Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 20:28

ЕИ Марказий Осиё билан муносабат истиқболини муҳокама қилади


23 апрель куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Люксембург шаҳрида тузилманинг Марказий Осиё бўйича ишлаб чиқилаётган янги стратегиясини илк бор муҳокама этиш учун йиғилади.

ЕИ стратегияси лойиҳаси иттифоқнинг амалдаги раиси Германия томонидан тақдим этилади. Бу лойиҳа ЕИнинг июнь ойида бўлиб ўтадиган саммитида қабул қилишини мумкин.

Айни пайтда ЕИнинг айрим аъзолари Германия Марказий Осиё давлатлари таянчини қозониш мақсадида Ўзбекистонга нисбатан киритилган санкцияларни юмшатишга ҳаракат қилаётганидан хавотирда.

Айрим танқидчилар табиий захираларга бой Марказий Осиёга нисбатан ЕИнинг янги ёндашувини шакллантириш анча қимматга тушиши мумкинлигидан қўрқмоқда.

ЕИнинг “Озодлик” мухбири билан суҳбатлашган баъзи расмийларини, айниқса, 2005 йилда Андижонда норозилик намойишини шавқатсиз бостиргани учун Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан китирилган санкцияларнинг юмшатилиши мумкинлиги хавотирга солмоқда.

Ўзбекистон минтақада аҳолиси энг кўп давлат бўлиб, бу давлат билан ҳамкорлик қилмасдан ЕИнинг Марказий Осиё бўйича кенг қамровли сиёсати муваффақият қозониши қийин.

Еврокомиссия матбуот котиби Кристиан Ҳоҳманнинг “Озодлик”ка айтишича, ЕИга аъзо давлатлар 23 апрель куни Марказий Осиё бўйича янги стратегияси билан танишиб чиқади.

“Ташқи ишлар кенгашининг душанба кунги мажлисида илк бор Марказий Осиё бўйича стратегия лойиҳаси муҳокама қилинади. Умид қиламизки, бу стратегия июнь ойида қабул қилинади”, - деди К.Ҳоҳман.

ЕИнинг барча 27 давлати Марказий Осиё билан яқинроқ алоқалар ўрнатиш истагини билдирмоқда.

Ўтган ой охирида Қозоғистон пойтахти Остонада бўлиб ўтган анжуманда ЕИ расмийлари ва Марказий Осиё ташқи ишлар вазирлари бунинг учун кенг қамровли стратегия лозимлиги борасида бир тўхтамга келганди.

ЕИнинг энергетик захираларга ташна иқтисодиёти учун Марказий Осиё минтақаси нақадар кенг имкониятлар очиши ҳақида тинимсиз гапирилади.

Душанба куни ЕИ ташқи ишлар вазирлари қабул қилиши кутилаётган декларация лойиҳасини “Озодлик”нинг Брюсселдаги мухбиримиз ўқиб кўришга ҳам муваффақ бўлди. Унда ЕИ учун устивор бўлган масалалар рўйхати бўлиб, қонун устиворлиги, инсон ҳуқуқлари ва демократлаштириш, шунингдек, хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Ҳужжатга илова сифатида минтақанинг айрим давлатларидаги жорий вазият шарҳи берилган. ЕИ ташқи ишлар вазирлари Андижон воқеалари борасидаги музокаралар 2-3 апрель куни Тошкентда бўлиб ўтганини алоҳида қайд этиши кутиляпти.

Лойиҳада, шунингдек, Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида “мунтазам” ва “муайян натижага қаратилган” мулоқотнинг бошланиши расман эълон қилинган ва бундай мулоқотларнинг биринчи даврасини имкон қадар тезроқ ўтказишга чақирилган.

Кристиан Ҳоҳман Ўзбекистон ЕИ билан бундай мулоқотлар ўтказиш учун розилик берганини маълум қилди.

“Ўзбекистондаги вазият борасида хавотирдамиз ва инсон ҳуқуқлари масаласида мулоқотни давом эттиришга умид қиламиз. Ўзбек ҳукумати бундай мулоқотга розилик берди”, – деди К.Ҳоҳман.

ЕИнинг ўз исми ошкор этмаган расмийси сўзларига кўра, тузилманинг айрим аъзолари Германиянинг Ўзбекистонга қарши санкциялар масаласи муҳокама қилинмасдан бирдан инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқотни ўтказишга қаратилган саъй-ҳаракатларига эътироз билдирмоқда.

Ҳозирча Ўзбекистон расмийларининг таъбири билан айтганда, ҳеч қандай таъсир кучига эга бўлмаган ЕИ санкциялари қурол-яроғ эмбаргоси ҳамда Андижон воқеаларига алоқадор кўрилган бир неча расмий учун виза тақиқларидан иборат. Бу санкциялар келаси ойда қайта кўриб чиқилади.

17 апрель куни ЕИ вакиллари ўртасида бўлиб ўтган мунозараларда Буюк Британия ва Швеция элчилари Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти борасида энг кўп хавотир билдирганлардан бўлди.
XS
SM
MD
LG