Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:21

Виктор Юшченко сўзидан қайтмоқчи эмас


Украина президенти Виктор Юшченко мамлакатда муддатдан олдин парламент сайлови ўтказиш тўғрисидаги фармонини бекор қилмаслигини яна бир бор таъкидлади.

Пасха байрами арафасида Киевдаги Авлиё София черковида сўзга чиққан президент парламентни тарқатиб юбориб, янги сайловни 27 май куни ўтказиш ҳақидаги фармони “қонуний” ва “конституцияга мос” эканини билдирди.

“Украина президенти фармони сабабли ҳеч қандай оммавий норозиликлар ва кескин вазият юзага келмаслигига кафолат бераман. Янги сайлов эркин ва адолатли бўлади”, – деди В.Юшченко.

У мамлакатдаги сиёсий бўҳронни кучайтирган фармонини бир ҳафта аввал қабул қилган эди.

В.Юшченкони ҳокимият тепасига олиб келган “зарғалдоқ инқилоб”дан 30 ой ўтиб, президентни қўллаб-қувватлаётганлар сафи қисқармоқда. Қайта президент сайлови ўтказишга имконият берган “залғалдоқ инқилоб” ташкилотчиларининг айримлари мухолифат томонга ўтиб кетди. Энди эса кўплаб украиналиклар В.Юшченкони 2004 йил охирида берган ваъдалари устидан чиқмаётганликда айбламоқда.

Аммо В.Юшченконинг асосий рақиби ўзгармади. Айнан бош вазир Виктор Янукович ҳозир ҳам президентнинг парламентини тарқатиб юбориш ва муддатдан аввал сайлов ўтказиш қарорига қарши норозилик намойишларига бош-қош бўлмоқда.

Бундай норозилик акцияларида 10 минггача намойишчи иштирок этган кунлар ҳам бўлди. Парламент ташқарисида чодирлар тиккан пикетчилар ҳамон 24 соат навбатчилик қилмоқда. Айни пайтда чодирларда бир неча талаба қолган, холос. Аммо уларнинг сиёсий талаблари қатъий.

“Биз бу ерда Юшченко ўз қароридан қайтмагунча турамиз. Ноқонуний қарорини бекор қилсин! Биз фақат парламент ҳокимиятни тан оламиз”, – дейди Сергей исмли йигит.

“Конституциявий суд ҳеч қандай босимсиз қонуний қарор қабул қилишига умид қиламиз. Суд ўз қарорини қонунга таяниб чиқариши шарт, сиёсий омилларга асосан эмас”, – дейди Наталья исмли намойишчи.

В.Юшченко Пасха арафасида қилган мурожатида бош вазир ва унинг тарафдорларини мамлакатда бошқариладиган демократия тарзидаги “золимона ҳукмронликни” жорий этишга уринаётганликда айблади.

Президент фармонини Коституциявий суд кўриб чиқаётган муддат давомида ўз тарафдорларини тинчланишга чақирган В.Янукович эса ҳукумат сайтида президент мурожаатини қоралади ва жорий сиёсий бўҳрон демократия ва қонун устиворлиги асосида тинч йўл билан ҳал этилишига ишонч билдирди.

Конституциявий суд қарорини бир ой кутишга тўғри келиши мумкин.

Айни пайтда Россия, Европа Иттифоқи ва АҚШ Россияга мойил сиёсат юритаётган В.Янукович ва Ғарбга мойил сиёсатчи сифатида кўрилаётган В.Юшченко ўртасидаги сиёсий кураш мамлакатда сиёсий бўҳронга олиб келгани юзасидан бирдек хавотир изҳор этмоқда.
XS
SM
MD
LG