Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 20:23

Шимолий Вазиристонда ўзбек жангарилари лагери яксон қилинди


22 май куни Покистон армияси бўлинмалари вертолётлар кўмагида “Ал-Қоида” жангариларининг Шимолий Вазиристонда жойлашган ўқув лагерига ҳужум уюштирди.

“Ассошиэйтед пресс” ахборот агентлигининг Покистон ҳарбий манбаларига таяниб хабар қилишича, нишонга олинган ушбу база ўзбекистонлик жангариларини тайёрлаш учун хизмат қилган.

Маълум бўлишича, Шимолий Вазиристоннинг Заргоҳил қишлоғида “Ал-Қоида”нинг жангарилар тайёрлаш лагери борлиги аниқлангандан сўнг Покистон ҳарбийлари аввалига лагер соҳиблари билан маҳаллий қабилалар раҳбарлари воситачилигида музокаралар ўтказмоқчи эди.

“Жангарилар эса музокарадан бош тортди ва ҳарбийларимизга биринчи бўлиб ўт очди”, - деди Покистон армияси матбуот котиби генерал Воҳид Аршод.

Бир зумда ёрдамга келган ҳарбий вертолётлар лагерни яксон қилганидан сўнг жангарилар ташлаб қочган мазкур ҳудудда миллати аниқланмаган 4 жасад топилди. Лекин Покистон армияси билан тўқнашган ажнабий жангарилар яна ўзбеклар экани айтилмоқда.

Воҳид Аршод нишонга олинган лагердан ўзбеклардан ташқари бошқа жангарилар ҳам фойдаланган бўлиши мумкинлигини билдирди. Аммо у ҳам Жанубий Вазиристондаги маҳаллий қабилалардан талофот кўрган Ўзбекистон исломий ҳаракатининг бугунги аҳволи Покистон хавфсизлик кучларига номаълум қолаётганини билдирди.

“Турфа хил манбаларимиз бор. Маҳаллий қабила вакиллари билан ҳам боғланиб турамиз. Лекин ўзбек жангариларнинг бугунги аҳволи ҳақида кўп нарса маълум эмас. Уларнинг қанчаси омон қолгани ва қаерга қочганини аниқлашга ҳаракат қиляпмиз”, - деди В.Аршод.

Ўтган ойда президент Парвез Мушарраф Покистоннинг Жанубуй Вазиристон минтақасида ажнабий жангарилардан тоқати тоқ бўлган маҳаллий қабилалар ўзбек жангариларига қаҳшатқич зарба берганини ва улардан 300 нафарини ўлдирганини маълум қилганди.

Аммо куни-кеча Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти бош котиби Николай Бордюжа Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларининг ўз сафидаги талофотларни қайта тиклаётгани борасида огоҳлантирган ва уларни Марказий Осиё давлатларига таҳдид сифатида тақдим этган эди.

Генерал Воҳид Аршод аслида КХШТга минтақадаги вазият борасида ҳеч нарса маълум эмаслигини таъкидлади.

“Покистонда ҳеч бир гуруҳ кучайиб кетаётгани йўқ. Покистонда Марказий Осиёга таҳдид солувчи бирор гуруҳ йўқ. Менимча, Россия хавфсизлик хизматлари бу ерда қилаётган ишимиз ҳақида ҳеч нарса билмайди”, - деди генерал.

Покистон ҳукумати ажнабий жангарилар муаммосини муваффақиятли ҳал этаётганини билдириб келади. Бироқ АҚШ хавфсизлик идоралари Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош тоғли ҳудудларида “Ал-Қоида”нинг асосий манзилгоҳлари ҳамон қолаётганини таъкидлайди. “Ал-Қоида” етакчилари Усама бин Лодин ва аз-Заваҳирийни ҳамда Ўзбекистон исломий ҳаракати раҳбари Тоҳир Йўлдошни қувиб келган халқаро аксилтеррор кучлар уларни айнан шу ерда йўқотиб қўйгани ҳам бежиз эмас.
XS
SM
MD
LG