Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:24

Роҳат Алиев энди ҳеч кимга керак бўлмай қоладими?


Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг куёви, мамлакатнинг Австриядаги собиқ элчиси Роҳат Алиев бир миллион евро миқдоридаги гаров пули эвазига ҳибсдан озод қилинди.

Қозоғистондаги йирик банклардан бири - “Нурбанк” раҳбарларининг ўғирланишида айбланаётган Роҳат Алиев ва Қозоғистоннинг яна 4 фуқароси расмий Остона талаби билан Венада ҳибсга олинганди.

Келаси ойда Австрия суди уни экстрадиция қилиш масаласини кўриб чиқади.

Аксар таҳлилчилар Н.Назарбоевнинг қизи Дариғанинг турмуш ўртоғи Р.Алиевнинг таъқиб этилиши Назарбоевлар оиласида ҳокимият учун кураш авж олганидан дарак беришини таъкидламоқда.

Мамлакат раҳбарлигига очиқчасига даъво қилиб келган Роҳат Алиев Қозоғистонга қайтарилгудек бўлса, ўзига қўйилаётган айбловлар юзасидан суд олдида жавоб беради.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги жорий йил бошида “Нурбанк”нинг баъзи собиқ раҳбарлари ўғирлаб кетилгани юзасидан тергов ишларини давом эттирмоқда. Бу жиноятда асосий гумон эса “Нурбанк”нинг бош акциядори Р.Алиевга тушмоқда.

Гаров пули эвазига суд жараёнигача озод этилган Р.Алиев Австрия ҳудудини тарк этишга ҳақли эмас.

“Суд жараёнидан сўнг адлия вазири унинг экстрадиция қилиниши юзасидан қарор чиқаришга ҳақли бўлади. Қозоғистон томони Алиев ва унинг шериклари экстрадициясини талаб қилмоқда. Бунга эса фақатгина суд ижозат бериши мумкин. Мен Р.Алиевга унинг экстрадиция қилинмайдиган шахс эмаслигини билдирдим”, - деди Австрия Адлия вазирлиги катта прокурори, Р.Алиев ишини олиб бораётган Стефан Беннер.

Айни пайтда ўзи истамаган тарзда Қозоғистондаги энг жанжалли ишга аралашиб қолган Австрия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Р.Алиев ишини диққат билан кузатмоқда.

Вазирлик матбуот вакили Георг Шнецернинг билдиришича, Қозоғистон томони ўтган ҳафтада Роҳат Алиевни барча дипломатик ваколатлардан ва имтиёзлардан мосуво қилган.

“Бу ҳақда биз Адлия вазирлигига хабар қилдик ва айни пайтда вазиятни яқиндан кузатмоқдамиз. Алиев Австриядаги элчи бўлгани учун бу ишга қизиқишимиз жуда катта”, - деди Георг Шнецер.

Хабарларга кўра, президент Н.Назарбоев шахсан Австрия раҳбари, бундесканцлер Алфред Гузенбаурга қўнғироқ қилиб, Р.Алиевнинг тезда экстрадиция қилинишини сўраган. Австрия бундесканцлери ўзининг давлат раҳбари ўлароқ, суд ҳокимияти ишларига аралаша олмаслигини Назарбоевга билдириб қўйган.

Аммо Н.Назарбоев ҳақиқатан ҳам куёвининг мамлакатга қайтарилишини хоҳлайдими?

Роҳат Алиев ўтган ҳафтада ўзининг таъқиб этилишини айнан мамлакат президентлигига даъво қилаётгани билан изоҳлаганди. Н.Назарбоев эса уни Қозоғистондан узоқлаштириш мақсадида иккинчи бор Австрияга элчи сифатида сургун қилгани маълум. Қозоғистонда энг бадавлат ҳисобланмиш Назарбоевлар оиласида айнан ҳокимият учун кураш бораётгани айтилмоқда.

“Янги оқ йўл” партияси етакчиларидан бири Серик Қапаров Н.Назарбоев атрофида ҳам Р.Алиевни Қозоғистонга яқинлаштирмасликдан манфаатдорлар талайгина эканини айтди.

“Р.Алиевнинг қайтиши эҳтимолдан йироқ. Агар у қайтгудек бўлса, жуда кўп нарсалар сизиб чиқади. Р.Алиев Н.Назарбоев ва унинг оила аъзолари ҳақида жуда кўп маълумотларни ошкор этиши мумкин”, - дейди у.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасидан тортиб, Ташқи ишлар вазирлиги ва давлат бошқарувининг турли бўғинларида хизмат қилиб келган Р.Алиев энди ўзини Қозоғистон танлаган демократик тамойилларнинг ҳимоячиси сифатида тақдим этишга уриняпти.

Мамлакатдаги бир неча етакчи оммавий ахборот воситаларини улкан медиа холдингга бирлаштирган Р.Алиев сўнгги бир-икки ҳафта ичида ўзига қарашли “КТК” телеканали, “Караван” газетаси ва “Казахстан тудей” ахборот агентлиги фаолияти тўхтатиб қўйилганини мамлакатдаги сўз эркинлиги ва демократияни бўғишга қаратилган ҳаракатлар сифатида таърифлади. Лекин унинг бундай чиқишларини мухолифат “кулгули”, ҳукумат эса “асоссиз”, деб баҳолади.

“Бу оммавий ахборот воситалари Р.Алиев учун қулай ахборот қуроли ролини бажариб келган. Улар ҳукуматга қарашли ОАВдан фарқ қилмайди. Бу сўз эркинлигига таҳдид ёки шундай оммавий ахборот воситаларини сўз эркинлиги манбаи, деб айтишга уялган бўлар эдим”, - дейди Москвадаги Экстремал журналистика маркази раҳбари Олег Панфилов.

Мамлакатдаги етакчи оммавий ахборот воситаларини ўз қўлига олишни Роҳат Алиев жуда яхши билган ва бунинг учун турли қонуний ва ноқонуний усулларни ишга солган бўлиши ҳам мумкин. Аксар таҳлилчилар Қозоғистонда пайдо бўлган анъанага кўра, Р.Алиевга қарашли ОАВ яқин келажакда бошқа одамлар қўлига ўтишини билдирмоқда.

Президент Н.Назарбоевнинг чизиғидан чиққан Р.Алиев бугунги кунда на мухолифатга, на ҳукуматга ва афтидан на ўзининг кўпчилик оила аъзоларига керак бўлиб қолган.
XS
SM
MD
LG