Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:19

Ўзбекистон ЕХҲТ анжуманида қатнашмаяпти


Ўзбекистон ҳукумати Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти парламент ассамблеясининг йиллик анжуманида иштирок этиш таклифини рад этди.

Анжуман 5 июль куни Киевда бошланди ва унда Ўзбекистондан ташқари ЕХҲТга аъзо 56 давлатдан келган 300дан зиёд депутат қатнашмоқда.

ЕХҲТ парламент ассамлеясининг йиллик анжуманлари ташкилот вакилларининг энг муҳим учрашувларидан биридир. Киевда иш бошлаган анжуманда 5 кун давомида барча давлатлар учун долзарб энергетик хавфсизлик, демократик ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари масалалари муҳокама этилиши кутилмоқда.

ЕХҲТ президенти Йоран Ленмаркер йил бошида барча Марказий Осиё давлатлари бўйлаб сафар қилди. У сафари давомида МО давлатлари расмийларини ЕХҲТнинг фаол аъзоси бўлишга чақирди, муаммоларни бирга муҳокама қилишни таклиф этди.

ЕХҲТ парламент ассамблеясининг матбуот вакили Клас Бергман Ўзбекистон ҳукумати анжуманда қатнашишни рад этганидан афсусда эканини айтди.

“Йиллар давомида Туркманистон анжуманларимизни рад этиб келган, лекин бу йили Туркманистон вакиллари ҳам анжуманга келди. Барча давлатлар таклиф этилганига қарамай, Ўзбекистон ҳукумати ҳеч қандай сабаб кўрсатмай, шунчаки вакилларини юбормади”, - деди Клас Бергман.

Собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошевнинг фикрича, Ўзбекистон ҳукумати ЕХҲТ анжуманини рад этиш билан ўзининг ташкилот доирасида бажармаётган мажбуриятлари юзасидан сўроқ қилинишни четлаб ўтмоқчи.

ЕХҲТнинг энг муҳим анжуманларидан бирида Ўзбекистон вакилларининг иштирок этмаётгани бу ташкилот билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик қай даражада эканини кўрсатувчи омиллардан биридир. Ўзбекистон аъзо бўлган биринчи халқаро ташкилот ЕХҲТ расмий Тошкент билан мулоқотни давом эттираётган кам сонли ташкилотлардан бири ҳисобланади. Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистондан чиқариб юборилиш хавфи остида ЕХҲТ ҳукумат билан келишилган қатъий мандат асосида фаолият юритмоқда.

АҚШнинг ЕХҲТдаги вакиласи Жулия Финлей “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ЕХҲТ Ўзбекистон билан жуда нозик сиёсат юритишга мажбур бўлаётганини эътироф этди.

Йил бошида Ўзбекистонга ташриф буюрган Жулия Финлей ўзига Ўзбекистонга кириш визаси берилганини Андижон воқеаларидан сўнг ёмонлашган алоқалардаги ижобий силжиш сифатида баҳолаган эди.

ЕХҲТ матбуот вакили Мартин Несирки бугунги кунда ташкилот ўз фаолиятини Ўзбекистон ҳукумати билан тўлиқ мувофиқлаштирган ҳолда олиб бораётганини таъкидлади.

“Ўзбекистонда биз ҳукуматнинг меҳмонимиз. Биз уларнинг таклифига асосан Ўзбекистондамиз. Ўзбекистондаги лойиҳаларимизни ҳукумат билан мувофиқлаштириш мақсадида улар билан яқиндан алоқадамиз”, - деди Мартин Несирки.

ЕХҲТ мулозими Ўзбекистон ҳукумати ташкилот доирасида олган мажбуриятларни қай даражада бажараётганига баҳо беришдан бош тортди. Бироқ жаҳондаги етакчи инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти - “Ҳьюман райтс уотч” Ўзбекистон ҳукумати ЕХҲТ доирасида олган инсон ҳуқуқларига оид мажбуриятига панжа орасидан қараётганини таъкидлаб келади. Лекин, афтидан, ЕХҲТнинг ўзи Ўзбекистондан демократик ва бозор иқтисодиёти ислоҳотларини амалга ошириш мажбуриятларини бажаришни қатъий талаб қилаётгани йўқ.
XS
SM
MD
LG