Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:24

Украина ҳам Ўзбекистон газидан умидвор


Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 19 февраль куни Киевда ўтган мажлисидан сўнг Украина бош вазири Ўзбекистондан олинадиган газ миқдорини ошириш ниятида эканини билдирди.

Виктор Януковичнинг сўзларига кўра, айни пайтда Украина Ўзбекистондаги газ захираларини ўзлаштириш лойиҳаларида иштирок этиш имкониятларини ҳам ўрганиб чиқмоқда.

“Биз ёнилғи-энергетика, транспорт соҳаларида ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқишни таклиф этамиз”, – деди В.Янукович Киевдаги йиғилишни очар экан.

Унинг ёнилғи-энергетика масаласини биринчи планга чиқаргани бу масала Украина учун бугунги кунда икки томонлама ҳамкорликнинг энг долзарб йўналиши эканидан далолатдир.

Украина бугунги кунда “Газпром” воситачилигида Ўзбекистондан 2 миллиард куб метр газ сотиб олади. Украина учун эса, табиийки, яна кўпроқ ва арзонроқ газ зарур.

Аммо нефть-газ соҳаси бўйича мутахассис Дмитрий Поваровнинг айтишича, Украинанинг Ўзбекистондан оладиган газ миқдорини ошира олиши жуда ҳам қийин масала.

“Ўзбекистондан Украинага бевосита газ етказиб бериш аслида имконсиз. Бунинг механизми жуда мураккаб. Ўзбекистон газни аввалига Россия ёки Қозоғистонга берса, улар, ўз навбатида, ўз газидан Украинага узата олади. Шунинг учун икки томон истаган тақдирда ҳам “Газпром” ёки воситачилар иштирокисиз бунинг уддасидан чиқа олмайди”, – деди Дмитрий Поваров.

Украинанинг Ўзбекистондаги газ захираларини ўзлаштириш соҳасида иштирок этиши ҳам анча узоқ истиқболдаги масала бўлиб кўринади. Бунинг учун Украина таваккалчилик асосида Ўзбекистонга кўп миқдорда сармоя ётқизиши лозим.

“Жануби-шарқий Осиё ва Россия компанияларининг Ўзбекистондаги иштироки Украинадек давлатнинг Ўзбекистонга яхшироқ лойиҳаларни таклиф қила олишини имконсиз қилади”, – дейди Дмитрий Поваров.

Россиянинг “Газпром” ҳамда “Лукойл” компаниялари Ўзбекистондаги газ соҳасида етакчилик қилаётган сармоядорлар саналади. Иккала компания қарийб бир миллиард доллардан сармоя ётқизиш мажбуриятини олган.

19 февраль куни “Газпром”га қарашли “Зарубежнефтегаз” компаниясининг Ўзбекистондаги вакили Мақсуд Андержанов 2007 йилда Ўзбекистон “Газпромга” 13 миллиард куб метр газ сотишни мўлжаллаётганини билдирди.

Бу рақам Ўзбекистон газ экспортининг 33 фоиз ўсишини англатади. Аммо “Газпром” нинг Москвадаги қароргоҳида ҳозирча бундай башоратларга эҳтиёткорлик билан ёндашилмоқда.

“13 миллиард рақамини бу ерда биров эшитган эмас. Ҳозирча бизнинг баланс лойиҳамизда Ўзбекистондан 2007 йилда 9 миллиард куб метр газ сотиб олиш режалаштирилган. Кейинги йилда эса бу рақамни 10 миллиардга чиқаришимиз мумкин”, - деди “Газпром”нинг матбуот вакили.

Шубҳасиз, бир неча йилдан сўнг Ўзбекистон ўз газ экспортини жиддий ошира олади. Аммо жорий йилда эмас...

“Бу Марказий Осиё - Марказ газ қувурининг ўтказиш имконияти билан боғлиқ. Газ экспортини ошириш учун бу қувурни реконструкция қилиш керак. Шунинг учун “Газпром” газ экспортини жиддий ошириш масаласида эҳтиёткорлик қилмоқда”, – дейди Д.Поваров.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатнинг ички истеъмолини камайтириш ҳисобига газ экпортини ошириш бўйича мисли кўрилмаган марраларга эришмоқчи. Бугунги кунда Ўзбекистон ҳар минг куб метр газни юз АҚШ долларидан сотади. Бу соҳадаги компаниялар зўр даромад кўради.
XS
SM
MD
LG