Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:22

Ҳиндларни Ўзбекистонга қаратган “Spentex”нинг муваффақиятларими ёки ўзбекнинг нефть ва газими?


13 апрель куни Ҳиндистон савдо вазири бошчилигидаги делегациянинг Тошкентга сафари давомида Ҳиндистон давлат компаниялари Ўзбекистонга нефть-газ, темир йўл қурилиши ҳамда пахтачилик соҳаларида аниқ лойиҳаларни таклиф этади.

Шу мақсадда Тошкентда Ўзбекистон ва Ҳиндистон давлат мулозимлари ва бизнес вакиллари ўртасида сўзлашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Ҳиндистон президент Ислом Каримов дипломатик муносабатлар ўрнатган биринчи давлат бўлишига қарамай, икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик мавжуд имкониятлардан анча паст даражада қолмоқда.

Роппа-роса бир йил аввал Ўзбекистонга Ҳиндистон бош вазири Манмохан Сингҳ ташриф буюрган эди. Энди эса Ўзбекистон билан иқтисодий алоқаларни яхшилаш мақсадида Тошкентга ушбу мамлакат савдо вазири Жайрам Рамеш бошчилигидаги нуфузли бизнес вакиллари келмоқда ва улар ҳозирданоқ ўзларини кўпроқ ўзбек нефти ва гази бўйича лойиҳалар қизиқтираётганини яшираётгани йўқ.

“Ҳиндистоннинг бундай қизиқиши табиий, - дейди Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, сармоя ва савдо вазирлиги вакиласи Татьяна Орлова. - Чунки бундай қизиқиш бутун дунёда ортиб бормоқда. Европа, АҚШ ва барча давлатлар энергетикани ўзининг устивор йўналиши этиб белгилаган. Ўзбекистоннинг газ соҳасидаги салоҳияти жуда юқори. Аммо Ҳиндистон билан бу соҳада бирор келишувларга имзо қўйиладими ёки йўқ, буни ҳукуматимиз ҳал қилади”.

Ҳиндистон ҳукумати матбуот учун тарқатган хабарномада айтилишича, Ҳиндистон нефть ва газ корпорацияси Ўзбекистондаги газ захираларини ўзлаштириш соҳасига кўз тикмоқда, Ҳиндистоннинг энг йирик “GAIL” газ компанияси эса Ўзбекистонга газни суюлтириш ва шаҳар истеъмолчилари учун етказиб бериш бўйича аниқ лойиҳаларни таклиф этмоқчи.

Иқтисодчилар фикрича, нефть ва газ соҳасидаги қизиқиш Ҳиндистоннинг бошқа компанияларини ҳам Ўзбекистонга қулоғидан тортиб олиб келиши мумкин.

Айни пайтда бу мамлакатнинг “STC” компанияси Ўзбекистонга 10 миллион доллар сармоя киритиб, пахта уруғини қайта ишлаш корхонасини ташкил этишни режалаштирмоқда.

“Ҳиндистон темир йўллари” миллий компанияси эса Ўзбекистон темир йўлларини кенгайтириш ва таъмирлаш лойиҳаларини таклиф этмоқчи.

Ўтган йили Ҳиндистоннинг йирик “Spentex” тўқимачилик компанияси мамлакатда банкрот қилинган Жанубий Кореянинг “Kabool textiles” корхоналарини сотиб олганини айтмасангиз, Ҳиндистоннинг йирик сармоядорлари ҳозирча Ўзбекистонга ёпирилиб келди, деб бўлмайди. Лекин “Spentex” нинг Ўзбекистондаги ишлари ёмон кетмаётганга ўхшайди.

Компания вакили Сримант Басу Ўзбекистонга 4 йил давомида 80 миллион доллар сармоя киритиш мажбуриятини олган “Spentex” шикати ўз фаолиятини кенгайтириш ниятида эканини билдирди.

“Пахта хомашёси арзон, сифати эса жуда зўр. Шунинг учун биз Тошкент ва Тўйтепа билан чекламай, Фарғонадаги пахтани қайта ишловчи бир корхонани ҳам сотиб олдик. Ўзбекистонда сармоядорлар дуч келаётган муаммолар ҳақида хабарим бор. Аммо биз ҳозирча муаммосиз ишлаяпмиз”, - деди Сримант Басу.

Эҳтимол “Spentex”нинг Ўзбекистондаги муваффақиятлари Ҳиндистоннинг Ўзбекистонда фаолият бошламоқчи бўлаётган бошқа компанияларини ҳам дадилроқ бўлишга рағбатлантиради. Бироқ Ўзбекистон дунёнинг етакчи молиявий ташкилотлари томонидан иқтисодиёти ёпиқ давлат, деб тан олинган. Айрим тадқиқотларда Ўзбекистон ҳатто репрессив иқтисодиётга эга давлат сифатида тилга олинади. Шунинг учун бўлса керак, Ўзбекистонга кириталаётган сармояларнинг асосий қисми мамлакатнинг табиий захираларини ўзлаштириш соҳасига тўғри келмоқда.
XS
SM
MD
LG