Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:28

Рашид Мередов Тошкентга келяпти


Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедовнинг махсус топшириғи билан 29 август куни мамлакат ташқи ишлар вазири Рашид Мередов бошчилигидаги делегация Тошкентга келади.

Туркманистон телевидениесининг бу ҳақдаги хабарида сафардан кўзланган асосий мақсад икки давлат раҳбарларининг октябрь ойига белгиланган учрашуви олдидан имзоланадиган ҳужжатларни якуний шаклга келтириш экани айтилади.

Туркман делегацияси таркибида Р.Мередовдан ташқари мамлакат божхона хизмати бошлиғи ва турли вазирликларнинг юқори мартабали вакиллари ҳам бўлади. Бу ўтган ойда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норовнинг Ашхободга қилган сафарига жавоб ташрифидир.

Туркманистоннинг собиқ президенти Сапармурод Ниёзовнинг ўлимидан сўнг мамлакат янги тарихий эврилишлар даврига кирди. Янги президентнинг мақсадларидан бири дунё ҳамжамияти, айниқса, қўшни постсовет давлатлар билан янги алоқаларни ўрнатиш экани айтилади. Узоқ йиллар давомида Ашхобод билан совуқ муносабатда бўлган Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас.

Швецияда чиқадиган “Марказий Осиё ва Кавказ” журнали бош муҳаррири Мурод Эсеновнинг айтишича, Ўзбекистон томони ҳам Туркманистоннинг янги раҳбарияти билан нормал муносабатларни тиклаш мумкинлигини англамоқда.

“Менимча, бу икки давлат ўртасидаги барча, жумладан, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ҳам, муносатлар яхшиланишининг бошланишидир. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида кўплаб муаммолар ечимсиз қолаётганини ҳам эътироф этиш керак”, - деди М.Эсенов.

Туркманистоннинг аввалги раҳбарияти билан чегара, сув тақсимоти, юк транзити ҳамда Кўкдумалоқ газ конини биргаликда ўзлаштириш бўйича тегишли ҳужжатлар имзоланган эди.

“Бироқ томонлар бу келишувларга риоя қилмаган. Шунинг учун давлатлар ўртасидаги муаммолар жуда кўп, ҳозирча мавжуд ҳеч бир муаммо ҳал этилмаган”, - дейди Мурод Эсенов.

Бироқ энди Ўзбекистон ва Туркманистоннинг стратегик манфаатларига хизмат қилувчи қўшма энергетика лойиҳалари ҳам пайдо бўлди. Икки давлат раҳбари Хитойга газ қувури қуриш лойиҳасини қўллаб-қувватлади.

“Хитойга газ қувури қурилиши Ўзбекистон тарихидаги энг йирик инвестициявий лойиҳа бўлиши мумкин”, - дейди “Ўзбекнефтгаз” компанияси мулозимларидан бири.

Лондондаги Халқаро муносабатлар қироллик институти тадқиқотчиси Ширин Акинер Марказий Осиёнинг уч мамлакатидан Хитойга ўтувчи газ қувури минтақа давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантиришини башорат қилади.

“Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида кўплаб жиддий муаммолар ҳал этилиши керак. Улар бир кечада ҳал бўлмаслиги ҳам аниқ. Давлатлар иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш йўлидан борса, сиёсий келишмовчиликлар ҳам йўл-йўлакай йўқолиб боради”, - дейди Ш.Акинер.

Туркманистонда биргина Сапармурод Ниёзовнинг бевақт ўлими мамлакат янги раҳбарияти олдида янги истиқболларни очгандек. Бироқ кўп йиллар давомида Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларга совуқлик тушишига фақатгина С.Ниёзов айбдор бўлмагани ҳам аниқ.
XS
SM
MD
LG