Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:32

Европа Ўзбекистон билан яхши бўлиш ниятидан воз кечгани йўқ


Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Европа Иттифоқидан Тошкентга “ақл ўргатмаслик”ни сўраган бўлса-да, ЕИ бу давлат билан ўзининг шартлари асосида янги муносабатлар қуриш ниятидан қайтмагани маълум бўлди.

28 март куни Остонада ЕИ делегацияси ва Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари учрашувида В.Норов ўзаро муносабатларни ривожлантириш учун Европанинг юқори мартабали расмийларига аниқ-тиниқ шартлар қўйди.

“Муносабатларимиз икки томон манфаатларига ғоявий тус бермасдан ўрнатилсагина бир-биримизга яқинлашишимиз мумкин”, - деди В.Норов

У ЕИнинг Марказий Осиё борасидаги айрим қарашларини роса қоралаб, санкциялар масаласида сўралганда ЕИнинг бир томонлама санкциялари унинг ўзига кўпроқ зарар етказганига ишора қилди ва ЕИдан демократия масаласида дарс бермасликни сўради.

“Биз кимларнингдир олдида ўзимизни оқлаб ўтиришни хоҳламаймиз. Ҳа, биз ҳар томонлама, шу жумладан, инсон ҳуқуқлари масаласида мулоқотга тайёрлигимизни айтганмиз. Аммо бу масалада устоз-шогирд ёки етакловчи ва етакдаги муносабатлари бўлмаслиги лозим”, - деди В.Норов.

Ўзбекистон томонидан янграган бундай кескин баёнотларга ЕИ аллақачон кўникма ҳосил қилган кўринади. ЕИ делегацияси таркибида бўлган Европа кенгашининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бу каби чиқишларнинг кутилганини билдирди.

“У (яъни В.Норов) Ўзбекистоннинг аввалдан кутилган фикрларини билдирди. Бу каби фикр алмашиш аввал ҳам бўлган ва ЕИдан юз ўгиришни англатмаганди”, - деди Пьер Морел.

Унинг айтишича, Ўзбекистон ЕИга хоҳлаган гапини айтавериши ва бунинг ўзига яраша оқибатларини кўриши ҳам мумкин.

ЕИ расмийларининг билдиришича, Андижондаги намойишни қонли бостиргани учун Ўзбекистонга нисбатан киритилган санкциялар расмий Тошкентни аслида бефарқ қолдираётгани йўқ. Тошкентнинг ЕИ билан алоқалар ўрнатишда принципиалликни намойиш этиши ҳам шу билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Европа Осиё тадқиқотлари институти таҳлилчиси Жон Куиглей бугунги кунда Ўзбекистон ЕИ билан инсон ҳуқуқлари масаласини четлаб муносабат ўрната олиши имконсизлигини айтади.

“Албатта, савдо-сотиқ ва энергетика масалалари ЕИ учун муҳим, лекин иттифоқ уларни инсон ҳуқуқлари ва демократиядан устун қўймайди”, - деди Жон Куиглей.

Бу гапларни Ўзбекистон ҳукумати ЕИ расмийларидан ҳам қайта-қайта эшитаётганига қарамай, инсон ҳуқуқлари ва демократия масаласи ТАЛАБ эмас, фақатгина томонлар ўртасидаги МУЛОҚОТ МАВЗУСИ ўлароқ қолишини истамоқда.

“Ўзбекистон ҳукуматининг ташқи сиёсат юритиш усули жуда содда ва барчага тушунарли, - дейди ўзбекистонлик журналист Сергей Ежков.- Демократия, инсон ҳуқуқлари ва коррупция ҳақида гапирмайдиган, мунтазам тарзда молиявий ёрдам кўрсатиб, қарзи бўлса қистамайдиган давлатлар билан Ўзбекистон энг яқин муносабатларни қура олади”.

Бундай давлатлар эса дунё харитасида ҳам, Ўзбекистон атрофида ҳам талайгина...
XS
SM
MD
LG