Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:26

Коррупционерлар давлатга 260 миллион долларни қайтарди


Ўзбекистонда иқтисодий жиноятларни содир этганликда айбдор топилган қарийб 9 минг фуқародан 260 миллион АҚШ доллари миқдорида жарима ундириб олинди.

Мамлакатда иқтисодий жиноятлар учун жазо сифатида жарима солиш тартибининг амалий тадбиқи натижалари борасида сўзлаган Ўзбекистон Олий суди раиси Бўритош Мустафоев ана шундай рақамларни келтирди.

2001 йилдан бошлаб Ўзбекистон суд тизимида иқтисодий жиноятлар учун жазонинг янги тури, яъни давлатга етказилган моддий зиённи қоплаш тартиби жорий этилганди.


Ўзбекистон Бош прокуратураси маълумотига кўра, ана шу янги тартиб асосида давлат мулкини талон-тарож қилишда айбланган Ўзбекистоннинг бир қанча юқори мартабали мулозимлари жавобгарликка тортилган.

Бош прокуратура матбуот котиби Светлана Ортиқова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда “Ватан манфаатларини шахсий манфаатларидан устун қўйган” мансабдорларни жазо муқаррарлигидан огоҳлантирди.

С.Ортиқова: У ёки бу шахс иқтисодий жиноят содир этиб, моддий зарарни қоплаган тақдирда суд бу шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони қўлламайди. Бу инсонпарварлик ва суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг натижаси бўлиб, демократия ривожланиши шуни тақозо этади. Бош прокуратура алоҳида тоифадаги ишларни тергов қилади ва дастлабки тергов давомида давлатга ёки муайян ташкилотга етказилган зарарни ундириш масаласини ҳал қилади ва шу орқали бундай жиноятлар бошқа мансабдор шахслар томонидан содир этилмаслиги олдини олади.

Мухбир: Иқтисодий жиноятлар, асосан, кимлар томонидан содир этилмоқда?

С.Ортиқова: Ўзбекистонда, албатта, ўзининг ғаразли манфаатларини йўлида у ёки бу мансабдор шахс давлат, Ватан манфаатини четда қолдириб, иқтисодий жиноятларга қўл уради. Аммо ким бўлишидан қатъий назар жиноятга қўл урган шахслар, шубҳасиз, жиноий жавобгарликка тортилади ва суд олдида жавоб беради.

Мухбир: Мансабдорлар ҳақида гапиряпсиз. Кўпроқ қайси соҳалардаги мансабдор шахсларни назарда тутяпсиз?

С.Ортиқова: Жиноятларни соҳама-соҳа ажратмаган бўлардим. Аммо энг сўнгги воқеани эслайлик. Яқинда Хоразм вилояти ахборот ва матбуот бошқармаси бошлиғи ғаразли ниятларда ташкилотга тегишли автомашинани ўзлаштиргани маълум бўлди. Шу қаторда ғаразли ниятдаги айрим мансабдор шахслар жиноятга қўл уради.

Мухбир: Бу каби жиноятлар кўпаймоқда, деган маълумотлар бор. Бу борада прокуратура мулозими ўлароқ нима деб айта оласиз?

С.Ортиқова: Коррупцияга қарши кураш учун ҳар бир ҳуқуқ-тартибот идорасида махсус бўлимлар бор. Коррупцияга қарши курашиш жадал кетяпти. Коррупция нафақат Ўзбекистонда, бошқа ривожланган давлатларда ҳам содир этиляпти-ку. Тўғрими? Ўзбекистонда ҳам шунақа жиноятлар содир этиляпти ва бунга қарши кескин кураш олиб бориляпти.

Мухбир: Ўзбекистонда бир қанча шов-шувли суд жараёнлари кузатилди. Хусусан, Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Козим Тўлаганов ёки президентнинг собиқ маслаҳатчиси Исмоил Жўрабеков каби юқори мартабали мулозимлар борасида прокуратура қандай фикрда?

С.Ортиқова: Бу одамлар мансабдор шахс бўла туриб, ғаразли жиноятларни содир этгани учун суд олдида жавоб берган ва тегишли жазони олган.

Мухбир: Улардан ташқари яна бир неча мулозим жавобгарликка тортилиб, давлатга етказилган кўп миқдордаги зарарни қоплагани маълум. Аммо иқтисодий зарарни қоплаш анча юмшоқ жазо эмасми?

С.Ортиқова: Менимча йўқ. Иқтисодий жазо жиноий жазодан кўра уларга кучлироқ таъсир қилади.
XS
SM
MD
LG