Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 20:14

Ўзбекистон яна энг репрессив жамиятлар сафида


АҚШнинг дунёда эркинликни тарғиб этувчи “Freedom house” мустақил нодавлат ташкилоти ўз ҳисоботида Ўзбекистонни дунёнинг энг репрессив жамиятлари сафига қўшди.

Ташкилотнинг “Энг ёмонларнинг ёмони” номи остида эълон қилинган ҳисоботида мутлақо эркин бўлмаган ва фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқларини мунтазам поймол этиш ортиб бораётган 8 давлат алоҳида тилга олинган.
Булар Бирма, Куба, Ливия, Шимолий Корея, Сомали, Судан, Туркманистон ва Ўзбекистондир.

“2005 йилда Андижондаги тартибсизликлар қонли бостирилгандан кейин Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашди ва шу кунларга қадар абгорлигича қолмоқда”, - дейилади ҳисоботда.

Ҳужжатда таъкидланишича, президент Ислом Каримов ҳукумати мамлакатдаги мухолифатни бостиришда, мустақил матбуотни таъқиб этишда ҳамда мамлакатдан хорижий нодавлат ташкилотларни қувиб чиқаришда давом этмоқда.

Ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид 10 саҳифасида мазкур иддаоларнинг ҳар бири юзасидан аниқ фактлар келтирилган. Ўзбекистон сўнгги йиллар давомида “Freedom house” ташкилотининг “Ёмонларнинг энг ёмони” рўйхатидан тушмай келмоқда.

“Бу гал ҳам вазият яхши томонга ўзгаргани йўқ,- дейди “Freedom house” ташкилотининг Вашингтондаги офиси директори ўринбосари Том Милиа.- Афсуски, Ўзбекистондаги вазият аввалги йилларда бўлгани каби аянчли бўлиб қолмоқда. БМТнинг инсон ҳуқуқлари декларациясига нақадар риоя этилаётгани бўйича 193 давлатдаги вазиятини ўрганиб чиқдик ва Ўзбекистон бир неча бошқа давлатлар қаторида энг қуйи даражада экани аниқланди”.

Том Милианинг айтишича, журналист Умида Ниёзованинг қамалиши ва озод этилиши билан боғлиқ биргина мисол ҳукумат танқидчиларини буюртмага асосан қамаш ҳам, озод ҳам этиш мумкинлигини кўрсатди.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати сиёсатини тарғиб этувчи Минтақавий сиёсат жамғармаси “Freedom house” томонидан эълон қилинадиган бундай ҳисоботларни “бирёқлама” деб атаб, ташкилотнинг ўзини кескин танқид этиб келади.

Жамғарма таҳлилчисининг таъкидича, “Freedom house” нодавлат ташкилот бўлишига қарамай, АҚШ сиёсатини ёқламайдиган давлатларнигина танқид этади.

“Freedom house” вакили Том Милиа “Freedom house” томонидан танқид этилганлар орасида АҚШ ҳукуматининг ўзи ҳам, унинг иттифоқчилари ҳам борлигига эътибор қаратади.

“Биз дунёнинг ҳар бир давлати ҳақида унинг АҚШ ҳукуматига мойиллигидан қатъий назар ҳаққоний ҳисоботларни ёзамиз. Биз АҚШ ҳукуматини ҳам танқид этамиз”,- деди у.

Ўтган йил февралда “Freedom house”нинг Тошкентдаги ваколатхонаси ҳукумат томонидан ёпиб қўйилган эди.

Расмийларнинг даво қилишича, “Freedom house” Ўзбекистондаги нодавлат ташкилотлар вакилларига мамлакатда норозилик ва ҳукуматга бўйсунмаслик акцияларни уюштиришни тарғиб қилган.

Бундай иддаолар АҚШ билан муносабатлар ёмонлашгунга қадар кузатилмаган. 2002 йилда президент Ислом Каримов Тошкентда “Freedom house” ташкилотининг маркази очилганини олқишлаган эди ва Андижон воқеаларига қадар мазкур ташкилотнинг вакили Мьюша Северни қабул қилиб турган. Ҳукумат билан яқин муносабатлари сабабли “Freedom house”нинг Тошкентдаги маркази маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари томонидан танқид этиб келинган эди.
XS
SM
MD
LG