Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:24

ҲРУ Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан шуғулланишдан тўхтамоқчи эмас


Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жаҳондаги энг нуфузли “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг бирорта вакилига мамлакатда фаолият кўрсатишга рухсат бермаётир.

Бу ҳолат АҚШ нодавлат ташкилотларининг Ўзбекистондаги фаолиятига бирма-бир нуқта қўйган расмий Тошкент энг нуфузлиларини кейинроқ муддатга қолдириб келгандек таассурот уйғотади.

Мамлакатда 1996 йилда ваколатхонасини очган ҲРУ фаолиятини тўхтатиб қўйиш билан мунтазам қўрқитиб келинганди. Ташкилот вакилларига гоҳ мамлакатга кириш визаси берилмас, гоҳ аккредитацияси чўзилмай қолар эди. Лекин бу сафар Адлия вазирлиги ташкилотнинг янги вакили Мира Ридманга бирдан аккредитация бермади.

Эҳтимол бу аввалги пўписаларнинг давомидир? Ёки Ўзбекстон ҳукумати “Ҳьюман райтс уотч” фаолиятини тўхтатишга жиддий аҳд қилганмикин?

Афтидан, Ўзбекистон ҳукумати ҳам ҳозирча мазкур савол жавоблари очиқ бўлиб қолишини хоҳлаётгандек. Ҳар ҳолда ташкилотнинг янги вакилига аккредитация бермаган Адлия вазирлиги ҳозирча ўз қарорини изоҳлагани йўқ.

ҲРУнинг Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича директори ўринбосари Рэйчел Денбер Ўзбекистон ҳукуматини ўз қароридан воз кечишга чақирди.

“Умид қиламизки, юзага келган вазият ўз ечимини топади. Ўзбекистон ҳукуматини ўз қарорини ўзгартириб, янги вакилимизни аккредитациядан ўтказишга чақирамиз. Лекин Ўзбекистон ҳукумати чақириқларимизга қулоқ солмаса, билсинки, бу йўл билан бизни Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан шуғулланишдан тўхтата олмайди”, – деди Р. Денбер.

Айни пайтда Ўзбекистонни инсон ҳуқуқлари масаласида доимий мулоқотга чақириб келаётган Европа Иттифоқи ҳам бу давлатда ҲРУ фаолияти тўхтаб қолганидан хавотирда.

ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел ҲРУ фаолиятини тиклаш учун қўлидан келган барча ишни қилганини билдирди.

“Мен қўлимдан келган барча ишни қилиб кўрдим. Афсуски, бу масалада Ўзбекистон томони музокара ўтказиш кайфиятида эмас. Лекин бу масала кун тартибимизда экани борасида ҳеч ким шубҳа қилмасин”, - деди П.Морел.

Таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев фикрича, ҲРУнинг Ўзбекистондаги фаолияти чекланиши ҳам мамлакатдаги вазиятга, ҳам ҳукуматнинг халқаро обрўсига путур етказади.

ҲРУ Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти борасидаги кескин чиқишлари билан танилган. Андижон воқеалари бўйича тайёрланган кенг қамровли ҳисоботида ташкилот бу воқеаларга илк бор “қирғин”, дея таъриф берган эди.

Ўзбекистон ҳукумати мазкур хулосаларни бўҳтон ҳисобласа-да, АҚШнинг Ироқдаги ҳаракатларини қоралашга келганда айнан ҲРУнинг ҳисоботларига таянади. ҲРУ айнан ўзининг холислиги туфайли инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўйича дунёдаги энг нуфузли ташкилот саналади.
XS
SM
MD
LG