Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:33

Ислом Каримовнинг 50 миллиард сўмлик “ижоди”


“Ўзбекистон” нашриёти президент Ислом Каримовнинг “Мамлакатимиз тараққиёти ва халқимизнинг ҳаёт даражасини юксалтириш демократик янгиланиш ва иқтисодий ислоҳотларимизнинг пировард мақсадидир” номли янги китобини босмадан чиқарди.

Бугун Ўзбекистон кутубхоналарида совет даври “доҳийлари”нинг сон-саноқсиз номдаги китоблари ўрнини Ислом Каримовнинг китоблари эгаллагани ҳеч кимга сир эмас.

Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона ходимининг айтишича, И.Каримов китобларининг электрон нусхалари ҳам яратилган ва у ҳам кутубхонада бор.

“Каримов асарларини ўрганаётган талабалар, асосан, шундан фойдаланади ва бу китобларни энг кўп сўрайдиган ҳам ўшалар. Илмий иш қилаётган олимлар ҳам президент асарларини сўраб туради”, - деди кутубхона ходими.

Ўзбекистонлик талабалар кутубхонага бориб, И.Каримов асарларини мутолаа қилиши бежиз эмас. Чунки мамлакатдаги барча ўқув юртларида президент асарлари фан сифатида ўқитилади ва улар бўйича имтиҳон топширилади.

Аммо Ўзбекистонда кўпчилик И.Каримов китобларини ўқимагани, ўқишдан ҳам фойда йўқлигини айтади.

“Ўзметроном” сайтининг ёзишича, Ўзбекистонда сўровда қатнашган 154 одамнинг 152 нафари Ислом Каримов китобларини ҳеч қачон ўқимаганини билдирган. Бу китобларни ўқиганини айтган икки фуқаро ҳам уларнинг номларини эслашга қийналган.

Ўзбекистонлик Дўстназар ака бугунги кунда Каримов китоблари ёзма асардан кўра кўпроқ экспонат ҳисобланишини айтади.

“Ўзбекистон амалдорлари Каримов сиёсатига содиқ эканини намоён этиш учун ишхонаси, уйи тўридаги китоб жавонларига шу китобларни қўяди. Лекин бу китобларда нима ёзилганини айтиб бера олмайди, чунки ўқимаган”, - дейди Дўстназар ака.

Мустақиллик даврида Ислом Каримовнинг нечта китоби чиққанини мутахассислар билмаса, унча-мунча зиёли айтиб бера олмайди. Яқинда ўзбекистонлик бир журналист буни ўзиxf чамалаб чиқди.

“50 миллиард сўмлик сафсата” сарлавҳали мақоласида Диёр Дилёр тахаллусли журналист И.Каримов китоблари сони бўйича советлар доҳийси Лениндан ҳам ўзиб кетгани, бу китобларни чоп этиш учун давлат хазинасидан жами 50 миллиард сўм маблағ сарфлангани ҳақида ёзган.

“Ҳали бунга Ўзбекистон маблағи эвазига бошқа тилларга ўгирилиб, хорижда кўпайтирилиб тарқатилган “президент асарлари”нинг, Каримов шахсияти ва фаолияти ҳақидаги ёстиқдай-ёстиқдай китобларнинг харажатлари кирмайди. Яқиндагина “Ўзбекистон ХХ1 аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” номли китобнинг элликдан ортиқ мамлакатда тақдимоти бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу кўп сонли “тадбир”ларга миллионлаб валюта совурилган, яна қанчаси шу баҳонада талон-тарож қилинган бўлиши эҳтимолдан холи эмас”, - деб ёзади журналист.

Ўзбекистонни 18 йилдан бери бошқариб келаётган Ислом Каримов китоблари сони бўйича СССРга 18 йил раҳбарлик қилган, “ҳассос ижодкор” сифатида танилган совет раҳбари Леонид Брежневдан ҳам ўзиб кетди. Л.Брежневнинг ўша йиллари ҳам, кейин ҳам ўқилмаган “Кичик ер”, “Қўриқ” каби китоблари эса бугун Ўзбекистонда қоғоз чиқиндисига айланиб кетган.
XS
SM
MD
LG