Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:32

“Ҳолва” дейиш арзонлашди, энди оғиз чучирмикин...


Ўзбекистонда Интернетдаги ахборот сайтларини рўйхатга олиш тартиби осонлаштирилади. Бунинг учун Вазирлар Маҳкамаси оммавий ахборот воситаларини рўйхатга олиш тартибига ўзгартириш киритиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Расмий хабарларга қараганда, веб-сайт шаклидаги электрон оммавий ахборот воситасини рўйхатга олиш чоғида бундан буён камроқ ҳужжатлар талаб этилади, рўйхатга олиш йиғимининг ставкаси ўн баробар камайтирилади. Энди веб-сайт кўринишидаги электрон ОАВни рўйхатга олиш учун йиғим миқдори 12 минг 400 сўм ёки 10 долларни ташкил этади.

Ўзбекистоннинг “UZ” доменидаги сайтларнинг умумий сони 12 йил ичида эндигина тўрт мингга етди.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини “Интернетнинг энг ашаддий душманлари” ўнталигига қўшган.

Ўзбекистондаги мухбири Умида Ниёзова айни пайтда қамоқда қолаётган Москвадаги Экстремал журналистика маркази раҳбари Олег Панфилов ҳукумат ахборот сайтларини рўйхатга олиш тартибини енгиллаштиргани назоратни кучайтириш мақсадида қилинаётганини билдирди.

“Интернет сайтларини рўйхатга олиш назорат ва цензуранинг ўзига хос кўринишидир. Ўзбекистон ҳукуматининг рўйхатга олиш нархини камайтираётгани ахборот сайтларига уларни арзонроққа ўлдиришни таклиф этаётгандек”, - дейди О.Панфилов.

Ўзбекистондаги воқеаларни ҳокимият нуқтаи назаридан фарқли тарзда ёритаётган сайтларни, табиийки, ҳеч ким рўйхатга олишга шошилаётгани йуқ. Улар Ўзбекистонда гўё мавжуд ҳам эмас. “Озодлик”, “Фарғона.ру”, “Ўзметроном” ёки “Мусулмон Ўзбекистон” сайтларига киришга уринилса, мониторда инглиз тилида “бу саҳифа кўрсатила олинмайди” ёзувидан бошқа ҳеч нарса чиқмайди.

Озгина ўқув бўлса, уларга айланма йўллар билан турли прокси серверлар орқали кириш мумкин. Аммо “тамға босилган” веб-сайтлар, табиийки, рўйхатга олиш нархи 10 доллар бўлгани билан ҳукумат рўйхатидан ўтишга ҳаракат ҳам қилаётгани йўқ.

Марказий Осиё мавзусини ёритадиган нуфузли “Фарғона.ру” ахборот агентлиги раҳбари Даниил Кисловнинг ишонишича, Ўзбекистон ҳукумати мамлакат ичидаги Интернетни ўзга фикрдан мутлақо тозалашнинг энг охирги чораларини кўрмоқда.

“Улар Интернетни назорат қилмоқчи. Аммо улар ҳозирча қилиб бўлганидан кўпроқ ишни, яъни мустақил сайтларни ёппасига чеклашдан кўпроқ назоратни ўрната олмайди. Шунинг учун Интернетнинг қолган қисмида назоратни кучайтириш кам самара берадиган қўшимча бир чорадир”, – дейди Д.Кислов.

Ахборот сайтларини рўйхатга олиш тартибининг енгиллаштирилиши, айтайлик, “Қашқадарё” газетаси учун Интернет ёрдамида дунё юзини кўриш имконини беради.

Журналистлар фикрича, шундай қилиб ҳукумат ўз ғояларини тарғиб этувчи ахборот воситаларига дунё тармоғига уланишни енгиллаштирмоқда. Аммо бунинг учун дунёнинг аксар давлатларда веб-сайтлар мутлақо рўйхатга олинмайди, демократик давлатларда эса Интернетга чеклов ўрнатилмайди.
XS
SM
MD
LG