Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:30

Ироқ уруши АҚШнинг “қўли”ни калтартириб қўйди..ми?


АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси Жон Ордвей Остонада ўтган матбуот анжуманида АҚШ яқин йиллар давомида Марказий Осиё давлатларидаги дастурларини молиялаштиришни қисқартириб боришини маълум қилди.

Ироқда олиб борилаётган урушнинг улкан харажатлари АҚШни дунё бўйлаб ривожлантириш дастурларини қисқартиришга мажбур қилмоқда.

Сўнгги йилларда АҚШ Марказий Осиё давлатларига ёрдам маблағларини қисқариш билан бир қаторда бу минтақадаги таъсирини ҳам йўқотиб келди.

Бошқа томондан Қирғизистондаги “лола инқилоби”, сўнг Андижондаги қонли воқеалар ортидан Ўзбекистоннинг авторитар президенти АҚШнинг ўнлаб нодавлат ташкилотларини ёпишга қарор қилди. Айрим маълумотларга кўра, ўтган йили Американинг бу давлатга кўрсатган ёрдами миқдори 10-20 миллион долларни ташкил этган. 2002 йил Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги энг илиқ муносабатлар даврида Ўзбекистонга қарийб 200 миллион доллар миқдорда ёрдам кўрсатилган эди.

АҚШ Давлат департаменти Марказий Осиёда демократия ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни рағбатлантириш ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлаш Американинг бу минтақадаги устивор мақсадларидан эканини таъкидлаб келади.

АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси Жон Ордвей АҚШ мазкур ғояларига содиқ қолаётганига қарамай, яқин йилларда Марказий Осиёга ёрдам дастурлари учун камроқ ёрдам маблағларини ажратиш назарда тутилганини билдирар экан: “Марказий Осиё давлатларига ёрдам дастурларимиз келаётган бир неча йил давомида камроқ молиявий ресурсларга эга бўлади. Бунинг асосий сабаби Вашингтонда юзага келган бюджет тақчиллигидир. Бу эса биз учун устивор минтақалар ўртасида молия учун рақобатни кучайтирди”, - деди.

Шу билан бирга, у Марказий Осиё ҳам АҚШ учун ўз аҳамиятини йўқотмаганини таъкидлади.

Аммо бу минтақа аҳамияти нуқтаи назаридан вазияти таранглашиб бораётган Яқин Шарқ ва Афғонистон билан рақобатлаша олмайдиган кўринади.

Вашингтонда яшаётган ўзбек таҳлилчиси Абдуманноб Пўлатов фикрича, Марказий Осиёга маблағларнинг қисқартирилиши аслида АҚШнинг бу минтақага қизиқиши мутлақо пасайгани билан изоҳланиши мумкин.

“Америкадаги бюджет камомади ягона сабаб эмас. Бу ўринда АҚШнинг Марказий Осиёга эътибори камайганини кузатиш мумкин”, - дейди А.Пўлатов.

Айни пайтда АҚШ Ироқ, Афғонистон, Миср ёки Исроилга берилаётган маблағларни кўпайтириб бораётганини кузатиш мумкин. Марказий Осиёдаги давлатлар эса АҚШ молиясига ҳеч қачон жиддий таянмаган. Иқтисоди илгарилаб кетаётган Қозоғистон АҚШ дастурларига муҳтож эмаслигини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Тожикистон ёки Қирғизистонга ортиқча ёрдам бериш учун жиддий қизиқиш пайдо бўлмади. Газ захираларига бой Туркманистон борасида бирор аниқ қадам ташлашдан аввал Сапармурод Ниёзовдан сўнг мамлакатда нималар ўзгариши мумкинлиги юзасидан ҳали ҳам ўйлаб кўриш лозим.

Инқилобий кайфиятларнинг юзага келиши мумкинлигидан хавотирга тушган Ўзбекистон раҳбарияти эса охирги икки йил давомида АҚШнинг мамлакатдаги нодавлат ташкилотларини ёпиш билан шуғулланди.

“Пул ажратган тақдирда ҳам Америка Ўзбекистонда фуқаровий жамият, демократия ёки матбуот эркинлигига қаратилган дастурларни юргиза олмайди. Американинг Марказий Осиёдаги чекланган дастурлари минтақадаги вазиятга жиддий таъсир эта олмади. Вашингтоннинг Марказий Осиёда каттароқ иш қилиш режаси бўлганда эди, бу берилаётган маблағлар миқёсидан кўринган бўларди. Аммо бугунги кунда АҚШ маъмурияти учун Ироқ ботқоғидан чиқиш каттароқ бир муаммо”, - дейди А.Пўлатов.
XS
SM
MD
LG