Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 20:15

"Толибон бўлса ҳам, бизнинг толибон"


Жанубий Вазиристонда асосан ўзбеклар экани айтилаётган ажнабий жангариларга қаҳшатқич зарба берилганига қарамай, минтақада маҳаллий толибларнинг қудрати ошаётганидан хавотир билдирилмоқда.

“Покистон ҳукуматининг Жанубий Вазиристонда маҳаллий жангариларни хорижий жангариларга қарши қўйиб экстремизм билан курашиш усули АҚШ ва Европа дипломатлари томонидан танқид қилинмоқда”, - деб ёзади “Chicago Tribune” газетаси.

Покистондаги маҳаллий кузатувчилар бугунги кунда ҳукумат назорат қилмайдиган Жанубий Вазиристонда террорчиларга қарши курашнинг бошқа самарали йўқлигини айтмоқда.

Баланд тоғлардан иборат ҳудуд ва ҳатто дунёдаги биринчи рақамли террорчи бўлсангиз ҳам бошпана беришга тайёр маҳаллий қабилалар... Жанубий Вазиристон ҳақиқатан ҳам дунёдаги сиёсий тартибга қарши курашаётган мужоҳидлар учун энг қулай макон.

Бироқ ажнабий жангариларнинг бешафқатлигидан тоқати тоқ бўлган минтақадаги айрим маҳаллий қабилалар ўз анъаналарини четга суриб, уларга уруш эълон қилди. “Ал-Қоида”га алоқадор Ўзбекистон исломий ҳаракатининг асосан ўзбеклардан иборат 200 тача жангарисини ўлдирди ва омон қолганларини тоғларга ҳайдаб юборди.

Аксар журналистлар Покистон ҳукумати ва айрим маҳаллий қабила вакилларига таянган ҳолда воқеаларнинг айнан шундай манзарасини чизмоқда. Аммо Покистондаги етакчи таҳлилчилардан бири Аҳмад Рашид аслида вазият Покистон ҳукумати тақдим этишга уринаётганидек бунчалик содда ва тушунарли эмаслигини айтади.

“Менимча, вазият Покистон ҳукумати тақдим этаётганидан кўра анча мураккаб. Гап шундаки, ўзбекларга ҳужум қилаётган маҳаллий жангарилар ҳам аслида толиблардир. Уларнинг ҳам “Ал-Қоида” ва “Толибон” раҳбариятига алоқаси бор. Менимча, бу экстремистлар ўртасидаги ўзаро урушдир”, - дейди А.Рашид.

Агар жорий вазият ҳақиқатан ҳам шу қадар мураккаб бўлса, у ҳолда Покистон ҳукумати маҳаллий қабилалардан чиққан толибларни қўллаб- қувватлаяпти. Бир муддат аввал Покистон ҳукумати улар билан сулҳ тузгани ҳам рост.

“Бундай эмас, биз қабилаларни қўллаб-қувватлаяпмиз. Улар эса хорижий жангариларга қарши курашмоқда”, - дейди Покистон армияси матбуот котиби генерал Воҳид Аршод гапини одатдагидан кўра қисқароқ қилиб.

Генерал Жанубий Вазиристонда хориж жангариларга қарши жангларни бошқараётган мулла Назир Аҳмаднинг аксар хориж журналистлари айтаётганидек аслида маҳаллий толиблар қўмондони эканини ҳам рад этди.

“Chicago Tribune” газетаси мухбири Ким Баркернинг ёзишича, маҳаллий кузатувчилар мулла Назирнинг Афғонистондаги толиблару араб жангариларга алоқаси борлигини айтган.

“Ғарбда эса Покистон ҳукумати маҳаллий толибларни қўллаб-қувватлаб, уларни кучайтираётгани учун танқид этилмоқда”, – дейди Ким Баркер.

Покистондаги “The news international” газетаси муҳаррири, таниқли журналист Раҳимулло Юсуфзай фикрича, Покистон йиллар давомида Жанубий Вазиристонда террорчиликка қарши кураш бўйича турли тактикаларни синаб кўрди ва ниҳоят бугунги кунда маҳаллий жангари гуруҳларни қўллаб-қувватлаб, бошқаларини синдиришдан ўзга чора топмади.

“Покистон ҳукумати Жанубий Вазиристонда нимаики қилса, танқид этилади. Ҳозир улар маҳаллий толибларни кучайтираётгани учун танқид қилиняпти. Лекин толибларга қарши жанг қилиш учун толиблардан фойдаланиш яхшироқ сиёсатга ўхшайди. Улар эса бир минтақада мана шу имкониятни синаб кўряпти”, – дейди Р.Юсуфзай.

Покистон армияси мамлакатнинг Афғонистон билан чегарадош ҳудудларида “Ал-Қоида” ва “Толибон” жангариларига қарши уюштирган ҳужумларида 5 йил давомида 700 аскарини йўқотди. Шу ойда хавфсизлик масалаларига бағишланган бир анжуманда бу ҳақда маълум қилган президент Парвез Мушарраф: “Агар биз террорчиликка қарши курашда етарли саъй-ҳаракат қилмаётган бўлсак, унда ҳеч ким етарли саъй-ҳаракат қилмаётган бўлиб чиқади”, - деб айтганди.

Бироқ ҳатто узоқ келажакда ҳам минтақада барча экстремистик гуруҳларнинг тор-мор этилишини ҳеч ким башорат қилаётгани йўқ.

Ўтган жума куни Покистон ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланаётган мулла Назир Вана минтақасида матбуот анжуманини уюштириб, қабила анъаналарига мувофиқ, агар лозим бўлса, Усама бин Лодинни ҳам ҳимоя қилиши ҳақида айтди.
XS
SM
MD
LG