Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:21

Дунё бўйлаб ҳарбий харажатлар ортмоқда. Ўзбекистон ортда қолмоқчи эмас.


Стокгольмдаги тинчлик масалалари бўйича халқаро тадқиқот институти (SIPRI) бутун дунёда ҳарбий сарф-харажатларнинг ортаётганини аниқлади. Ҳарбий харажатларнинг асосий қисми Америка Қўшма Штатларига тўғри келади. 2006 йилда ўз ҳарбий эҳтиёжлари учун АҚШ 528 миллиард доллар сарфлади. Бу эса Россия ва Хитойнинг ҳарбий бюджетларини қўшиб санаганда ҳам улардан 6 ярим баробар кўп демакдир.

Стокгольмдаги тинчлик масалалари бўйича халқаро тадқиқот институтининг сўнгги ҳисоботига кўра, 2006 йилда дунёнинг ҳарбий ҳаражати 1 триллион 204 миллиард долларни ташкил этди. Бу эса 2005 йил билан таққослаганда уч ярим фоиз ўсишни англатади. Биргина АҚШ нинг ўзига дунёдаги ҳарбий харажатларнинг 46 фоизи тўғри келмоқда. Иккинчи ўриндан турадиган Британиянинг ҳарбий харажатлари 60 миллиард долларга яқинлашиб қолди.

Россия эса Франция, Хитой, Япония ва Германиядан сўнг олтинчи ўринни эгаллаб турибти. Япониядан ўзиб кетган Хитой ҳарбий харажатлар бўйича Осиё қитъасида етакчилик қилмоқда. SIPRI Марказий Осиё давлатлари бўйича ҳам тадқиқот ўтказишга ҳаракат қилган. Институтнинг ҳарбий сарф-харажатлар масаласи бўйича тадқиқотчиси Петтер Столенхайм Қозоғистон ва Қирғизистонга оид маълумот тўплашга эришган, лекин Ўзбекистонга киришга муваффақ бўлмади.

“Марказий Осиёга қилган ташрифимдан кўзланган мақсад фуқаролик жамияти ва парламентнинг мамлакат ҳарбий бюджетини белгилашдаги ролини ўрганиш эди. Қозоғистон ва Қирғизистонда аввалги йилда бўлганим сабабли, бу гал Ўзбекистонга бориш энг асосий мақсад эди. Афсуски Ўзбекистонга кириш визасини ололмадим, қисман сиёсий сабабларга кўра, назаримда” - деди Петтер Столенхайм.

Ўз ҳарбий харажатларини жамоатчиликдан усталик билан яшириб келаётган Ўзбекистоннинг Петтер Столенхаймни қулоч очиб кутиб олишини тасаввур қилиш қийин, албатта. Лекин афтидан Россиянинг етакчи ҳарбий экспертлари бундай маълумотларни қўлга киритиш учун етарли имкониятга эга. Марказий Осиё давлатларининг расмий бюджет маълумотлари асосида ҳарбий эксперт Владимир Мухин 2007 йилда бу давлатларнинг ҳарбий сарф-харажатлари икки баробарга ўсишини ошкор этди.

Жаноб Мухин маълумотларига кўра, Қозоғистон ялпи ички маҳсулотининг атиги 1.2 фоизини ҳарбий эҳтиёжларига сарфлаётган эса-да, жорий йилда мамлакат армияси Марказий Осиё давлатлари ичида энг кўп 1 миллиард 220 миллион доллар олади. Қозоғистон иқтисодиётидан 5-6 марта кичикроқ бўлган Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 5 фоизини армияга сарфлайди. 2007 йилда Ўзбекистон армиясига 902 миллион АҚШ доллари ажратилади ва бу пулга қўшимча 370 дона танк, 909 дона зирҳли ҳарбий мошина, 139 дона самолёт ва 42 дона ҳарбий вертолёт сотиб олиш режалаштириляпти.

2005 йил 13 май куни Андижондаги норозилик намойиши ҳарбий куч билан бостириб, юзлаб қуролсиз намойишчилар ўлдирилганидан кейин Европа Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан қурол-яроғ эмбаргосини киритган эди. Стокгольмдаги тинчлик масалалари бўйича халқаро тадқиқот институти директори Алисон Бейлс ЕИ санкциялари Ўзбекистонни қурол-яроғ сотиб олишдан тўхтатмаганини айтди.

“Европа Иттифоқининг санкциялари Ўзбекистонни кўпроқ қурол-яроғ сотиб олишдан тўхтатиб қолдими, деб сўрасангиз бунинг жавоби аён. Йўқ тўхтатмади. Чунки Ўзбекистон қурол-яроғни Россиядан сотиб олаверди” - деди Алисон Бейлс.

Стокгольмдаги тинчлик масалалари бўйича халқаро тадқиқот институтининг сўнгги ҳисоботи ҳулосаларидан яна бири мамлакатлар қанчалик ривожланмаган ва қашшоқ бўлса, шунчалик кўпроқ қурол сотиб олгани ҳақида бўлди. Алисон Бейсга кўра, Ўзбекистон ҳам бу тоифадаги давлатларга киради.

“Агар мамлакат ўзини мудофааси учун зарур маблағдан кўра кўроқ сарфлаётган ва ички ғалаёнларни бостириш воситаларини сотиб олаётган бўлса, қайсидир маънода ўзидан ўғирлаётган бўлади. Чунки бу ҳолда ҳукумат мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши учун лозим пулдан юлиб олаётга бўлиб чиқади. Ўзбекистон ҳукумати ёрдам қўлини чўзаётган давлатлардан ва ташкилотлардан ўзини узоқлашаётган экан, бундай сиёсат катта йўқотишдир. Каримов буни йўқотиш деб ўйламаётган бўлса ҳам, мамлакат иқтисодиёти ва Ўзбекистон ҳалқи азият чекаётгани ҳақиқатдир” - дейди SIPRI директори А. Бэйлс.
XS
SM
MD
LG