Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:25

Дунё сиёсатида қуёш Ғарбдан чиқади, Ўзбекистон ҳам “қуёш нури”га ташна


http://img150.imageshack.us/img150/9079/dasfeigenbaum200rz5.jpg Марказий Осиё давлатлари бўйлаб сафарга чиққан АҚШ давлат котиби ёрдамчисининг ўринбосари Эван Фейгенбаум 28 февраль куни Ўзбекистонга 3 кунлик амалий ташрифини бошлади.




АҚШ Давлат департаментининг юқори мартабали мулозими Тошкентда ҳукумат вакиллари, етакчи инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, сиёсатшунослар ҳамда мустақил журналистлар билан учрашиши мўлжалланган.

Э.Фейгенбаумнинг Тошкентга ташрифидан кўзланган мақсад АҚШ-Ўзбекистон муносабатларни яхшилаш имкониятларини ўрганишдан иборат экани айтилмоқда. Таҳлилчилар фикрича эса айни пайтда икки давлат ўзаро мураккаб муносабатларни яхшилаш учун муроса йўллари қидирмоқда.

Журналист Сергей Ежков тахминича, Ўзбекистон томони Э.Фейгенбаум билан мулоқот давомида АҚШнинг танқидларига жавоб беришга ҳаракат қилади. Зеро, расмий Тошкент АҚШнинг қора рўйхатидаги давлатлардан бири бўлиб қолишни исмайди.

“Ўзбекистон яккалаб қўйилган давлатлар рўйхатидан чиқишни истайди. Бундай вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон ҳукумати ўзини қулай ҳис қила олмайди”, – дейди Сергей Ежков.

Ўтган йили АҚШ илк бор Ўзбекистонни диний эркинликларни чекловчи ва бу масалада алоҳида хавотирга молик давлатлар рўйхатига киритганди. Бунга Андижон воқеаларидаги сўнг диндорларга нисбатан таъқибларнинг ортиши ва қайсидир даражада АҚШга қарашли кўплаб нодавлат ташкилотларнинг миссионерликда айбланиб ёпилиши сабаб бўлди.

Аммо Россия билан яқин иттифоқчилик муносабатларини ўрнатган Тошкент расмийлари АҚШ билан муносабатларни кескинлаштирувчи хатти-ҳаракатларидан воз кечгани йўқ. Айниқса, Ўзбекистон АҚШга қарашли нодавлат ташкилотларга қарши гўёки уруш очгандек.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мулозимининг маълум қилишича, вазирлик АҚШнинг Ўзбекистон ҳукуматига билдираётган айблари юзасидан 128 бетлик ҳисобот тайёрлаган ва уни бутун халқаро жамоатчилик эътиборига ҳавола этишга шай турибди.

АҚШ давлат мулозими билан учрашувда қатнашишни режалаштираётган таниқли сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг таъкидлашича, Давлат департаменти вакили Тошкентда Ўзбекистон ҳукуматининг бундай хатти-ҳаракатларига изоҳ олишга ҳаракат қилади.

Тошкент расмийлари АҚШ ва Ўзбекистон муносабатлари нормал эканини таъкидлаб, Ўзбекистон халқаро аксилтеррор коалицияда қолиш ниятида эканини айтади. Аммо АҚШни Хонободдаги ҳаво базасидан маҳрум қилгани расмий Тошкент энди коалицияга ортиқ ёрдам бермаётганини кўрсатади.

Икки давлат ўртасидаги муносабатларни Вашингтондан кузатаётган таҳлилчи Абдуманноб Пўлатов бугунги кунда АҚШ маъмуриятида Ўзбекистон ҳукумати билан яқин муносабат ўрнатиш мушкул ва охир-оқибат бефойда бўлиши қабилидаги қараш устунлик қилаётганини айтади. Ўзбекистон раҳбариятида ҳам АҚШга нисбатан худди шундай кайфият ўртадан кетмаган.

Давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч муҳитини яратиш лозимлиги ҳақида Ўзбекистонга ўтган йили август ойида ташриф буюрган АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё давлатлари бўйича ўринбосари Ричард Баучер ҳам гапирган эди.

Аммо Вашингтоннинг Ўзбекистонга қизиқиши тобора пасаяётганини бу давлатга ажратилаётган ёрдам маблағлари йил сайин камайиб бораётганидан ҳам кўриш мумкин.

Жума куни АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида бўлиб ўтадиган матбуот анжуманида Эван Фейгенбаум ўз ташрифидан кўзланган мақсадни яна ҳам ойдинлаштиришга уринади.
XS
SM
MD
LG