Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 02:26

ACDI/VOCA нишонга олинди


Ўзбекистон Адлия вазирлиги кўрсатмаси билан АҚШга қарашли ACDI/VOCA ташкилотининг Андижондаги ваколатхонасида текширув ўтказган солиқ идораси ташкилот катта миқдордаги маблағни солиқдан яширганини қайд этди.

Энди эса Андижон солиқ идораси бу ташкилотга 3 миллион АҚШ доллари миқдорида жарима солмоқчи.

Қисқа муддат давомида Ғарбнинг кўплаб нодавлат ташкилотларини ёпиб ташлаган Ўзбекистон ҳукумати мазкур ташкилотга нисбатан ҳам энг кескин чора кўриши эҳтимолдан холи эмас.

ACDI/VOCА нодавлат ташкилотининг Фарғона вилоятидаги фаолияти кичик тадбиркорларга ўз бизнесини юргизиб олиши учун микрокредитлар бериш билан чекланган эди.

2002 йилда Андижон шаҳрида ўз ваколатхонасини очган ташкилот қарийб 5 минг тадбиркорга ёрдам кўрсатди. Айнан АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида илиқ муносабатлар даврида Ўзбекистонда пайдо бўлган ACDI/VOCА энди ўз фаолиятини тўхтатиши мумкин. Солиқ идораси ташкилотнинг сўнгги беш йиллик фаолиятини илк бор синчковлик билан текширди ва камчиликлар топди ҳам. Ваколатхона солиққа тортиш қоидаларга зид равишда кўп миқдордаги мамлағни ўзининг банк ҳисобига тушурмаганликда айбланмоқда.

ACDI/VOCА ташкилоти микрокредитлар бериб, фоиз тушумларидан мўмайгина даромад ҳам кўргани айтилади. Ҳукумат сиёсатини ёқловчи Минтақавий сиёсат жамғармасининг таҳлилчиси ACDI/VOCА ташкилоти Андижонда зўравонликларни уюштирган “акрамия” оқимига аъзо тадбиркорларга ҳам қарзга пул берган бўлиши мумкинлигини билдирди. Мазкур иддаоларни Бош прокуратура тасдиқламади.

Андижон воқеалари борасида чиқарилган кўплаб таҳлилий материалларга ишонилса, 2005 йил 13 май куни содир бўлган Андижон ғалаёнини аҳоли турмуш даражасининг пастлиги ёки қашшоқлик келтириб чиқарган.

“ACDI/VOCА Андижонда айнан қашшоқликнинг олдини олишга қаратилган фаолият юритиб келади”, - дейди ташкилотнинг Андижондаги ваколатхониси ходими Алишер Ералиев.

Унинг сўзларига кўра, агар солиқ идораси талаб қилаётган 3 миллион доллар миқдордаги жарима суд орқали ундирилгудек бўлса, ташкилот ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур булади.

“Бундай пулимиз йўқ, албатта, агар бу маблағ ундирилса, ўзимизни банкрот, деб эълон қиламиз”, – деди у.

Ўзбекистон ҳукумати Андижон воқеаларидан кейинги қисқа муддат давомида АҚШга қарашли кўплаб нодавлат ташкилотларнинг фаолиятини тўхтатган. Бундай ташкилотларнинг аксарига насронийликни тарғиб этиш, рўйхатдан ўтиш қоидаларини бузиш ҳамда молиявий айблар қўйилган.

Фаолияти тўхтатилган мазкур ташкилотлар Ўзбекистонда иқтисодиёт, таълим, инсон ҳуқуқлари ва демократия, оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш дастурларни амалга оширар эди.
XS
SM
MD
LG