Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:27

Ўзбекистондаги демократия ўйинлари


Президент сайлови йилида кузатилаётган мавҳум сиёсий вазият шароитида Ўзбекистон ҳукумати сиёсий партиялар ролини ошириш ва давлат бошқарувини замонавийлаштиришга уринаётганини намойиш этмоқда.

Бундай уриниш сифатида аввал Конституциявий қонун қабул қилинди. Энди эса Вазирлар Маҳкамаси, жойлардаги давлат ҳокимиятлари, сиёсий партиялар ва парламент фаолиятига доир қонунларга ўзгартиришлар киритилди.

Бу ўзгартиришларни ҳукумат демократик давлат бошқаруви томон ташланган навбатдаги қадам сифатида тақдим этмоқда.

Таҳлилчилар барча янги қонунларни Ислом Каримовнинг президентлик муддатини узайтириш нуқтаи назаридан ўқиш лозимлиги айтаётир.

Шундай қилиб, келаси йилдан бошлаб амал қиладиган қонунларнинг янги таҳририга кўра, Ўзбекистон бош вазирининг истеъфоси бутун ҳукуматнинг истеъфосини англатади. Халқ депутатлари кенгаши ва ҳокимларнинг ваколат муддати 5 йил билан чекланади. Ҳукумат сиёсатини ёқламайдиган парламент фракциялари ҳамда алоҳида депутатлар ўзини мухолиф, деб эълон қилиши мумкин бўлади.

Демократик давлат бошқаруви томон ҳаракат сифатида тақдим этишга уринилаётган мазкур ўзгаришларни айрим таҳлилчилар “кўзбўямачилик” сифатида кўрмоқда.

Келаси йилдан бошлаб Ўзбекистонда бош вазир истеъфога кетса, ортидан бутун ҳукумат ҳам истеъфо бериши керак бўлади. Айни пайтда бош вазирни ҳам ҳукумат аъзоларини ҳам тасдиқлаш ваколатлари президентда қолмоқда.

Ҳукумат сиёсатини ёқламайдиган фракцияларнинг тузилиши ёки алоҳида депутатнинг ўз норозилигини изҳор эта олишига ҳам кўпчилик ишонмайди.

Мухолифатдаги “Озод деҳқонлар” партияси лидери Нигора Ҳидоядова шу ўринда бир муддат аввал Халқ демократик партиясининг ҳукумат чизиғидан жиндек оғиб қилган баёнотлари учун таъқиб этилганини эслайди.

“Ўзларини мухолифатчи, деб хаёл қилиб, ХДП ўз газетасида Тошкент вилоятидаги газ, чироқ ва сув тақчиллиги ҳақида ёзиб чиқди. Бу воқеадан сўнг ХДПнинг қарийб ярим таркиби ҳайдалиб кетди”, - дейди Н.Ҳидоятова.

Ўзбекистонда жорий йил охирида ўтказилиши лозим бўлган президент сайлови олдидан ҳозирча жимжитлик ҳукм сурмоқда. На Каримовнинг конституцияни четлаб, яна президент бўлиб қолиши маълум, на янги одам сиёсий саҳнада кўринмоқда. Ўз исми ошкор этилишини истамаган Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси аъзоси ҳозирча ҳеч қандай кўрсатмалар олинмаганини айтди.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев кейинги воқеалар ривожи ҳозирча битта одамга маълум бўлиб қолаётганидан ҳайратда.

“Конституциявий қонун қабул қилинди, энди қанақа топшириқ бўлишини ҳамма кутиб турибди. Қўғирчоқ сиёсий партиялар, Олий Мажлис депутатлари, ҳукумат аъзолари нима қилишни билмайди. Агар нима қилишни Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Рустам Иноятов билади, деб айтишса, ишонмайман. Фақат битта одам нима деса, қачон айтса, ўшанда ҳамма билади”, - дейди таҳлилчи.

Айнан ўша битта одамнинг мамлакат бошқарувини такомиллаштириш ва сиёсий партиялар ролини ошириш ташаббуси янграган вақтда унинг президент ваколатини чеклаб, мамлакат бош вазири лавозимига ўтиришни режалаштираётгани ҳақидаги тахминлар пайдо бўлган эди.

Таниқли журналист ва таҳлилчи Сергей Ежков фикрича, ниҳоят пайдо бўлган янги Конституциявий қонун президент ўз ҳокимиятини янада кучайтираётганини кўрсатмоқда.

“Янги қонун президент ҳокимиятини мустаҳкамлайди. Президентга амалда чексиз ваколатларни бош вазирни тасдиқлашдан тортиб, Тошкент шаҳри ҳокимини тайинлашгача бўлган ваколатларни беради. Шунинг учун Каримовнинг навбатдаги президент сайловида ҳам яна ўз номзодини қўйишини кутмоқдамиз”, - деди журналист.
Унинг айтишича, бугунги кунда Ўзбекистон президентини 7 йилга сайлаш тўғрисидаги қонун амал қилаётган экан, бу президентнинг биринчи бор 7 йиллик муддатга сайланиши бўлади.
XS
SM
MD
LG