Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:21

Чой “ўғрилари”


Ўзбекистон ҳукуматига яқин доиралар мамлакатга чой импортини амалга оширган АҚШнинг “Interspan” компаниясини ўзлаштириш мақсадида компаниянинг икки вакилини ўғирлаган.

Бу ҳақда расман даво қилаётган “Interspan” компанияси Ўзбекистон ҳукуматига яқин доиралар, жумладан, президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова Ўзбекистондаги чой бизнесини тўла назорат қилишини таъкидлайди.

“Импра”, “Акбар” ёки “Тошкент” чойлари Ўзбекистонда роса реклама қилиниб, бу чойларни ичмаган одам бўлмаса ҳам керак. Уларни Ўзбекистонда танитган “Interspan” ширкати эса чой савдоси аччиғини ўз бошида синади.

“Interspan” Техас штати судига 60 саҳифалик шикоят аризасини киритиб, Ўзбекистонда кўрган кўп миллион долларлик зарарини АҚШнинг “Liberty” суғурта компаниясидан қоплатиб беришни сўрамоқда. Судга тақдим этилган ҳужжатларда Ўзбекистонда “Interspan” вакилларининг ўғирланиши ва компаниянинг ўзлаштириши борасида тафсилий маълумотлар келтирилган.

“Ўйлашимизча, биздаги муайян далиллар етказилган зиён суғурта билан қопланишига асос бўлади”, - деди “Interspan” адвокати Роберт Жекобс.

1998 йилда Ўзбекистонда иш бошлаган “Interspan” компанияси 2005 йилга бориб мамлакатда қадоқланган чой бозорининг 30 фоизини эгалади.
Компания бундай вазият Ўзбекистондаги чой бозорини назоратида ушлаб турган ҳукумат одамларининг ғашига текканини иддао қилмоқда.

Воқеаларнинг кейинги тизими қуйидагича. 2006 йил 13 февраль куни ниқоб кийган қуролли шахслар “Interspan” компанияси вакили Искандар Қиёмалиевнинг машинасини тўхтатиб, уни ҳибсга олди. Шу куннинг ўзида қуролланган шахслар компания офиси ва омборхонасига бостириб кирди ва барча мол-мулки ҳамда вакилларига қарашли уй-жойларни мусодара қилди. “Interspan” ходимларидан И.Қиёмалиевга қарши кўрсатма бериш талаб қилинди, баъзилари калтакланиб, қийноққа солиш билан таҳдид қилингани айтилмоқда.

И.Қиёмалиев уч кун ўтиб озодликка қўйиб юборилди.

Бир муддатдан сўнг компаниянинг бошқа бир мулозими - Михаил Маткаримовнинг турмуш ўртоғи гаров тарзида ўғирлаб кетилди. Кейинроқ М.Маткаримовнинг ўзи ҳам ҳибсга олинди ва талон-тарож қилиш, тижорат қонунларини бузишда айбланди.

“Interspan” ўзига қарашли барча активлар Гулнора Каримова ва унинг ҳамкорларига ўтиб кетганини даво қилмоқда. “Interspan” адвокати Роберт Жекобс мазкур иддаоларни тасдиқловчи далиллар ҳақида гапира олмаслигини айтди.

“Тушунинг, ҳеч бир далил юзасидан изоҳ беришга ҳақли эмасман. Суд жараёнидан сўнг эҳтимол гапиришимиз мумкин бўлади”, - деди Р.Жекобс.

Г.Каримова ҳақидаги бир неча мақола муаллифи, АҚШдаги “Ҳарперс” журнали мухбири Кен Сильверштейн сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳокимиятидаги элитанинг коррупцияга ботгани ҳақида тасдиқланган кўплаб маълумотлар мавжуд.

“Лекин “Interspan” компаниясининг зўравонлик билан тортиб олингани ҳақидаги даъволар анча жиддийдир”, - дейди журналист. - Уларнинг мамлакатдаги биринчи оилага алоқадор ширкат билан рақобатчи сифатида кўрилганининг ўзи уларга нисбатан зўравонлик ишлатиш ва таҳқирлаш учун етарли бўлади”.

Кен Сильверштейннинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукумати доиралари билан қоришган тадбиркорлар ва мамлакатдаги энг бадавлат аёл сифатида таърифланадиган Гулнора Каримовага қарши илгари суриладиган бундай иддаоларни исботлаш ўта мушкул.

“Ҳеч ким президент оиласига қарашли мулк ҳақида аниқ маълумотга эга эмас. Ҳамма иш яширин амалга оширилади. Гулноранинг бир нечта компанияга эгалик қилиши аниқ. Унинг чой бозорини ҳам назорат қилиши айтилмоқда. Лекин мен буни тасдиқлашга ожизман. Ўзбекистонда ҳеч нарса шаффоф эмас”, - дейди Кен Сильверштейн.

Ўз исми ошкор этилишини истамаган ва Гулнорага қарашли экани билдириладиган компания вакилининг айтишича, тахминларга асосланган ҳар қандай иддаолар судда чиппакка чиқади.

Гулнора Каримова, Мираброр Усмонов ёки “Zeromax” томонидан таҳқирланганини даъво қилаётган “Interspan” компанияси ҳам кўрган зарарини Ўзбекистондан эмас, фақатгина АҚШнинг суғурта компаниясидан ундира олиши мумкин.
XS
SM
MD
LG