Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:27

Страсбург суди “Иваново ўзбеклари”ни ҳимоя қилмоқда


Страсбургдаги Европа инсон ҳуқуқлари суди Россия ҳукуматидан ўзбекистонлик қочқинларнинг қарийб 20 ойдан буён Иваново шаҳрида ҳибсда сақлаётгани борасида изоҳ талаб қилди.

“Иваново ўзбеклари” номини олган 13 кишидан иборат бу қочқинлар гуруҳи Ўзбекистон ҳукумати томонидан Андижондаги ғалаённи ташкиллаштиришга алоқадорликда айбланмоқда ва улар Россияда айнан Ўзбекистон талаби билан ҳибсга олинган эди.

Аммо Страсбург суди ўзбекистонлик қочқинлар ўз Ватанига қайтарилган тақдирда уларнинг қийноққа солиниши ёки адолатсиз суд жараёни сабаб узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм этилишидан хавотир билдирмоқда.

Бу суд Ивановодаги ўзбек қочқинлари ишини имтиёзли равишда кўриб чиқиш лозим, деган хулосага келди.


Қочқинларни қарийб 20 ойдан буён вақтинчалик ҳибсда сақлаш Россия қонунларига ҳам зиддир. Россия Олий суди уларни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари қўлига топшириш тўғрисида аллақачон қарор чиқарган. Кейинроқ мазкур ишга Европа суди аралашиб, қочқинларнинг Ватанига қайтарилишини тўхтатиб қўйди.

Ўзбек қочқинларининг ҳуқуқлари учун курашаётган ҳуқуқшунос Светлана Мартинова таъкидича, Страсбург суди қарори “Иваново ўзбеклари”нинг ягона умидидир.

“Европа суди бу фуқароларга қийноқлар таҳдид солаётганини ва шу тариқа экстрадиция ижроси бўйича халқаро конвенциянинг 3-банди бузилишини эътироф этса, у ҳолда экстрадицияни тақиқлаши мумкин”, - дейди С.Мартинова.

Айни пайтда Европа суди ўзбек қочқинларини расмий Тошкент қўлига топшириш қарорини чиқарган Россия ҳукуматига беш савол билан мурожат қилмоқда. У қочқинларни экстрадиция қилиш қарорини чиқаришдан аввал Россия ҳукумати Ўзбекистондаги қийноқлар, ўлим жазосининг бекор қилинмагани, суд адолатсизликлари ҳақида қанчалик эътибор қилгани билан қизиқмоқда.

Бу саволларга Россия томони 2007 йил 6 мартга қадар жавоб бериши керак. Бу муддатга қадар Европа суди Россия ҳукуматига “Иваново ўзбеклари” ишини муросали тарзда ҳал этишни ҳам таклиф этмоқда. Чунки БМТнинг қочқинлар бўйича агентлиги уларга аллақачон қочқин мақомини берган ва уларни учинчи давлатга кўчиришни тавсия этган.

Андижон воқеалари чоғида мутлақо Ўзбекистон ҳудудида бўлмаган бу фуқаролар, Ўзбекистон Бош прокуратураси таъкидича, ғалаён ташкилотчиларига молиявий кўмак кўрсатган.

Аммо халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистонда маҳбусларга нисбатан муносабат, қийноқлар остида кўрсатма олиш ва суднинг мустақил эмаслиги борасидаги хулосалари айбланувчиларни Ўзбекистонга топширишни халқаро қонунчиликка қарши қўяди.

“Ҳар қалай бу қочқинлар Европа суди ҳимояси остида қолмоқда. Агар Россия оқибатларидан қўрқмасдан халқаро конвенцияни бузишга қўл урмаса...”, – дейди адвокат С.Мартинова.

Ўзбекистон ҳукумати билан илиқ муносабатларни сақлаб келаётган Россия расмий Тошкентнинг талабларини ерда қолдирмаслиги мумкин ва бу амалда ўз исботини топган. Масалан, Ўзбекистон талаби билан Россияда ҳибсга олинган ўзбекистонлик қочқин Рустам Мўминов яқинда юртига мажбуран қайтарилган эди.

Страсбург суди назарига тушган “Иваново ўзбеклари”нинг вазияти бугунги кунда анча яхши, деб баҳоланаётганига қарамай, уларнинг ҳам ўз юртига жўнатилиши эҳтимолдан холи эмас.
XS
SM
MD
LG