Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:31

Муносабат ростдан ҳам ўзгардимикин?


АҚШнинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотидаги вакиласи Жулия Финлей “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон ҳукумати ЕХҲТга нисбатан муносабатини ўзгартираётганини билдирди.

Ўтган йили Ўзбекистон президенти Ислом Каримов томонидан кескин танқид қилинган ЕХҲТ Тошкентдаги ваколатхонасини сақлаб қолди. Аммо танқидчилар ҳозир ваколатхона фақат ҳукумат кўрсатмалари асосида фаолият юритаётганини иддао қиляпти.

Ж.Финлей “Озодлик” мухбири билан суҳбатда расмий Тошкент ЕХҲТга нисбатан муносабатини бироз юмшатганини Ўзбекистон ҳукуматининг Ғарб давлатлари билан мулоқотни давом эттириш истаги билан изоҳлади.

“Озодлик” мухбири даставвал унинг Тошкентга сафари тафсилотлари билан қизиқди.

Ж.Финлей: Тошкентга биринчи ташрифим давомида ҳукуматга икки муждани етказдим. Лекин биринчи сафаримдаёқ ҳукуматни танқид қилишим одобдан бўлмасди. Шундай қилиб мен Ўзбекистон ташқи ишлар вазири билан ўтказган узундан-узоқ музокараларим давомида ЕХҲТга Ўзбекистон элчисини юбориш масаласини ўртага қўйдим. Чунки бугунги кунда аъзо давлатлар орасида фақатгина Ўзбекистон ташкилотимизда ўзининг доимий вакилига эга эмас. Бундан ташқари, мен АҚШ ЕХҲТнинг Тошкентдаги ваколатхонасини сақлаб қолишдан манфаатдор эканини таъкидладим.

“Озодлик”: ЕХҲТнинг Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар билан ҳамкорлигига бир назар ташласак. Ташкилотингиз Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, МОнинг бошқа давлатларида ўз ваколатларини сақлаб қолдими?

Ж.Финлей: Минтақанинг беш давлати билан миссиямиз юзасидан келишмовчиликларимиз бўлмаган. Фақатгина Ўзбекистон билан жуда ҳам мураккаб даврни бошдан кечирдик. Тожикистон ҳукумати ҳам ЕХҲТнинг мандатини ўзгартирмоқчи бўлди. Аммо ҳозир биз миссиямизга янги раҳбар тайинладик ва бундан қандай натижа бўлишини бир неча ой кутамиз. Қирғиғистондаги фаолиятимиз умуман яхши, бироқ ҳукуматнинг ўзгариб туриши муаммолар туғдирмоқда. Қозоғистонда мутлақо муаммо йўқ. Туркманистонда эса янги ҳукумат келгандан кейин ҳар қандай ўзгаришлар фақат яхши томонга бўлишига ишонаман.

“Озодлик”: ЕХҲТнинг Ўзбекистон билан муносабатлари анча мураккаб бўлганини айтдингиз. Энди эса танқидчиларнинг айтишича, ЕХҲТ Тошкентда ҳукумат кўрсатмаси асосида фаолият юритяпти ва ҳукумат нуқтаи назаридан фарқли фикрга эга ташкилотлар ёки одамлар билан муносабатларни тўхтатган. Бундай танқидларга қандай жавоб берасиз?

Ж.Финлей: Бунга жавобим битта. Ўзбекистонда ташқи ишлар вазири алмашди. Тошкентдаги сиёсий муҳитнинг ўзгарганини ҳам кўриш мумкин. Менга мамлакатга кириш визаси берилганининг ўзидан ҳам муҳитнинг ўзгарганини кўриш мумкин. Сиз айтаётган вазият келажакда бўлмаслигига ишонаман. Ҳозирча Ўзбекистон АҚШ билан муносабатларини тиклаш йўлини танлади. Бунинг сабабларини аниқ билмайман. Аммо назаримда Марказий Осиёнинг барча давлатлари ўзини Россиядан мустақилроқ ҳис қилиш учун Ғарбга интилади. Ўзбекистон ким билан турмуш қуриб, кимдан ажралишни ҳал этмагани боис, Ғарбга ноз қиляптими, яна билмадим. Ҳар қалай ажралиш учун аввал турмуш қурган бўлиш лозим.

“Озодлик”: Финлей хоним, бугунги кунда Ўзбекистон ҳукумати тавсия этган ташкилотлар билан ишлаш, ҳукумат истаги асосида фаолият юритиш бирор самара беряптими?

Ж.Финлей: ЕХҲТнинг Тошкентдаги миссияси жуда ҳам эҳтиёткор ва нозик сиёсат юритиши керак. Чунки шундай бир қўрқув борки, Ўзбекистон ҳукумати фаолиятимизни чеклаши ёки ҳамкорлигимизни орқага тортиши мумкин. Бугун биз ҳамкорликни давом эттириш ҳақида ўйлаяпмиз ва бирор нарсага эришиб бўлмайдиган кунлар тугади, деб умид қиламан. Ҳукумат 10 лойиҳамиздан 7 тасини маъқуллагани ижобий ўзгаришдан далолат беради. Яна кутайлик ва вазият ривожини кузатайлик.

“Озодлик”: Афтидан, сизлар ниманидир кутяпсиз? Президентнинг кетишини кутяпсизми?

Ж.Финлей: Йўқ, биз президентнинг кетишини кутаётганимиз йўқ. ЕХҲТ ўз миссиясига ҳар куни содиқдир. Биз ҳукумат билан яхшироқ алоқалар ўрнатмоқчимиз ва фикримча, ҳукуматнинг бизга нисбатан муносабати бироз ўзгарди. Бунинг сабабларини аниқ билмайман. Бу уларнинг ўзига ҳавола...
XS
SM
MD
LG