Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:25

Рашид Мередов Оқсаройда меҳмон бўлди


Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедовнинг махсус топшириғи билан 29 август куни мамлакат ташқи ишлар вазири Рашид Мередов бошчилигидаги делегация Тошкентга келди.

Тошкентда у Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан музокара ўтказди, сўнг президент Ислом Каримов томонидан қабул қилинди.

Туркман ташқи ишлар вазири сафаридан кўзланган асосий мақсадлардан бири икки давлат раҳбарларнинг Ашхободда октябрь ойига белгиланган учрашуви олдидан имзоланадиган ҳужжатларни якуний шаклга келтириш экани айтилмоқда.

Туркман делегацияси таркибида Р.Мередовдан ташқари мамлакат божхона хизмати бошлиғи ва турли вазирликларнинг юқори мартабали вакиллари ҳам бор. Бу ўтган ойда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норовнинг Ашхободга қилган сафарига жавоб ташрифидир.

Туркманистон собиқ президент Сапармурод Ниёзов ўлимидан сўнг янги тарихий эврилишлар даврига кирди. Янги президентнинг мақсадларидан бири дунё ҳамжамияти, айниқса, қўшни постсовет давлатлар билан янги алоқаларни ўрнатиш экани айтилади. Узоқ йиллар давомида Ашхобод билан совуқ муносабатда бўлган Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас.

“Менимча, бу икки давлат ўртасидаги барча, жумладан, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ҳам, муносатлар яхшиланишининг бошланишидир.” - деди Швецияда чиқадиган “Марказий Осиё ва Кавказ” журнали бош муҳаррири Мурод Эсенов.

Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги муносабатлар, айниқса, 2002 йилда Туркманбошига суиқасд қилишга уринишдан сўнг жуда ёмонлашган эди. С.Ниёзов ўзбек халқига ҳеч қандай эътирози йўқлигини таъкидлаб, Ўзбекистон ҳукуматини, унинг таъбири билан айтганда, террорчи Борис Шихмуродовга бошпана берганликда очиқдан-очиқ айблаганди.

Ўз навбатида, президент И.Каримов ўз чиқишларидан бирида қўшни давлат раҳбари ўз мамлакатида хонлик тузумини ўрнатганини киноя қилган эди.

Кейинчалик Туркманистон хавфсизлик хизмати томонидан қўлган олинган туркман мухолифати етакчиси Б.Шихмуродов президент ҳаётига суиқасд уюштиришда айбланиб узоқ йиллик қамоққа ҳукм этилганди. 2004 йилга келиб эса президентлар Каримов ва Ниёзов Бухорода учрашиб, икки давлат ўртасида барча мунозарали масалалар ҳал этилганини эълон қилган эди.

Туркманистоннинг аввалги раҳбарияти билан чегара, сув тақсимоти, юк транзити ҳамда Кўкдумалоқ газ конини биргаликда ўзлаштириш бўйича тегишли ҳужжатлар имзоланган эди.

“Бироқ томонлар бу келишувларга риоя қилмаган. Шунинг учун давлатлар ўртасидаги муаммолар бугунги кунгача мерос бўлиб қолган”, - дейди Мурод Эсенов.

И.Каримовнинг Туркманистонга октябрь ойига режалаштирилган сафари давомида ҳам давлатлар ўртасида энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва туризм соҳаларида икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Бугунга келиб Ўзбекистон ва Туркманистоннинг стратегик манфаатларига хизмат қилувчи қўшма энергетика лойиҳалари ҳам пайдо бўлди. Икки давлат раҳбари Хитойга газ қувури қуриш лойиҳасини қўллаб-қувватлади.

Баъзи кузаутвчилар бу қувур Ўзбекистон ва Туркманистонни ўзаро муносабатларни рағбатлантиришга ундашини таъкидлаётир.

Шунга қарамай, расмий Тошкент Ашхободнинг Туркманбошидан кейинги янги хўжайинлари билан муносабатлар истиқболлари ҳақида ҳозирча гапирмасликни афзал кўрмоқда.
XS
SM
MD
LG