Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 02:39

Ҳар қандай олдининг бердиси бор


10 январь куни Россия ҳукумати Ўзбекистоннинг Россия-Беларус божхона иттифоқи тўғрисидаги битимга қўшилишини маъқуллади. Россия бош вазири Михаил Фрадков бу борадаги тегишли фармойишга имзо чекди.

Қозоғистон ва Қирғизистон ҳам қўшилган мазкур иттифоққа Ўзбекистонни қабул қилиш бўйича протокол Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти давлатлараро кенгаши йиғилишида имзоланиши кутиляпти.

Бу иттифоқ тўғрисидаги битимга Ўзбекистоннинг қачон қўшилишини аниқ айтиш мушкул. Аммо куни-кеча Россия ҳукуматининг, ўтган йил охирида эса Беларус томонининг бунга розилик билдиргани Ўзбекистоннинг битимга қўшилиши вақт масаласига айланганини кўрсатади.

Битимга қўшилган давлатлар ягона божхона ҳудудини ташкил этади. Унга кўра, давлатлар ўртасидаги ўзаро савдо чоғида уларнинг ҳудудида ишлаб чиқарилган товарлар учун бож олинмайди.

Битим ғояси божхона иттифоқига аъзо давлатлар ўртасида шу тариқа эркин савдо ҳудуди барпо этишга қаратилган. Ўзбекистоннинг бу иттифоққа қўшилиши ўзбек маҳсулотлари учун Россия, Қозоғистон, Беларус ва Қирғизистон бозорларини очишга имкон беради.

“Биз учун бунинг энг манфаатли томони маҳсулотларимизни олиб ўтишда божхона тарифлари масаласида енгилликнинг яратилишидир. Мана шу биз учун энг муҳими”, - деди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мулозими.

Расмийлар фикрича, Ўзбекистоннинг божхона иттифоқига аъзо бўлиши иттифоқнинг бошқа иштирокчилари билан товар айрбошлаш ҳажми кўпайишига ўз ҳиссасини қўшади.

Аммо айни пайтда ички бозорини юқори божхона тариф ставкалари билан ҳимоя қилиб келаётган Ўзбекистон ўз бозорини очадими?

Иқтисодчи Дмитрий Поваров сўзларига кўра, бу масала ҳукуматнинг сиёсий иродасига ҳамда божхона тўсиқларни бутунлай олиб ташлашни қанчалик исташига боғлиқдир.

“Табиийки, Ўзбекистонга олиб келинадиган маҳсулотларнинг қимматроқ бўлишидан манфаатдор кучлар бор. Албатта, импорт товарларнинг нархи арзонроқ бўлишини истаётганлар ҳам йўқ эмас. Шунинг учун бу масала ҳукумат қайси бир гуруҳнинг таъсирига тушишига боғлиқ бўлади. Аммо божхона тарифлари ва акцизлари янада оширилишини кутаётганимиз йўқ. Оширадиганини аллақачон ошириб бўлишган”, – дейди Дмитрий Поваров.

1995 йилда Россия ва Беларус имзолаган божхона иттифоқи тўғрисидаги битим уларга бир-бири билан эркинроқ савдо қилиш имконини берди. Аммо Россия ва Беларус ўртасида газ нархлари ва нефть транзити бўйича яқинда кузатилган келишмовчиликлар бу битимнинг заиф жиҳатларини ошкор этгандек бўлди.


Беларуслик таниқли иқтисодчи Ярослав Романчукнинг таъкидлашича, 10 йил давомида ўз бозорини Беларус маҳсулотлари учун очиб берган Кремль ҳозир бунинг эвазига расмий Минскнинг сиёсий ваколатларини сўрай бошлади.

“Беларус ҳақиқатан ҳам Россия бозорига кириш имтиёзларига эга эди. Аммо Александр Лукашенкога конституциявий актларга имзо қўйиш, Кремль билан ваколатларни бўлишиш, қолаверса, ягона валютани жорий этиб, “Белтрансгаз”ни сотиш ҳақида талаблар тушиши биланоқ бу иттифоқ берган имтиёзлар ҳам унинг кўзига кўринмай қолди”, - дейди Я.Романчук.

Унинг айтишича, Ўзбекистон ҳам Россия билан иттифоқчиликдан аввалига жуда катта иқтисодий манфаатларга умид қилиши мумкин.

“Аммо ҳар қандай олдининг бердиси ҳам бўлади”, - дейди иқтисодчи.
XS
SM
MD
LG