ҳамкорлик ўрнатиш мавриди етиб келганини англамоқда.

Ўзбекистон ҳукумати ўтган йили Россияга мойил Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзолигини ҳам қайта тиклади. Янги шароитда НАТО билан ҳамкорлик Ўзбекистонга нима беради?

“Ҳозир иккала томон алоқалар қандай ривожланишини амалда кўриши керак. Музокаралар давомида Ўзбекистон томони ҳам менга КХШТга қўшилганини эслатди. Мен эса Қозоғистон ёки Қирғизистон ҳам шу ташкилот аъзоси бўла туриб НАТО билан фаол ҳамкорлик қилиб келаëтганини таъкидладим. Бу масалада ҳеч қандай зиддият йўқ. Шунинг учун Ўзбекистонинг КХШТга аъзолиги биз учун ҳеч қандай муаммо туғдирмайди. Биз у ташкилот билан рақобат қилмаймиз. Дарҳол бўлмаса ҳам биз Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтириш ҳақида ўйлаб кўришимиз мумкин”, - деди Р.Симмонс.
XS
SM
MD
LG