Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 20:23

Жон Пурнелл Ўзбекистондаги элчилик фаолиятини якунлади


АҚШнинг Тошкентдаги дипломатик миссияси раҳбари Жон Пурнелл Ўзбекистондаги элчилик фаолиятини якунлади. Аммо унинг Ўзбекистонни тарк этгани ҳозирча кенг жамоатчиликка расман эълон қилинмади.

Жон Пурнелл АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси вазифасига 2004 йилда тайинланган бўлиб, унинг фаолияти икки давлат ўртасидаги энг мураккаб муносабатлар даврига тўғри келди. Жон Пурнелл анъанавий дипломатия вакилларидан бўлиб, очиқдан-очиқ танқидий чиқишлар билан танилган эмас. У билан яхши таниш бошқа бир дипломат, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей Жон Пурнеллни ўзининг шахсий фикрига эга одам ҳисоблайди.

“Унинг шахсий нуқтаи назарида Ўзбекистон халқига, унинг қашшоқлиги ва эркинлиги йўқлигига хавотир акс этар эди. Бироқ унинг элчилик даврида ҳеч қандай катта ютуқларга эришилгани йўқ. Унинг бу мамлакатдаги элчилиги ҳам муваффақиятсиз кечди”,- дейди Крейг Мюррей.

Жон Пурнеллнинг Ўзбекистондаги элчилиги даври Андижон воқеалари, мамлакатдан АҚШ қўшинларининг чиқариб юборилиши, АҚШ нодавлат ташкилотларининг ёпилишига тўғри келди.

“Жон Пурнелл жуда оғир пайтда Ўзбекистонда бўлди. Мамлакатда Ғарбдан юз ўгириш жараёни кучли қатағонлар манзарасида кечди. Лекин бу Жон Пурнеллнинг айби билан бўлган эмасди. Пурнелл ҳам бу нарсаларни тўхтатиш учун ҳеч нарса қила олмасди”,- дейди Крейг Мюррей.

АҚШ Давлат департаментининг юқори лавозимли расмийлари эътирофича, бугунги кунда ҳам Ўзбекистондаги вазият, бу мамлакат билан муносабатлар мураккаблигича қолмоқда. Шу нуқтаи назардан АҚШнинг янги элчиси олдида кўплаб синовлар борлиги ҳам рост.

18 апрель куни президент Жорж Буш Конгрессга АҚШнинг Ўзбекистондаги янги элчиси лавозимига Ричард Бойс Норланд номзодини тақдим этди. Р.Норланд шу пайтгача АҚШнинг Афғонистондаги элчиси ўринбосари эди.

АҚШнинг Афғонистондаги элчихонаси матбуот котиби Жо Меллот Р.Норланднинг номзоди ҳозирча Конгресс тасдиғидан ўтмаганини билдирди.

“Президент унинг номзодини таклиф этди. Лекин Сенат тасдиғидан ўтмагунга қадар у лавозимни эгаллаган ҳисобланмайди. Бизнинг тажрибамизга биноан номзоди тасдиқланмаган одам ўз мақсадлари ва режалари борасида чиқиш қилмайди”,- деди Жо Меллот.

Р.Норланд зиддиятларни ҳал этиш бўйича катта тажрибага эга дипломат сифатида эътироф этилади. Унинг сўнгги йиллардаги хизмати Афғонистонда кечди. 2001 йилга қадар Р.Норланд АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг Европа масалалари бўйича директори сифатида Шимолий Ирландиядаги тинчлик жараёнига ўз ҳиссасини қўшган. 1993-1995 йилларда Р.Норланд Грузия ва Чеченистонда ЕХҲТнинг тинчликни сақлаш дастури вакили бўлган. СССР даврида эса у АҚШнинг Москвадаги элчисининг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси эди.

Р.Норланднинг зиддиятли вазиятларни ҳал этиш бўйича тажрибалари унга Тошкентда нақадар қўл келишини айтиш мушкул. Аммо Крейг Мюррейнинг фикрича, АҚШнинг Ўзбекистондаги янги элчиси ким бўлишидан қатъий назар, мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари масаласига кўпроқ эътибор қаратиши керак.

“Менимча, Ўзбекистондаги барча элчилар инсон ҳуқуқлари масаласида кўпроқ иш қилиши мумкин. Бунинг учун улар Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти номақбул эканини аниқ-тиниқ билдириши лозим. Лекин АҚШ янги элчисининг бундай қилишига кўзим етмайди”,- дейди К.Мюррей.

Эндиликда Ўзбекистондаги фаолиятини якунлаган элчи Жон Пурнеллнинг кейинги тақдири ҳозирча маълум эмас.
XS
SM
MD
LG