Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:26

К.Мюррей: “Вилоятларда менга очиқчасига қизларни таклиф қилишарди”


АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни одам савдосига қарши етарли чора кўрмаётган давлатлар қаторига киритганидан кейин расмий Тошкент фикрини акс эттирувчи ахборот агентлиги АҚШ давлат котибига ҳужум қилди.

“Ўзингни гўлликка соляпсан, Кондолиза! АҚШ давлат котибининг ахлоқий қиёфаси ҳақида гапирмай қўяқолинг” сарлавҳали мақола муаллифи эътиборни Ўзбекистондаги одам савдоси муаммосидан АҚШ расмийларининг ахлоқига буришга ҳаракат қилган.

Мақолада АҚШ давлат котиби ўринбосари, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) раҳбари Рэндал Тобиаснинг фоҳишалар хизматидан фойдалангани билан боғлиқ бир ой аввалги жанжалли воқеа тилга олинади. Рендал Тобиас мижози бўлган “Pamela Martin and Associates” ширкати қўшмачилик билан шуғаллангани аниқланган ва бу ширкат АҚШнинг бир қанча юқори мартабали давлат мулозимларига жинсий хизмат кўрсатгани ҳам даъво қилинмоқда.

“АҚШ давлат котиби одам савдосига оид 2007 йилги ҳисоботида ўзининг ёнгинасида содир бўлган мазкур жирканж воқеани тилга олмаган”, - дейилади мақолада.

Ҳарқалай матбуот эркинлиги таъминланган АҚШда бу воқеа кенг жамоатчиликка ошкор бўлди. Бу иш юзасидан махсус текширувлар бошланиб, Рэндал Тобиас ишдан бўшатилди.

Лекин расмий Тошкент нуқтаи назарини ифодаловчи ахборот агентлиги эълон қилган мақола муаллифи Ўзбекистон ҳукумати мулозимларининг ахлоқий қиёфаси ва бу мамлакатдаги одам савдоси борасидаги вазият борасида яна лом-мим демаган.

Ўзбекистон давлат мулозимлари атрофида жинсий хизматлардан фойдаланганлик юзасидан жанжал кўтарилмайди.

“Лекин бу уларнинг шундай бир хунук амалларга қўл урмаслигини англатмайди, - дейди Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей ўзининг Ўзбекистондаги тажрибасига таянган ҳолда. - Ҳукумат вакиллари жинсий қулликка мажбурлаш мақсадида одам савдосига аралашгани борасида кўплаб далиллар мавжуд. Бошқа томондан ҳукуматнинг юқори мартабали расмийларининг ўзлари ҳам фоҳишалар хизматидан мунтазам фойдаланади”.

К.Мюррей ўзининг “Самарқандаги қотиллик” номли китобида Ўзбекистондаги ҳокимлар ўз меҳмондўстлигини кўрсатиш учун биринчи таклиф этадигани ўзбек қизлари билан жинсий алоқага киришиш эканини таъкидлайди. У элчи сифатида ўзининг Ўзбекистондаги фаолияти давомида бундай ҳодисаларга тез-тез гувоҳ бўлганини айтади.

“Ҳар гал янги вилоятга сафар қилганимда менга очиқчасига қизларни таклиф қилишар эди. Ишончим комил, кўпгина элчилар бундай тортиқлардан ҳазар қилмайди”, - деди К.Мюррей.

Ўзбекистон ҳукумати ва унга яқин доираларни фош этувчи бундан-да жиддий иддаолар қилинади. АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистон ҳукумати одам савдосига қарши етарли чора кўрмаётганига далил сифатида хорижда фоҳишалик билан шуғулланаётган минглаб ўзбекистонлик қиз борлигини эътиборга олиш кифоя.

Қўшни Қозоғистонда ўзбекистонлик қизлар оқими мамлакатда жинсий хизмат кўрсатиш нархини пасайтиргани айтилади. Фоҳишалик қилаётган ўзбекистонлик қизларни Россия, Форс кўрфази ва Жануби-шарқий Осиё давлатларида учратиш мумкин. Бу одам савдосининг ривожланиб кетганидан эмасми?

Ҳуқуқ-тартибот идораларининг имкониятлари кенг, чегаралардаги назорат кучайтирилган ва хорижга чиқиш визаси талаб этиладиган Ўзбекистонда бу ишни ким қила олади?

Ўтган йил 14 февралда Ўш аэропортидан Бирлашган Араб Амирликларига ижара парвозини амалга ошираётган “Боинг” русумли самолёт тўхтатилган эди. Авиалайнер салонида араб давлатларида фоҳишалик қилиш учун олиб кетилаётган 61 жувон бўлиб, улардан фақатгина икки нафари ўзбекистонлик бўлмаган.

К.Мюррей Ўзбекистонда одам савдоси давлат мутасаддиларининг тўлиқ назоратида амалга оширилишини даъво қилади.

“Гулнора Каримова Дубай амирининг ўғилларидан бири билан бирга бир сайёҳлик фирмаси тузгани маълум. Бу фирмани тузишдан кўзланган мақсад фоҳишалик қилиш учун ўзбекистонлик қизларни Дубайга етказиб туришдан иборат. Бу ҳақдаги маълумот Гулноранинг собиқ бизнес менежери томонидан ташқи хавфсизлик идорасига ва Конгрессга тақдим этилган. Шахсан ўзим мазкур компания орқали Дубайга бориб келган қизлар билан учрашганман. Уларнинг менга айтганлари мавжуд маълумотларни тасдиқлайди”, - деди К.Мюррей.

Одам савдосига ҳукуматга яқин одамларнинг алоқадорлиги анчайин жиддий иддаодир. Албатта, Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳам, айрим маҳаллий журналистлар ҳам уларнинг мутлақо ҳақиқатдан йироқлигини айтади. Шарофиддин Тўлаганов шундай журналистлардан биридир.

“Бунинг ортида ҳукумат турибди ёки ҳукумат етарлича курашмаяпти, деган гапларга мен умуман қўшилмайман. Бу муаммони Ғарбнинг ўзи туғдиряпти, айбини эса ўзига бўйсунмаётган давлатларга қўймоқчи бўляпти”, - дейди Ш.Тўлаганов.

Ш.Тўлагановнинг Ўзбекистонда одам савдосига қарши турли чора-тадбирлар кўрилаётгани ҳақидаги гаплари мамлакатдаги айни муаммони ҳал этиш устида ишлаётган нодавлат ташкилотлар вакиллари ҳам тасдиқламоқда. Лекин одам савдосида айбланиб судга тортилганлар ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. Одам савдоси ўта жирканж жиноят ва қонун билан тақиқланган бизнес тури бўлишига қарамай, унинг ўта даромадли эканини инкор этиб бўлмайди.

Крейг Мюррей таъкидича, Ўзбекистонда даромадли ҳар қандай соҳа ҳукуматга алоқаси бўлган одамлар томонидан монополиялаштирилади.
XS
SM
MD
LG